Линклар

Ўшликларга ёрдам уюштирганнинг ўзи ёрдамга муҳтож

  • Сарвар Усмон

Иззатилла Раҳматиллаев июн фожиасидан кейин юзлаб ўшликларга ёрдам кўрсатишни ташкил қилган.

Иззатилла Раҳматиллаев июн фожиасидан кейин юзлаб ўшликларга ёрдам кўрсатишни ташкил қилган.

2010 йил, июн ойида Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган воқеалардан кейин Озодлик радиоси фожиа қурбонларига ёрдам беришни сўраб ўз тингловчиларига мурожаат қилган эди. Мурожаатимизни эътиборсиз қолдирмаган тингловчиларимиз бир неча ой ичида Ўшга 10 минг доллардан зиёд ёрдам пули жўнатди ва Ўшдаги фаоллар гуруҳи ўша эҳсон пулларини муҳтожларга тарқатиб берди.


Кеча маълум бўлишича, яқинда ўша гуруҳнинг бир аъзоси бошига бир мусибат тушганки, натижада шу кунда унинг оиласи шошилинч ёрдамга муҳтож.

Кеча Ўшдан мана бу хат келди.

Уни таҳрирсиз, ҳатто имло хатоларини ўнгламай, қандай ёзилган бўлса, шундайлигича келтираман:

"Cалом, Озодлик радиоси таҳририяти. Касални яширсанг улим ошкора дегандай,хозирги кунда узим моддий ёрдамга мухтож булиб колдим.20 январ куни 24 яшар бир болали углим уйда газ портлаши окибатида белдан тепаси куйиб кетди. Бир ой улим билан олишиб бир ойдан кейин болницадан тушди.Хамкасибларим оз-оздан ёрдам беришди,Узимни бор бисодим,ва укаларимни мол куйни сотиб эплаб болницага тулаб олиб чикган эдим.Узим ишлаганим учун хайрия пулларидан бир сум хам хиёнат килмай бошкаларга бердим,узим учун хашламадим.Хозирга келиб углимни бутун танаси чирияпти,организм куйикни енголмаяпти.Киммат дори дармонларга ёзиб берди,ишонсагиз январдан бери маош олмай ишлаяпмиз.УВКПЧ (БМТ Инсон Ҳуқуқлари Олий Комиссарлиги – Озодлик) эртага индинга деб алдаб юрибди.Пулдор дустлар кариндош уруглар хаммаси хорижда.Шунча одамга модий манавий ва бошка ёрдамларни бердик,узимиз мухтож булганда кимга мурожат килишни билмайман.Cизлардан илтимос менга хам озгина ёрдам уюштириб берсангиз,маошимни олсам мен бошкаларга улашиб бераман.Мени тугри тушинасиз деган умидаман иложсизлик шу хатни ёзишга мажбур килди.Расмларини юборишга характ киламан.Хурмат б-н И.Рахматиллаев.Оф.Закон И Порядок" 17.03.11."

Бугун Иззатилла аканинг ўғли ёрдамга муҳтож.
Қандай ёзилган бўлса, шундайлигича келтирилган бу хат муаллифи И. Раҳматиллаев Сиз тингловчиларнинг кўпчилигига Ўш воқеаларидан кейин яхши таниш бўлиб қолган Иззатулла Раҳматиллаевдир.

Иззатулла аъзоси бўлган ўшлик фаоллар гуруҳи, Озодлик тингловчилари ўшликларга атаб жўнатган 10 минг доллардан зиёд эҳсон пулини, муҳтожларга тарқатиб берган ва ўз вақтида бу ишнинг батафсил ҳисоботини радиомиз орқали Сиз тингловчига етказган эди.

Мана энди, маълум бўлишича, Иззатулланинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб турибди.

Унинг хатини ўқиб анча ҳижолат бўлдим. Гап шундаки, Ўшдаги бармоқ билан санарли даражада оз ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири бўлган Иззатулла билан бир ҳафта-ўн кунда бир гаплашиб тураман.

Берадиган саволларим ҳар доим бир хил: Ўш тинчми, ўшликлар тинчми, нима янгиликлар бор?

Ўйлаб қарасам, бирон марта ҳам оиласининг, ўзининг соғлиғини сўрамаган эканман. Ўзи ҳам бирон марта "ўғлим куйиб қолди", деб зорланмаган.

Энг уятли жойи шундаки, Иззатулланинг ўғли куйиб қолганидан хабарим бор эди: Радиомиз қирғиз хизмати бу воқеа тўғрисида 25 февралда ёзган.

Ўшанда ё синчиклаб ўқимаганманми ёки Ўш фожеаси фонида бир йигитнинг маиший жароҳати воқеа бўлиб кўринмаганми, ҳар қалай эътибор бермаган эканман. (Журналистнинг боши бошқаларнинг бошидан бошқачароқ бўлиб қолади, шекилли...)

Қўл-оёғи синган беморлар ётадиган палатада уларни даволаётган врач қўлидаги скальпел билан қўққисдан ўз бармоғини кесиб олса, ачинмайсиз, фақат кулгингиз қистайди, тўғрими?

Ўш фожеаси фонида Иззатулланинг ўғли куйиб қолиши ўша врачнинг бармоғини кесиб олганидай кўринган шекилли менга.

Чунки Иззатулла ва унинг атрофидаги фаоллар фожеадан жафо кўрган ҳамшаҳарларига қўлларидан келганича, кучлари етганича "врач"лик қилаётган эди.

Иззатулланинг хати мазмунидан, хатга илова суратлардан тушундимки, шунчаки бармоқ кесилган эмас. Аҳвол анча жиддий.

Бугун эрталаб Иззатиллага қўнғироқ қилдим. Ҳол-аҳвол сўрадим. Нима бўлганини сўрадим.

- 20 январ куни кўмир олиб, қўлни ювгани баняга кирган эди. Баняннинг ичида газ тўпланиб қолган экан. Газ крани очиқ қолганми, бошқа бўлганми билмайман. Ҳалиги жойда портлаш содир бўлди. Шундай кирсам, белдан тепаси худди тандир сингари ëнаяпти. Ҳалигининг ичидан бола чиқишга ҳаракат қилаяпти. Мен “ëт-ëт” дейишимни биламан иккинчи портлаш содир бўлди. Эшик-пешик билан кўчага ирғитворди. Бориб қарасам, белдан тепаси полний куйиб кетган. Шу билан кейин қўшнилар кириб, унгача қўшнилар кўпайиб кетди, қўшнилар кириб куяëтган жойларни ўчириб қолишди. Мен буни машинага ўтказиб болницага олиб бордим. Болницада танасининг кўп жойи куйиб кетганлиги сабабли жуда кўп қон керак бўлди. Бошида қариндош-уруғ, таниш-билишлар бир нарса қилиб бир ой болницада ëтиб чиқди.

Озодлик: Шу кунда аҳволи қандай?

- Бугунги кунда ҳам ҳеч ўзига кела олмаяпти. Танадаги куйган ерларда организм переборот қилолмаяпти. Ҳамма еридан сув чиқаяпти, йиринг чиқаяпти. Энди қўяверасиз аҳвол чатоқ.

Озодлик: Яна қайтариб касалхонага ëтқизса бўлмайдими?

- Олиб борган эдим. “Биз қўлимиздан келганини қилдик. Бу ëғи организм кучли бўлса, куйикка қарши ўзи курашиши керак” деб қайтариб юборишди. Кучли дориларни ëзиб берди. У дорилар ҳам энди ишонсангиз анқонинг уруғи экан. Бунинг устига қиммат.

Озодлик: Ўзи борми дори?

- Борликка бор. Битта ампуласи 710 сўмдан экан.

Озодлик: Ундан қанча керак бўлади?

- Ҳар куни биттадан. Қолган яна иммунитетни кўтарадиган дорилар бор экан. Пилус-минус бир кунда 900-1000 сўмлик дори кетаяпти, дейди Иззатилла Раҳматиллаев.

Мана шунақа аҳвол. 1000 қирғиз сўми қарийб 25 АҚШ долларидир.

Бир кунда 25, тўрт кунда 100 доллар. Ўғилнинг аҳволи эса ўта оғир.

Хуллас, ёрдам керак, азизлар.

Мен ўзим ҳам кўнглимдан 3 – 4 сўм чиқариб қўйдим. Кечи билан душанба куни олади Иззатилла.

Ўзимни бир енгил ҳис қилай, десангиз Сиз ҳам кўнглингиздан 3 – 4 сўм чиқарарсиз.

Ўғлидан ортса, ортганини Иззатилла ҳам бошқа муҳтожларга олиб бориб беради.

Ахир, Сиз тингловчи юборган 10 минг долларни тарқатиб бердику, у аъзоси бўлган гуруҳ?!

Шу кунгача бу акция тўғрисида Ўшдан бир оғиз ҳам ёмон гап етиб келмади-ку?!


DEMIR Kyrgyz international Bank

IZZATILLA RAKHMATILLAEV 62561
KGS Acc : 1180000027957832
USD Acc : 1180000027957630
BIC:118002. SWIFT:DEMIKG22

Иззатулла Раҳматуллаев билан боғланмоқчи бўлган миллатдошлар учун ҳуқуқ фаолининг телефон рақами: +996 772 666 263¸ электрон почта манзили эса: zakon_poryadok@inbox.ru

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG