Линклар

logo-print
Япония "Фукусима-Дайичи" атом электр станциясида кенг кўламли фожиа юз беришининг олдини олиш уринишлари давом этмоқда.

Япония Давлат вазири Юкио Эдано атом реакторидаги уран солинган стерженлар эриб кетмаслиги учун ҳарбий вертолётлардан реактор устига тонналаб сув сепилаётганини маълум қилди.

- Биз реакторни совутиш учун бор имкониятни ишга соляпмиз. Япония Мудофаа вазирлигига қарашли вертолётлар реактор устига осмондан сув сепмоқда. Полиция ходимлари ердан туриб юқори босимда ишлайдиган сув пуркагич машиналардан реакторга сув сепмоқда,- деди Юкио Эдано.

"Фукуcима-Дайичи" станцияси ходимлари атом реактори совитиш тизимини қайта ишга тушириш учун станцияни электр билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Нурланиш даражаси кўтарилиши хавфи борлиги сабаб қатор давлатлар ўз фуқароларига Япониядан кетишни тавсия қилди.

Токиодаги АҚШ элчихонаси ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, агар хоҳласалар, мамлакатни тарк этишлари мумкинлигини маълум қилди.

Айни пайтда Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Юко Аманонинг 17 март куни Японияга бориши кутилмоқда.

Япония полицияси 11 март куни юз берган 9 баллик зилзила ва цунами оқибатида нобуд бўлганлар сони 14,500 кишига етганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG