Линклар

logo-print

Япон элчиси президент Каримовга миннатдорчилик билдирди


15 март куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёсихиса Курада президент Ислом Каримовнинг табиий офат туфайли жабр кўрган япон халқига ҳамдардлик билдиргани учун, чуқур миннатдорчилик изҳор қилди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтига кўра, Ёсихиса Курада “япон халқи учун мушкул бир вазиятда, Ўзбекистон томонининг ўз вақтида муносабат билдириб, табиий офат зарарларини бартараф қилишда ёрдамга тайёрлигини айтганини япон томони юқори баҳолаши”ни айтган.

11 март куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Япония Бош вазири Наото Канга телеграмма йўллаб, табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар ва жабр кўрганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, япон халқига бардамлик тилаган эди.

“Ўзбекистонда Япониянинг йирик минтақалари фалокатли зилзила ва унинг оқибатида вужудга келган вайронкор довул гирдобида қолгани ҳақидаги хабар чуқур қайғу билан қабул қилинди”, дейилади ҳамдардлик телеграммасида.

Японияда зилзила ва цунами натижасида нобуд бўлганлар ва бедарак кетганлар сони 11 мингдан ошди. Ярим миллион аҳоли бошпаналаридан ажралди. Айни пайтда мамлакатда ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаяпти.
XS
SM
MD
LG