Линклар

Фукусимадаги ҳалокат кўлами 5 даражага кўтарилди


Фуксимадаги реакторларни совутиш ишлари давом этмоқда.

Фуксимадаги реакторларни совутиш ишлари давом этмоқда.

Япониянинг Ядровий хавфсизлик агентлиги Фукусима АЭСидаги ҳалокат кўламини бешинчи даражага кўтарди. Айни пайтда, ядровий завод реакторларини совутиш ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳукумат эса бошпанасиз қолган ярим миллион аҳолига ёрдам кўрсатишга уринмоқда.


Япония Ядровий хавфсизлик агентлиги Фукусимадаги АЭСда рўй берган ҳалокат рейтингини бешинчи даражага кўтарди. Бу 1979 йилда АҚШнинг Три-Майл оролидаги АЭСда рўй берган авария билан бир хилдир ва Японияда юзага келган ядровий бўҳрон кўлами қанчалик жиддий эканини кўрсатади.

Ишчилар зилзила ва тўфондан зарар кўрган АЭСда реакторларни совутиб туриш мақсадида электр таъминотини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда, табиий офат оқибатида бошпанасиз қолган ярим миллион одам жума куни шаҳар ва қишлоқларни қоплаган қордан исиниш чораларини кўрмоқда.

Полиция бир ҳафта аввал рўй берган ҳалокатли зилзила ва цунами қурбонлари сони 6539 кишига етгани, бедарак кетганлар эса 10259 кишини ташкил қилганини маълум қилди. Жума куни табиий офат қурбонларини хотирлаш маросимлари ўтказилиб, бир дақиқалик сукут сақланди.

Фукусимадаги реакторларни совутиш ишларига 300дан зиёд мутахассислар жалб этилган. Улар бунинг учун иложи борича тезроқ АЭСда электр таъминотини тиклашга уринмоқда. Ҳимоя либослари, ниқоблар, махсус кўзойнаклардаги мутахассислар улкан радиацион фожианинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Япония, Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Юкия Амано “вақт билан олишув”, дея атаган бўҳронни бартараф қилиш учун ёрдам сўраб, Қўшма Штатларга мурожаат қилди.

- Биз бунга ўта жиддий ҳалокат, деб қараяпмиз. Халқаро ҳамжамият бу масала юзасидан жиддий хавотир билдирмоқда ва уни ҳал этиш устида ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этади, деди Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Амано.

Агар контейнер ҳовузларидаги ядровий ëнилғи ҳавога чиқадиган бўлса, у ҳаводаги радиоактив фонни ўта хавфли даражага кўтариши мумкин.

Ишчилар реакторларни совутиш учун уларга сув тортиб берадиган насосларни ишга тушириш мақсадида АЭСга электр симини тортиб келди.

- Электр кабели завод яқинига олиб келинди. Биз операция жараёнини тезлаштирмоқчимиз, чунки бу бизга қолган ишларни тезлаштириш имконини беради,- деди Япониия ҳукумати матбуот вакили Юкио Эдано.

Британия ядровий масалалар бўйича миллий корпорациясининг собиқ эксперти, ҳозирда Австралиянинг Монаш университети профессори Жон Прайс Франс Прессга берган интервьюсида Фукусимада электр таъминотини тиклаш мураккабликларга учраши мумкин деди.

- Муаммо шундаки, бу симларни улаш бирор натижа берадими, йўқми буни билмаймиз. Иншоотда бошқа муаммолар ҳам юзага келган,- деди профессор Прайс.

“Вазият назоратдан чиқиб кетди демоқчимасману, лекин вазият тўла назоратга олингани ҳам йўқ”, дея қўшимча қилди у.

Хориж фуқаролари мамлакатни тарк этмоқда. Британия, Франция, Германия, Австралия ва Янги Зеландия ҳукуматлари ўз фуқароларига Токио ва, айниқса, Япония шимоли-шарқий минтақаларидан кетишни маслаҳат қилмоқда.

Кўплаб давлатлар ўз элчихоналарини Токиодан кўчирди. Айни пайтда, Осиё мамлакатларидаги аэропортларда Япониядан учиб келган йўловчиларнинг радиациядан зарарлангани эҳтимолларини текширмоқда. Саросимага тушган америкаликлар йод таблеткаларини сотиб олмоқда, дея хабар қилди бир нечта агентлик.

Жорий ҳафтада ўтказилган текширувлар Фукусима АЭсидан 220 километр жанубда жойлашган Токиода радиация даражаси нормадан бироз ошганини кўрсатди.

Бироқ расмийлар АЭСдан тарқалаётган радиация завод атрофидаги 20 километрлик радиус ташқарисида одам соғлиғига хавф солмаслигини айтмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Хитойдаги вакили Майкл О'Леари бу баёнотни тасдиқлади.

- Ҳозиргача, белгиланган зона ташқарисида радиоактив моддаларнинг жиддий тарзда тарқалаётганига оид хабарни олганимиз йўқ. Албатта, вазиятни яқиндан кузатиб боряпмиз. Реакторларда нима ва қачон содир бўлиши, умуман содир бўладими ва бошқа факторлар зарарли моддаларнинг янада тарқалишига ҳисса қўшиши мумкин. Лекин ҳозирча биз фақатгина муайян ҳудудда радиоактив моддалар тарқалганини биламиз ва шунинг учун бу ҳудуддан ташқарида одам соғлиғи учун хавфли бўлган тарқалиш йўқ, деб айтишимиз мумкин,- деди ЖССТ расмийси.

Атом энергияси халқаро агентлиги жума кундан Токиодаги радиация даражасини ўлчай бошлади. Бу ҳақда Японияга борган агентлик раҳбари Амано маълум қилди.

Цунамидан зарар кўрган Сендай шаҳри аэропорти ёрдам келтираётган самолёт ва вертолётлар учун очилди. Шунингдек мамлакат шимоли-шарқидаги йирик портлар ва катта йўллар ҳам ишга тушди.

Бироқ ёнилғи етишмаётгани қутқарув ва ёрдам ишларини самарали амалга ошириш, жумладан азият чекканларга озиқ-овқат етказиб беришда муаммолар яратмоқда. Ҳозирда 380 мингга яқин одам табиий офатдан кейин ташкил қилинган 2200та лагерда қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG