Линклар

15 март куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида юзга яқин киши ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга берилган жазо кучида қолишини талаб қилиб митинг ўтказди.

Намойиш иштирокчилари туманда “Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаровни озодликка чиқарармиш” деган гаплар тарқалгани уларни митинг ўтказишга ундаганини айтишади.

- Жабрланган 15 милиция гапираяпти, жабр тортган, ўша ердаги ишларни кўрган-билганлар ҳаммасини айтишаяпти. Нега биз милиционерларга, кўрган-билганларга ишонмаслигимиз керак? Асқаровга ўхшаганларни чиқариб юборсак, эрта-индин улар яна тўполон чиқармаслигига ким кафолат бера олади? “Жазосиз қоламиз экан” деб, яна кўтарилиб чиқишади. Ҳукумат ҳам, бошқаси ҳам гапимизни эшитмаяпти. Воқеа бўлганига 9 ой бўлди. Биз 9 ойдан бери йиғлаймиз, нега бизнинг додимиз ҳеч кимга етмайди? - деди митинг иштирокчиларидан бири, ўтган йили июн воқеаларида вафот этган Бозорқўрғон туман ички ишлар бошқармаси участка нозири Миқтибек Сулаймановнинг беваси Чинара Бечелова.

Марҳум милиция ходимининг акаси Нурмамат Сулайманов Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров жиноят ишини атайлаб тўхтатган, деб ҳисоблайди:

- Мен Олий судга бориб қатнашиб келдим. Адвокатлар чивин қўндиришмаяпти. Буларда гуноҳ йўқ дейишяпти. Гуноҳи бўлмаса минг одамнинг ичидан нега айнан шуларни олиб бориб қамашади. Ҳукм чиқармай ушлаб туришибди, Азим Асқаров деган ҳуқуқ ҳимоячи экан, шуни чиқарамиз, деган ҳаракат бўлаяпти, - деди Нурмамат Сулаймонов.

Эслатиб ўтамиз, Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июн ойида бўлиб ўтган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум этди.

Айни пайтда судланувчилар, шу жумладан, Азимжон Асқаров ўтган барча маҳкамаларда ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилган.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ташкилотлари жалолободлик ҳуқуқ фаолининг айбсиз эканини, унга нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсий қарор эканини таъкидлаб келадилар.

8 март куни Прагада бошланган Яхлит дунë фестивали очилиш маросимида Чехиянинг Фалокатдаги одамлар ноҳукумат ташкилоти Қирғизистон қамоғида умрбод қамоқ жазоси ўтаëтган ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни Homo Homini мукофоти билан тақдирлади.

Аснода Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров ва яна етти нафар ўзбекнинг аппеляция судини 8 феврал куни номаълум муддатга кечиктирган.

Шу муносабат билан 15 март куни Жалолободда митинга чиққан одамлар олдига чиққан Бозорқўрғон туман ҳокими Қубатбек Артиқов, митинг иштирокчилари талабларини Олий суд ва Қирғизистон президентига етказишга ваъда берди.

Айни пайтда “Фуқаролар коррупцияга қарши” ташкилоти раҳбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейқан Исмаилова кеча Жалолободда бўлиб ўтган митингни “адолат излаётган одамларни қўрқитиш ва ҳукуматга босим” сифатида баҳолади:

- Агар кимдир ноқонуний талаблар билан митингга чиқса, уларга тушунтириш керак ва фақат суд ким айбдор ёки айбсизлиги тўғрисида қарор чиқариши керак. Биз Олий суддан адолатли маҳкама кутамиз, - деди Тўлейқан Исмаилова.

Тўлейқан Исмаилова Азимжон Асқаров ва унинг оқланишига қарши чиқаётган жабрланувчи томонни адолатсиз тузум қурбонлари бўлганини айтар экан, Қирғизистон ҳукумати, шу жумладан, “Жасоратли аёл” мукофотига сазовор бўлган президент Роза Ўтунбаева бу маҳкаманинг Қирғизистонда истиқомат қилувчи 80 дан ортиқ миллат вакилларига қурбонларнинг миллати бўлмаслигини кўрсатувчи, барча томонларга тенг ҳуқуқ берилган намунали маҳкама бўлишини таъминлаши керак, дея фикр билдиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG