Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:21

Тошкентда ҳибсга олинган 15 синфдош тергов қилинмоқда


Тошкентдаги 4-ўрта мактабда ўқиган болаларнинг қўлга олинишига, айрим манбаларга кўра, уларнинг 2009 йил ёзида Кўкча даҳасида содир бўлган воқеаларга алоқадорликда гумонланган йигит билан мулоқоти сабаб бўлган.
Тошкентдаги 4-ўрта мактабда ўқиган болаларнинг қўлга олинишига, айрим манбаларга кўра, уларнинг 2009 йил ёзида Кўкча даҳасида содир бўлган воқеаларга алоқадорликда гумонланган йигит билан мулоқоти сабаб бўлган.

Тошкентнинг Ҳусайн Шамс номли 4-ўрта мактабида ўқиган 15 нафар синфдошнинг ҳибсга олинганига икки ҳафта бўлишига қарамай, ота-оналарга улар тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаяпти. Норасмий хабарларга кўра, бу йигитлар терроризмда айбланмоқда.

Исми сир тутилишини илтимос қилган суҳбатдошга кўра, Учтепа туманидаги 15 синфдошнинг ҳибсга олиниши шу маҳаллада яшаган, айни пайтда қочқинликда бўлган Нуриддин исмли йигитга бориб тақалади.

Cуҳбатдошимизнинг айтишича, Нуриддин ҳибсга олинган йигитларга синфдош бўлиб, у ўтган йилнинг 29 августида Кўкча даҳасида содир бўлган отишмадан сўнг Ўзбекистонни тарк этган.

- Ўша ердаги Нишабариқ маҳалласида Нуриддин деган бола бўлган. 1984 йил туғилган. Ҳозир побегга чиқиб кетган. "Кўкчадаги воқеада иштирок этган", дейишди бир хиллар, лекин иштирок этганига ишонмадим. Синфдошлари билан яқин бўлганлиги учун қолган синфдошларини бир куннинг ичида олиб кетишди, - дейди аноним суҳбатдошимиз.

16 март куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига ҳибсга олинган йигитлардан беш нафарининг ота-оналари чақиртирилди. Озодлик радиоси терговчи билан учрашувни кутиб турган оталардан бири билан суҳбатлашди.

- Йўқ, ҳозирча ҳеч нима бўлгани йўқ. Кириб кетганча қайтиб чиқишгани йўқ, пойлаб ўтирибмиз. Онаси кириб кетди. Ота-оналар кириб кетди. Бешта боланинг ота-онаси келган. Ҳамма синфдошлари шу ерда, - дейди ҳибсга олинган йигитлардан бирининг отаси.

Исми ошкор қилинишини истамаган бу суҳбатдошимизга кўра, ҳибсга олинган синфдошлар 15 кишини ташкил этади ва уларга шундай айблов қўйилган:

- Энди нима деса бўлади, терроризм деб айб қўяяпти-да, яна динийми-ей. Ким билади, мен ҳам яхши билмаяпман. Ҳеч қандай гуруҳга қўшилмаган, намозхон ҳам эмас. Булар битта синф бўлгандан кейин улфатчилик қилган, ош еган, бошқа қилган. Қамоққа олинганлар 15 тача бор, менимча. Синфдошларда ҳаммаси, - дейди қўлга олинган ўқувчилардан бирининг отаси.

Суҳбатдошга кўра, 1 март куни эрталаб тонг қоронғусида, юзига ниқоб кийган милиция ходимлари уйларига бостириб кирган ва ўғлини машинага босиб олиб кетган:

- Эрталаб келганда улар. Ўртоқларининг ҳаммасини битта вақтда босибди. Олиб кетишган. Уйдан олиб кетди. Бизникига ҳам маскада келишди. Соат 6 бўлмаган эди ҳали. Қоронғи эди, - дейди исми сир тутилишини илтимос қилган оталардан бири.

Шу пайтгача ота-оналардан ҳеч кимнинг фарзандлари билан учрашувига рухсат берилгани йўқ.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган Нишабариқ маҳалласида яшовчи одамнинг айтишича, бу йигитлар илгари Нуриддин деган синфдошлари билан жуда иноқ бўлишган ва ўтган йилнинг ёз пайтида тоққа бирга дам олгани борганлар.

- Ўша ерда Нуриддин бу йигитларни исломни чуқур ўрганишга даъват қилган, бироқ бу даъват ҳамма синфдошларга ҳам ёқмаган ва улардан беш киши ажралиб, ўша куни уйларига қайтиб келган ва айни пайтда бу беш йигит ҳам ҳибсга олинган, лекин уларнинг тез кунларда озод этилиши ҳақида гаплар бор, - дейди исми сир тутилишини сўраган манба.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийси бу борада телефон орқали ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 400 дан ортиқ одам диний айбловлар билан айбланиб, турли хил муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, кейинги йилларда Тошкент вилоятида тақиқланган диний гуруҳларга алоқадорликда айблаб, асосан, ёшларни ҳибсга олиш ва уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб судлаш ҳоллари кўп учрамоқда.

Ўтган йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳрида 12 киши “жиҳодчилик”да айбланиб, озодликдан маҳрум этилган эди.
XS
SM
MD
LG