Линклар

Қирғиз қайнона мактуби

  • Сарвар Усмон

Сабира эжа ўзбек келини Зилолани қраши олмоқда.

Сабира эжа ўзбек келини Зилолани қраши олмоқда.

Ўзбек қизи Зилола қирғиз йигит Арстан билан турмуш қургани тўғрисида куни кеча хабар қилган эдик. Ўш вилояти, Қорасув туманидаги Сарой қишлоғида бўлиб ўтган тўй тўғрисида радиомизнинг қирғиз хизмати ҳам ўз тингловчиларига ҳикоя қилди.


Бугун ҳамкасбларнинг сайтига кирсам, Зилола билан Арстаннинг тўйи тўғрисидаги мақола энг кўп ўқилган мақолалар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Аввал мақолани, кейин муштарийлар қолдирган шарҳларни ўқидим.

Шарҳ қолдирганлар орасида Ўшда яшайдиган Сабира эжа ҳам бор экан.

Эжанинг шарҳини бизнинг муштарийлар ҳам ўқишини истадим.

Нега?

Негалигини билмайман.

Балки биларман ҳам.

Лекин "биламан", деб тан олиб қўйсам, айтишимга тўғри келади – биламан, дедим – тутилдим, билмайман, дедим – қутулдим.

Шунинг учун билмайман нима учун Сабира эжанинг шарҳини Сизга илинаётганимни.

Орангизда қирғизча ўқиёлмайдиганлар кўплиги учун шарҳни тилимизга ўгирдим.

Ўшликлар тили билан айтганда, "омалекин" ҳалол таржима қилдим. Эжанинг сўзларигина эмас, усулиниям сақлаб қолишга уриндим.

Мана энди, ўқингу ўзингиз хулоса қилаверинг.

Демак, Сабира эжа ёзади:

"Бахтли бўлинглар. Албатта, севги миллат танламайди-да. Ҳар-хил ёлғон-яшиқ, қирғиз-ўзбекни ёмонлаган қора ният одамлар оилага дарз етказиб қўйиши мумкин. Шунинг учун ундай гапларга эътибор бермай бахтли бўлинглар.

Энди буларнинг болалари қирғиз, деб ёзилади. Шундай қилинса, кейин муаммо ҳам бўлмайди. Ўзбек қизлар қирғиз йигитларга ўйланмай турмушга чиқсаям бўлаверади.

Масалан, менинг куёв болам ўзбек йигит. Жудаям имонли, меҳрибон йигит. Қизимни гулдай боқади. Оғир ишларга йўлатмайди. Болаларим, деб эмачаги узилади. Уйларини, ҳовлиларини топ-тоза ушлайди, гуллатиб қўйган. Қизим эркалаб уй ичидаги ишларнигина қилиб яшайди. Кўз тегмасин. Қараааб ўтириб, доим рози бўламан.

Ўз болаларимдан ҳам ўша ўзбек куёв боламнинг муомаласи яхши. Қандай ишимиз бўлмасин, биринчи бўлиб келиб, битириб бериб, ҳаммамизни ҳурмат қилиб туради. Иш чиқиб қолса, болаларимизга айтишдан олдин куёв боламизга айтиб битирамиз. Чунки ҳеч қачон йўқ демай, қовоғини солмай, кечаси билан бўлса ҳам битириб, эрталаб ишига кетади.

Шу кунгача қизимга бир марта бўлсин қўл кўтарган эмас. Топганини уйига ташийди, уйларини обдон ясатиб қўйган. Қизим учун ҳамма шароитни яратиб берган. Оғир иш қилдирмайди, кетмон ушлатмайди қизимга. Ҳовлидаги иш меники, уй ичидаги сеники, деб қизимни авайлаб туради.

Қизим бўлса, аксинча, озгина нарсагаям димоқ-фироқ қилади, ҳунар кўрсатади. Ўшандаям куёв болам кулиб, ҳазил-ҳузул билан қизимнинг кўнглини олишга уринади. Бунақа йигит мингтадан битта бўлса керак.

Қизим бирон мартаям уришдик, деб уйимга кириб келганмас. Уйига қачон бормай, куёв болам ўйнаб-кулиб кутиб олади, ўз қўли билан ош дамлаб, кабобларни пишириб беради.

Унга қараганда, катта қизим турмушга чиққанидан бери қош-кўзи кўкариб, болаларини етаклаб, урди, деб уйга кўп йиғлаб келган. Бу нима қилганинг, деб уйига борсам, чой қўйиш у ёқда турсин, айб қизингизда деб керилади. Ҳа, аттанга, дейман. Оила бўлганидан кейин муштумзўрлик қилмай иноқ-аҳил яшашса бўлмайдими, деб койиймиз.

Кичик қизим йигитим ўзбек деб айтганида аввалига жудаям қарши бўлган эдик. Энди эсласам уяламан, куёв боламнинг олдида гуноҳкордай ҳис қиламан ўзимни. Ўзимча, ҳозир қизим айниб, қирғизга тегаман деб қолса, Худо етказган шундай куёвнинг қадрига етмаган сенми, деб туриб ўзим бошини ёриб ташлайман, деб ўйлайман.

Уларнинг 3 ўғли бор. Лекин тўполондан кейин қизим болаларимнинг миллатини қирғиз деб ёздирмасам кейин ҳеч қаерга ишга олмай қўйишади, келажаги тор бўлиб қолади, деган хавотирда. Шундайкуя, лекин куёв боламнинг дили оғриб қолса нима бўлади, деб қизимни тўхтатиб турибман.

Қирғиз, деб ёздирмасам мактабни битиртириб чет элга жўнатишга тўғри келади, Қирғизистонда уларнинг келажаги йўқ, деб безиллайди. Куёв болам бу ҳақда нима фикрдайкин, билмайман. Шунинг учун паспорт берганда миллатини ёзмай, бошқа мамлакатларга ўхшаб Қирғизистонлик деб қўйишса бўлмайдими. Бу масала бир кўтарилдию тўхтаб қолди. Қандай ҳал қилинадиган бўлдийкин-а?"

Сабира эжанинг мактуби шу ерда тугади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG