Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:23

CASA – 1000 лойиҳасинининг истиқболлари қандай?


Тожикистон қуриб битказишни орзу қилаётган Роғун ГЭСи ҳозирча макетда қолаётган бўлса-да, кўп йиллардан бери Тошкент билан Душанбе ўртасидаги мунозараларнинг асосий сабабчисидир.
Тожикистон қуриб битказишни орзу қилаётган Роғун ГЭСи ҳозирча макетда қолаётган бўлса-да, кўп йиллардан бери Тошкент билан Душанбе ўртасидаги мунозараларнинг асосий сабабчисидир.

Тожикистон CASA – 1000 лойиҳаси доирасида Роғун ГЭСини қуриб битказишга қанчалик уринаётган бўлса, Ўзбекистон ҳам шунчалик унга қарши чиқиш учун барча воситаларни ишга солишга тайёрлигини намойиш этмоқда. Тошкент ва Душанбе ўртасидаги баҳсга Покистон томонини олаётган АҚШ ҳам қўшилди.


Покистоннинг ўзи эса афтидан ҳозирча аниқ бир қарорга кела олмаган.

Покистонда чоп этиладиган нуфузли “Dawn” газетасининг мухбири Ҳолиқ Киани Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси Покистон ҳукуматига топширган мактубини таҳлил қилган. Унинг Озодликка айтишича, Покистон ҳукумати Ўзбекистон таклифларини ўрганиб чиқмоқда, аммо ҳозирча сўнгги қарорини берган эмас.

- Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш муаммо экани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис Тожикистондан Покистонга электр узатадиган узун линияни қуриш режаси ҳар доим хатарли саналган. Покистон ҳам ГЭС қурилиши борасида Ҳиндистон билан баҳслашиб келмоқда. Бу Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсга ўхшайди. Покистон ҳам дарёнинг қуйи қисмида жойлашган давлат ва Ҳиндистонда амалга оширилаётган лойиҳалар Покистонга таъсир этмоқда. Айни пайтда, гидроиншоотларнинг трансчегаравий экологик оқибатларини ўрганиш Покистон ва Ўзбекистон учун жуда муҳим. Чунки Ўзбекистон мустақил экспертлар хулосасини талаб қилмоқда. Покистон эса атроф-муҳит масаласида Ҳиндистон лойиҳаларининг қурбони бўлмоқда. Бу икки давлат вазиятининг ўхшашлиги,- дейди покистонлик журналист.

Хабарларга кўра, Покистоннинг ўзида айрим сиёсий гуруҳлар Марказий Осиёдан Афғонистон орқали электр энергиясини сотиб олиш режасига қарши чиққан. Уларнинг фикрича, Тожикистондан электр энергиясини сотиб олиш Покистоннинг Ҳиндистон билан тортишувларига салбий таъсир этиши мумкин.

Бироқ Тожикистоннинг Покистондаги элчиси Зубайдулло Зубайдовнинг Озодлик радиосига айтишича, Покистоннинг хориждан электр энергиясини импорт қилишдан ўзга чораси йўқ.

Тожикистон элчиси Зубайдов фикрича Покистон электр энергияси импортига мухтож.
- Покистонда йилига 7-8 миллиард мегаватт электр энергиясига эҳтиёж бор. Бу талабни ҳатто келаси 5-10 йил давомида мамлакат ичкарисида ГЭСлар қурилса ҳам, қондириш имконсиздир. Шунинг учун Покистон, шубҳасиз, электр қувватини қўшни давлатлардан сотиб олишга мажбур, шу жумладан CASA – 1000 лойиҳаси доирасида ҳам. Покистондаги барча йирик сиёсий партиялар ва уларнинг раҳбарлари бу лойиҳани қўллаб қувватламоқда,- деди Тожикистоннинг Исломободдаги элчиси.

Яқиндан бошлаб, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сув-энергетика тортишувига АҚШ ҳам билвосита аралаша бошлади. 22 феврал куни минтақага сафар қилган АҚШ Сенатининг махсус гуруҳи Сенатнинг нуфузли Ташқи алоқалар қумитасига Покистоннинг Тожикистондан электр энергиясини сотиб олиш режасини қўллаб-қувватлашни тавсия этди.

Мутахассилар тақдим этган ҳисоботда Роғун тўғони Тожикистонинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, АҚШ манфаатлари доирасида бўлган Афғонистон ва Покистонни электр билан таъминлашга ёрдам бериши мумкинлиги айтилади. Айни пайтда, ҳисоботда Ҳиндистон қураётган Кишенганга тўғони “мунозарали” деб аталган.

Америкалик мутахассислар Роғун лойиҳасининг сув оқимига таъсири тўғрисида шу пайтгача мустақил хулоса берилмаганини ҳам эътироф этишган.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг айнан ана шу сабабдан Ўзбекистон ҳукумати Тожикистоннинг энергетик лойиҳалари борасида ташвиш билдиришга ҳақлидир, дейди.

- Ўзбекистоннинг мана шу бўлажак лойиҳа бўйича билдирган ташвишлари назаримда жуда ҳам ўринли. Гап шундаки, Ўзбекистон билан Тожикистон орасидаги Роғун ГЭСга тааллуқли бўлган ўша масала очиқлигича қолаяпти бугун. Бу можаровий ҳолат деб ҳисобланади ва бу масала бўйича халқаро экспертизаларни ўтказиш тўғрисида мурожат қилганмиз халқаро ҳамжамиятга ва бундай текширувлар, экспертизалар кутилмоқда. То шундай экспертизалар, текширувлар тугамаган экан можаровий ҳолат сақланаяпти, сақланиб келаяпти деб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан мана шу можаро туғдираëтган ГЭС ҳақидаги ëки ГЭС билан боғлиқ бўлган барча шартномалар ҳам албатта можаровий ҳолатни фақатгина кучайтириши мумкин, камайтирмайди. Шу нуқтаи назардан мана шу конрет проект, яъни Тожикистон ҳудудидан Покистонга электр тармоғини ўтказиш ва электр энергиясини сотиш ҳақидаги шартнома албатта Ўзбекистоннинг ташвишини уйғотиши, кучайтириши табиий. То халқаро баҳо берилмаган экан, бўлажак Роғун ГЭС тўғрисида Роғун ГЭСи билан боғлиқ бўлган бошқа қўшимча шартномалар ҳам ташвиш уйғотаверади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг мурожаатини, берилган хатини тушунса бўлади,- дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистонга топширган мактубида CASA – 1000 лойиҳасига Туркманистон ва Қозоғистон ҳам қарши чиқаётгани қайд этилади.

Қозоғистондаги атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Табиат” номли ноҳукумат ташкилоти раҳбари Мэлс Элеусизов, Қозоғистонда икки ҳафтадан кейин ўтказиладиган президентлик сайловига номзодлардан биридир. Унга кўра, Тожикистон минтақа давлатлари билан маслаҳатлашган ҳолда ўз энергетик муаммосини ҳал этиши лозим.

Мэлс Элеусизов: Роғун ГЭСи ёрилиб кетса, сув Ўзбекистоннинг ярмини ювиб кетиши мумкин.
- Японияда юз берган воқеага эътибор қаратинг. Зилзила ҳатто Атом станциясини бузиб юборди. Тожикистон баланд тоғли ҳудудда жойлашган. Юқори сейсмик фаол минтақада жойлашган. Кучли зилзила рўй бериш пайти яқинлашаётган бўлиши мумкин. Ҳар юз йилда кучли зилзилалар бўлиб туради. Ҳозир глобал иқлим ўзгармоқда. Бу ҳам зилзилалар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар Роғун ГЭСи платинаси ёрилиб кетса, сув Ўзбекистоннинг ярмини ювиб кетиши мумкин. Сув, энергетика ва бошқа қатор масалаларни ўзаро келишиб ҳал этиш мумкин. Ҳозиргидек бир давлат якка ўзи бир нарса қилишга уринишини мен нотўғри, деб ҳисоблайман. Платина ёрилиб кетиши хавфи бор. Бундан ташқари гидроиншоот қурилса, сув омбори сувга тўлгунича фойдаланилаётган сув камаяди, дарёлар сувсиз қолади. Буларнинг ҳаммаси дўстлик, бир-бирини тушуниш орқали ҳал этилиши лозим. Тожикистон эски лойиҳа билан ўз муаммоларини ҳал қилишга уриниши натижа бермайди. Покистон тоғларида ҳам дарёлар бор. Покистон ўзини электр билан таъминлаши учун ГЭС қурилишига ёрдам бериш вариантини мен принципда қўллаб қувватлайман,- дейди Мелс Элеусизов.

CASA – 1000 лойиҳаси доирасида Покистонга йилига 300 мегаватт электр қуввати етказиб беришни мўлжаллаб турган яна бир давлат Қирғизистондир.

Аммо Қирғизистоннинг ўзида бу масала Тожикистондаги каби катта эҳтиросларга сабаб бўлаётганини йўқ. Бунинг сабабини "Қирғизистон миллий электр тармоғи" компаниясининг собиқ бош директори Раимбек Мамиров лойиҳанинг фақат узоқ истиқболда амалга ошиши мумкинлиги билан изоҳлади.

Раимбек Мамиров ҳозирда МДҲ ҳамда Марказий Осиёнинг энергетика кенгашларларининг аъзосидир.
- Афғонистондаги нотинчлик боис, бир, икки ёки уч йилдан кейин бу масала (лойиҳа) амалга ошади деб айтишга мен асос кўрмаяпман. Ўзбекистон (Покистонга) электр экспорт қилинишига эрта қарши чиқмоқда. Агар масалага реал қарасак, эртадан бошлаб ҳужжатлар тайёрлаш ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ва бошқа ишлар бошланса, Покистонга электр етказиб бериш учун беш йил керак бўлади. Барча муаммолар ҳал этилган тақдирда ҳам, беш йилдан кейин Афғонистонда барқарор вазият қарор топадими ва бу мамлакат орқали электр линияси қуришнинг имкони борми, деган савол ўртага чиқади. Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига кафолат борми? Бугун америкаликлар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни режалаётганини эшитдим. Агар Америка қўшинлари олиб чиқилса, электр узатадиган линиядан ишончли фойдаланиш мумкинлигига кафолат борми? Бу саволлар очиқ қолмоқда. Шунинг учун мен бу масалаларга сиёсий масала, деб қарайман. Ҳозирча томонлар ўртасидаги тортишув баёнотлар алмашинувидан ўзга нарса эмас яъни, бир томон баёнот билан чиқса, иккинчи томон унга қарши чиқмоқда ҳолос,- дейди Қирғизистон собиқ энергетика вазири Раимбек Мамиров.
XS
SM
MD
LG