Линклар

Япониянинг "Фукусима-Даичи" атом электр станциясидаги авария туфайли ваҳимага тушган Россиянинг Узоқ Шарқдаги шаҳар-қишлоқлари аҳолиси дўқонлардан иоддан тортиб қизил виногача, ароқдан тортиб сув ўтларигача – нимаики радиацион нурланишдан сақлайди, деб ўйласа, ўшани сотиб ола бошлади.


Айни пайтда мамлакат расмийлари "ҳеч қандай хавф йўқ", деб аҳолини тинчлантиришга уринаяпти. Лекин тинчлантиришга уриниш қанча кучайса, халқ нурланишдан сақланиш йўлини шунча шиддат билан изламоқда.

Владивосток, Южно-Сахалинск ва Петропавлоск-Камчатский шаҳарларида одамлар иоду вино, ароғу сув ўтларидан ташқари, аптекалардан Гейгер ўлчагичларини сотиб олиб ола бошлади.

Вазиятдан учарлар ҳам фойдаланиб қолмоқда. Улар нурланишдан сақлайди, деб қўрғошин пластиналарини пулламоқда. Эмишки, кўйлак тагидан қорнингизга боғлаб олсангиз бас, япон радиацияси ичингизга киролмай қайтиб кетаверади.

Южно-Сахалинскликлардан бири 1986 йили Чернобилда юз берган ядровий ҳалокатни ёдга олар экан, мана бундай деди:

- Мен қўрқиб қолганман. Чунки Чернобил эсимда. Мен ўшанда Чернобил атрофида бўлганман. Шунинг учун бунақа авария оқибати қанақа бўлишини биламан. Ўзим ва оилам учун ташвишдаман.

Орадан чорак аср ўтган бўлса ҳам собиқ совет халқи Чернобил фожеасининг асл кўлами тўғрисида ҳукумат халққа ўз вақтида ва етарли маълумот бермаганини худди кечагидай эслайди.

Южно-Сахалинсклик мана бу аёл маъмурлар бу гал халққа кўпроқ ва тўғрироқ маълумот беришига умид қилади.

- Жудаям қўрқаяпман, деёлмайман. Лекин нима бўлаётганини аниқ билмаслик қўрқинчли. Бизга тўғрисини, оқибатлари қандай бўлишини очиқ айтишса бўлди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини ортиқча ваҳима қилмасликка чақирар экан, радиация Россиянинг Тинч океани соҳилларига етиб келмайди, демоқда.

ФВВнинг Петропавлоск-Камчатский шаҳридаги вакили Татьяна Юхманова шаҳарда нурланиш даражаси меъёрдагидай эканлиги тўғрисида айтар экан, жумладан бундай деди:

- Космик мониторинг маълумотларига қараганда, Россияга радиация келиш хавфи йўқ. Камчатка ўлкаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳолини осойишталикни сақлашга, турли миш-мишлар тарқатмасликка, ваҳима кўтармасликка чақиради.

Юхманованинг айтишича, Камчатка ўлкасида нурланиш даражаси соатига 8 микрорентген билан 14 микрорентген оралиғидадир. Меъёр эса, 30 микрорентген.

Японияга яқин Сахалинда эса, расмийларга кўра, радиация даражаси ўртача 11 микрорентгенни ташкил қилмоқда.

Владивостокда бу кўрсаткич 15 март куни 13 микрорентгенни ташкил қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги нурланиш даражасини ҳар икки соатда ўлчаб турганини билдирар экан, аҳолини норасмий манбалар тарқатиши мумкин бўлган ёлғон маълумотларга ишонмасликка чақирди.

Айни пайтда Узоқ Шарқ ҳарбий округи зобитлари вазиятни кузатиб туришганини, агар лозим бўлса, Сахалин ва Курил оролларидан аҳолини эвакуация қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG