Линклар

Тожикистон ўз чегараларини мустаҳкамлашда ЕИдан ёрдам сўрамоқда


Тожикистон расмийлари Афғонистон билан бўлган деярли очиқ чегарани қўриқлаш ва мустаҳкамлашда халқаро кўмакка муҳтожлигини таъкидламоқдалар. Айрим таҳлилчилар эса тожик-афғон чегарасини қўриқлаш иши яна рус чегарачиларига топширилиши мумкинлигини назардан соқит қилмайдилар.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари Шараф Файзуллоевнинг айтишича, Афғонистон билан чегара нуқталари ва заставалари шўролар даврида қурилган. 1928 йилдан 1960 йилгача бўлган даврда қурилган чегаралардаги инфратузилма аллақачон эскирган.

- Афғонистондаги аксилтеррор кучлари мамлакатнинг Тожикистон билан чегарадош вилоятларидаги вазиятни назорат қилолмаяптилар. Толиблар ва давлат қўшинлари ўртасидаги отишмалар натижасида ўқлар Тожикистон ҳудудига ўтмоқда. Бундан ташқари, ноқонуний наркотик моддаларини олиб ўтиш ҳоллари кўпайиб бораяпти. Тожик чегарачилари ва контрабандачилар ўртасида деярли ҳар ҳафта қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. 2010 йил сентябр ойида Камароб дарасида ҳарбийлар карвонига қарши уюштирилган ва 30 га яқин аскарнинг умрига зомин бўлган ҳужумлар ортида Афғонистондан ўтиб келган терорчилар турибди. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда Тожикистон ўз чегараларини янада мустаҳкамлаш зарурати ўта долзарб бўлиб турибди. Бизга чегарани қўриқлашда маҳаллий хусусиятлар инобатга олинган европача “модел” зарур, - деди Шараф Файзуллоев.

Унинг сўзларига кўра, республика хукумати давлат чегараларини мустаҳкамлашга оид махсус қарор қабул қилган. Бироқ чегарадаги ҳавфсизликни таъминлаш учун миллионлаб доллар лозим. Тожик-афғон чегара масофаси 1344 километрни ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, биргина шу чегара бўйлаб бир километр тиканли сим тортиш учун бир миллион АҚШ доллари лозим. Тожикистонда эса бунақа маблағ йўқ. Чегарадаги вазият эса, Файзуллоевнинг айтишича, борган сари жиддийлашмоқда ва мазкур масалани 10 йилдан кейин эмас, балки ҳозир ҳал қилмоқ керак.

Душанбе расмийлари билан учрашган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел Тожикистонга бу масалада ёрдам берилишини билдирган, бироқ у мазкур ёрдам нимадан иборат бўлишини очиқламаган.

- Биз чегаралар ҳавфсизлигини таъминлаш масаласидаги ҳамкорлик нақадар муҳим эканлигини яхши англаймиз. Террорчилик, ноқонуний наркотик моддалар контрабандаси муаммоси хавф солаётганини биз Европада ҳам ҳис этмоқдамиз. Бу муаммолар умумийдир ва чегаралар хавфсизлигини таъминлаш муҳим масала, деб ҳисоблайман, - деди жаноб Морел.

Сўнгги пайтларда рус чегарачиларининг Тожикистон чегарасини қўриқлашга қайтиши борасида ҳам кўп гапирилмоқда. Таҳлилчилар бунга Россия куч ишлатар тизимлари раҳбарларининг тез-тез Душанбега келиб кетишларини далил ўлароқ келтирмоқдалар.

- Биринчидан, расмий Душанбенинг сўнгги пайтларда АҚШ томонига юз бураётгани, Америка билан тиғиз ҳамкорлик қилаётгани Россияни ташвишга солиб қўйганга ўхшайди. Шу боис Россия қисқа муддат ичида республикада қатор иқтисодий-маданий тадбирлар қатори ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқда. Россия ҳукуматининг айнан ҳарбий ҳамкорликни кучайтиргани ҳам тушунарли. Иккинчидан, наркотиклар бундан ўн йил олдин ҳам, ҳозир ҳам айрим амалдорларга бойлик орттириш учун катта имконият бермоқда. Шунинг учун манфаатдор амалдорлар: “Чегарани бермаймиз бошқа давлатларга, чегара ўзимизнинг қўлимизда, ўзимиз уни қўриқлаймиз”, дея тиш-тирноғи билан ёпишиб олишган, - дейди мустақил таҳлилчи Манзура Каримова.

Бироқ Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази масъули Сайфулло Сафаров ўз мамлакати рус чегарачиларининг ортга қайтишига эҳтиёж сезмаслигини айтади.

- Россия чегарачилари Тожикистондан чиқиб кетганларидан сўнг мамлакатимизда чегараларини қўриқлаш масаласида қийинчиликлар бўлган эмас. Хусусан, наркотик моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш масаласида ҳам. Сўнгги йилларда чегарадан ўтиб кетаётган наркотик ҳажмининг ўтган йилларга нисбатан камайди. Турли террорчи унсурларга қарши курашда чегарачиларимиз қўли устун келаётгани ҳам фикримнинг далилидир, - деди Сайфулло Сафаров.

Аснода, маҳаллий таҳлилчилар фикрича, АҚШ ёки Европа Иттифоқи тез орада Тожикистонга керакли миқдорда ёрдам бермаса, Россия чегарачиларининг қайтиб келиши аниқ. Чунки коррупция даражаси юқори бўлган бу мамлакатда айрим мансабдорлар тил бириктириб, чегарани қўриқлаш ишини Россияга топшириб юборишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.
XS
SM
MD
LG