Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:53

Ўзбекистон ҳукумати "SMS" инқилобидан чўчимоқда


Ўзбекистон расмийлари мамлакат ёшларида "мафкуравий иммунитет" яратиш мақсадида Интернетни янада кучлироқ назорат остига олмоқчи.
Ўзбекистон расмийлари мамлакат ёшларида "мафкуравий иммунитет" яратиш мақсадида Интернетни янада кучлироқ назорат остига олмоқчи.

Ўзбекистонда ҳукуматнинг оммавий тарзда SMS ёзишмалари ҳамда Интернетдаги Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни назорат қилиш уринишлари кузатилмоқда. Тошкент ҳукуматини Яқин Шарқдаги инқилобларнинг Ўзбекистонга кўчиши эҳтимоли хавотирга солаётган кўринади, дейди кузатувчилар.


Ўзбекистонда ҳукуматнинг оммавий тарзда SMS ёзишмалари ҳамда Интернетдаги Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни назорат қилиш уринишлари кузатилмоқда.

Тошкент ҳукуматини Яқин Шарқдаги инқилобларнинг Ўзбекистонга кўчиши эҳтимоли хавотирга солаётган кўринади, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мамлакатдаги уяли телефон ширкатларидан "шубҳали" оммавий SMS ёзишмалари ҳақда билдириб туришни сўраган.

Москвада чиқадиган "РБК daily" нашри бу ҳақда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги манбага таяниб хабар қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги республикадаги операторларни ҳукуматнинг биринчи талаби билан уяли алоқа хизматини ўчиришни талаб қилгани ҳақида ёзган "РБК daily".

Интернет ҳизматини амалга оширувчи операторларга эса Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни кузатиб бориш топширилган.

"РБК daily"нинг ёзишича, ҳукуматнинг бу ҳақдаги расмий кўрсатмаси уяли телефон ширкатларига 14 март куни келиб тушган.

Ҳозирча Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги расмийлари бу борада изоҳ билдиришмади.

"РБК daily" журналисти Елизавета Сергина бу ҳақда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидаги ишончли манбаадан маълумот олганини айтади.

"Лекин мен бу манбаани ошкор эта олмайман. Лекин Ўзбекистондаги уяли телефон ширкатидаги ҳамда агентликдаги манбаа буни тасдиқлади", - деди "РБК daily"да босилган мақола муаллифи Сергина.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда уяли телефон ва Интернет тармоқларининг назоратга олиниши Яқин Шарқдаги инқилоблар тўлқини билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тунис, Миср ва Ливияда ҳукуматга қарши норозиликлар айнан интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали мувофиқлаштирилган эди.

"РБК daily" журналисти Елизавета Сергина фикрича, Ўзбекистонда ҳукумат айнан SMS ёзишмаларни назоратга олишга уринаётгани бежиз эмас.

"Ўзбекистонда Facebook, Twitter каби социал тармоқлардан нисбатан кам одам фойдаланади шу боис бу ерда ҳукумат учун хавф йўқдек. Лекин, бу мамлакатда SMS орқали оммавий жўнатмалар юбориш имконлари катта. Сабаби Ўзбекистон аҳолиси орасида уяли телефон кенг тарқалган, қолаверса телефон ҳизматлари нархлари ҳам арзон. Мени назаримда айнан шу боис Ўзбекистон ҳукумати SMS ёзишмаларни назоратига олмоқчи", - дейди Елизавета Сергина.

Ўзбекистондаги йирик уяли телефон тармоғи ҳисобланган МТС ширкати вакили Бобур Назарзаде SMS ёзишмаларни назорат қилиш ҳақида кўрсатма бўлганини тасдиқламади, инкор ҳам этмади.

"Бизда бу масала бўйича маълумот йўқ", - деди МТС ширкатининг Ўзбекистондаги вакили.

Билайн номи остида Ўзбекистонда фаолият юритувчи Россиянинг иккинчи йирик уяли телефон ширкати Вимпелком вакили эса: "Биз бу маълумотни тадиқламаймиз. Вимпелком ширкати бу борада расмий кўрсатма олмаган", - деди.

"РБК daily" журналисти Елизавета Сергинанинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматидан кўрсатма бўлган ва россиялик уяли телефон ширкатларининг бу кўрсатмага амал қилмасдан иложи йўқ.

"Ўзбекистондаги россиялик операторлар Туркманистонда бўлгани каби холат такрорланиши, яъни лицензиядан махрум қилинишдан чўчишади. Яқинда Туркманистон ҳукумати МТС ширкати лицензиясини узатирмаган ва ширкат бу мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди", - дейди Елизавета Сергина.

Айни пайтда Тошкентда 14 март куни ўтказилган матбуот анжуманида ўзбек расмийлари тарафидан Интернетдаги ахборотларни "филтр"дан ўтказиш таклифлари илгари сурилган.

Бу ҳақда хабар қилган CA-news нашрига кўра, Ўзбекистон Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари вакиллари мамлакат ёшларида "мафкуравий иммунитет" ҳосил қилишга ёрдам бериш мақсадида шундай чора қўллаш зарурати ҳақида гапирганлар.

Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчилар ҳозирда Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқлар очиқ экани, лекин у ердаги муайян мавзулардаги форумларга кириш қийинлашганини айтишади.

Ўзини Юлдуз деб танитган 18 яшар ўзбекистонлик қиз бу ҳақда Озодлик радиосига гапирди.

"Ҳа тўсиқ сезилади, айрим сайтлада кириш қийин бўлади. Бир ҳиллари, масалан Однокласники сайти бир ҳил пайтлада умуман ишламай қолади. Лекин, Facebook да бунақа қийинчилик бўлмаган. Ҳар доим кирамиз. Лекин, киролмасак кирмиймиз, кутамиз очилишини. Бир ҳил сайтлани умуман очиб бўлмайди. Яқинларимдан, дўстларимдан очиб беришни сўраб ёрдам сўрайман", - деди Юлдуз.

28 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони етти миллиондан ошади.

"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти ушбу хафта Ўзбекистонни "Интернетнинг ашаддий душманлари" бўлган мамлакатлар қаторига киритди.
XS
SM
MD
LG