Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:38

ЕИ Ўзбекистонда ваколатхона очиш режасидан қайтмади


ЕИ "Ҳюман Райтс Уотч"нинг Ўзбекистондан ҳайдалиши билан боғлиқ вазиятни кузатиб боришни ваъда қилди холос.
ЕИ "Ҳюман Райтс Уотч"нинг Ўзбекистондан ҳайдалиши билан боғлиқ вазиятни кузатиб боришни ваъда қилди холос.

ЕИ Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Майя Косянчич Иттифоқ Ўзбекистон ҳукуматининг Ҳюман Райтс Уотч ваколатхонасини ëпиш қароридан қаттиқ ташвишда экани, лекин бунга норозилик ўлароқ Европа Иттифоқи Тошкентда ваколатхонасини очишдан воз кечмаганини билдирди.


Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Косянчич Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматининг Ҳюман Райтс Уотч ваколатхонасини ëпиш қароридан қаттиқ ташвишда эканини билдирди.

- Ўзбекистон ҳукумати Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчисига аккредитация бермаганидан ташвишда эканини айтмоқчиман. Бу масала ўтмишда Ўзбекистон ва ЕИ музокараларида, жумладан олий даражадаги учрашувларда ҳам кўп маротаба кўтарилган,- деди ЕИ расмийси Майя Косянчич.

Айрим ахборот нашрларида Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондан қувилганига норозилик белгиси ўлароқ Европа Иттифоқи Тошкентда ваколатхонасини очишдан воз кечиш билан де марш қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

ЕИ расмийси Майя Косянчич бу хабарларни рад этди ва Европа Иттифоқи Ўзбекистонда вакилатхона очиш режасидан воз кечмаганини таъкидлади.

- Бу хабарлар ҳақиқатни акс эттирмайди. Келажакда Ўзбекистонга делегация юбориш режамизда собитмиз,- деди Майя Косянчич.

Ўзбекистонда ЕИ ваколатхонасини очиш қарори Ислом Каримовнинг январ ойида Брюсселга қилган сафари ва Европа комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо билан икки соатдан кўп давом этган учрашувидан кейин қабул қилинган эди.

Айни музокаралар давомида Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ходимига аккредитация бериш масаласи ҳам кўтарилган эди.

- Биз бу билан боғлиқ жараённи яқиндан кузатиб борамиз ва келажакда ҳам олий даражада ўтказилажак музокараларда бу масалани кўтарамиз,- деди Озодликка ЕИ Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Косянчич.
XS
SM
MD
LG