Линклар

Афғонистонда ЎИҲ аъзолари ушланди


Афғонистонда қўлга олинган уччовлон Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Афғонистонда қўлга олинган уччовлон Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Афғонистон разведка хизмати матбуот котиби Лутфилла Машъал собиқ Совет республикаларининг уч фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. 16 март кунги матбуот анжуманида сўзлаган Машъалга кўра, икки украиналик ва бир Қирғизистон фуқароси террорчилик фаолиятига алоқадорликда гумонланмоқда.


Лутфилла Машъал уларнинг ҳаммаси Покистоннинг шимолий ҳудудларида фаол бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари экани ва улар мамлакат шимолидаги вилоятларга тез-тез келиб турганларини таъкидлади.

Афғонистон хавфсизлик хизмати расмийсига кўра, АҚШ ҳарбийлари томонидан тез-тез ракета ҳужумлари амалга оширилаётгани боис Ал-Қоида ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари Афғонистоннинг шимолий минтақаларида ўзларига хавфсиз бошпана излашга мажбур бўлмоқда.

Аммо Лутфилла Машъал сўнгги уч ой давомида Афғонистон ва НАТО кучлари бирга ўтказган амалиётлар давомида улар енгилган.

Машъалга кўра, айнан шу мағлубият сабабли террорчилар ўч олиш мақсадида худкуш ҳужумлар амалга оширмоқда.

- Сизга маълумки, ўтган 3 ой давомида Афғонистон армияси, полиция ва халқаро кучлар иштирокида ўтказилган махсус амалиётларда Афғонистон шимолидаги 15 минтақа Толибон жанггариларидан тозаланди. Шундай бўлса-да, нима учун худкуш хужумлар кўпайди, деб сўрашингиз мумкин? Мисол учун 2 хафта аввал Қундуз полициясининг мулозими ўлдирилди, аввалроқ Қундуз ҳокими худкуш хужумдан ҳалок бўлди, деб сўрашингиз табиий. Гап шундаки, мағлубияга учраётган жанггариларнинг қасос олиш амалиётларини жадаллаштираётгани уларнинг мағлуб бўлаётганини кўрсатади. Улар кўпроқ ҳужум уюштиришга ҳаракат қилмоқда,- деди Афғонистон хавфсизлик хизмати матбуот котиби.

Лутфилла Машъалга кўра, икки украиналик 2011 йил 22 феврал куни Афғонистон шимолида қўлга олинган.

Улар мамлакатга Ўзбекистоннинг Ҳайратон йўли орқали ўтиб, дастлаб Мазори Шариф шаҳрига борган. Машъал малла соч украиналикларга ўзларини майиз савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар деб таништириш кўрсатмаси берилганини сўзига қўшимча қилди.

Афғонистон Хавфсизлик хизмати расмийси икки фотосуратни кўсатиб улардан бири 27 яшар Искандар ўғли Иваз, иккинчиси, Николай ўғли Иван эканини айтди.

Машъал икки украиналик Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Афғонистондаги маҳаллий алоқачиси бўлган Носир Аҳмад билан бирга қўлга олинганларини айтди.

Лутфилла Машъал Хўст вилоятидаги бошқа бир воқеада Қирғизистоннинг бир фуқароси, Хотам ўғли Бахтиёр исмли шахс ушланганини айтди. Унга кўра, Бахтиёр олдин бошқаларга ўзини Калимуллоҳ ўғли Салимуллоҳ деб таништирган.

Афғонистон хавфсизлик хизмати расмийси Лутфилла Машъалга кўра, сўроқ пайтида Қирғизистон фуқароси ўз жиноятига иқрор бўлиб икки акаси сўнгги бир ярим йилдан бери Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятида жойлашган Ўзбекистон Исломий ҳаракати лагерларида экани ва Ал-Қоида билан ҳамкорлик қилаётганини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG