Линклар

Япония. АЭСдаги аҳвол "жуда жиддий"


Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Юкио Амано Японияда 11 март куни юз берган кучли зилзила ва ундан сўнг кўтарилган кучли тўфон оқибатида аварияга учраган "Фукушима-Дайичи" атом электр станциясидаги аҳволни "жуда жиддий", деб баҳолади.

Бугун Амано агентлик идораси жойлашган Вена шаҳридан Токиога учиб боради.

"Фукушима-Дайичи" атом электр станциясида юз берган аварияни бартараф қилиш ишлари нурланиш даражасининг ўта баланд эканлигидан чоршанба куни эрталаб бир муддат тўхтатиб турилди.

Кеча кечга яқин олинган хабарларга кўра, реакторлар совутиш тизимини қайта тиклаш учун станцияга янги электр симлари тортилди ва тез орада станцияга электр қуввати берилади.

Мутахассисларга кўра, станциядаги аварияга реакторлар совутиш тизимини электр қуввати билан таъминлайдиган генераторлар зилзила ва тўфон оқибатида ишдан чиққанлиги сабаб бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Японияда зилзила ва цунами натижасида нобуд бўлганлар ва бедарак кетганлар сони 11 мингдан ошган. Ярим миллион аҳоли бошпаналаридан ажралди. Айни пайтда мамлакатда ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаяпти.
XS
SM
MD
LG