Линклар

"Ҳунарманд" менга ҳунарини кўрсатди"

  • Садриддин Ашур

Роза Эшонқулова республика "Ҳунарманд" уюшмаси раҳбариятини товламачиликда айбламоқда.

Роза Эшонқулова республика "Ҳунарманд" уюшмаси раҳбариятини товламачиликда айбламоқда.

Бойсунлик Роза Эшонқулова гилам тўқиш билан шуғулланишини айтар экан, республика “Ҳунарманд” уюшмаси унга эркин фаолият юритиш учун имконият бермаётганлигидан, ундан олган гиламлари пулини бермаётганлигидан Озодлик радиосига шикоят қилди.


Табиий бўёқли миллий гилам тўқиш билан шуғулланадиган якка тадбиркор Роза Эшонқулова фаолиятининг бошланишига ЮНЕСКО ташкилоти кўмак берган эди. Ташкилот Роза Эшонқуловага Бойсун туманидан кичик корхона очишга кўмаклашди ва шу боис яна 20 киши иш билан таъминланди.

Роза Эшонқуловага кўра, улар тўқиган гиламлар харидоргир бўлиб, бир қанча фестивалларда намойиш ҳам қилинган. Бироқ, дейди тадбиркор, республика “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Муҳаммадюсуф Қурбонов билан бўлган учрашувдан сўнг, уларнинг ишлари орқага кета бошлаган:

- 2008 йилда Бухорода ўтказилган фестивалга бордик. Кейин республика ҳунармандлар марказининг каттаси Муҳаммадюсуф Қурбонов менинг олдимга келдида, “Сиз рўйхатдан ўтиб тадбиркор ëки якка тадбиркор бўлинг” деди. Кейин мен “Йўқ, менинг Юнеско билан ишим яхши кетаяпти. Ишчиларим ўз вақтида ойлик олаяпти” дедим. Кейин “Сиз бизга қўшилмасангиз, ташаббус ва бошқа кўрикларга қатнаша олмайсиз. Қачонгача Юнескога қатнашасиз? Мана табиий бўëқли гиламларингиз бор экан. Мен сизга ëрдамлашаман нарсангизни сотишга. Экспорт қилиб бераман” деди. Кейин мен у ëқдан келдимда Термизга бориб рўйхатдан ўтдим,- дейди Роза Эшонқулова.

Тадбиркорга кўра, у “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганидан сўнг уюшма раҳбари ҳар бири 200-300 доллар қийматдаги тўққизта гиламни гаровга олиш эвазига унга 2 миллион сўм кредит берган. Бироқ орадан кўп ўтмай барча тўқилган гилам ва бошқа буюмларни “Ҳунарманд” уюшмасининг Термиз бўлимига топширишга буйруқ берган:

- Мен товарнинг ҳаммасини, 9000 долларлик товарни олиб бордим. Ҳунармандлар марказига, Термизга, Худоëров Маҳмудга бердим. Омонов Аъзам деган ëрдамчиси билан икковига. Кейин улар “магазин очамиз” деб айтди. Шу билан озгина мазам қочиб қолгани туфайли тоққа онамаларникига кетган эдим қишлоққа. Келсам товар йўқ. Кейин мен учрашсам, “Улар ишдан бўшаб кетган” деди. Яна Муҳаммадюсуфнинг олдига бордим. Муҳаммадюсуф “Уни Маҳмуд еб кетган” деди.

Маҳмуднинг ëнига борсам, “Менга тегишли жойи йўқ” деди. Бундан кейин хўжайиним билан Маҳмудни Муҳаммадюсуфнинг олдига олиб бордик. Худоëров Маҳмуд бўлса Муҳаммадюсуф Қурбоновга топширганини айтиб исботлаб берди. Кейин биз яна қайтиб келдик. “Бермайман, президентингга бор. Қўлингдан келганини қил” деди,- дейди Роза Эшонқулова.

Тадбиркор бир йил атрофида хаста юрганини ва тоққа бориб даволанишга мажбур бўлганини айтади. Унга кўра, бу давр мобайнида улар тўқиган маҳсулотлар изсиз йўқолган.

Шундан сўнг тадбиркор президент ва республика бош прокуратурасига ариза ёзади. Вилоят прокуратураси бу ишни тергов қилиб, Роза Эшонқулованинг даъвосини қисман қондирди. У топширган 9000 минг долларлик маҳсулотининг фақат 2000 доллар қийматидагисини қайтариб олди, холос.

Роза Эшонқуловага кўра, унинг маҳсулотларини “Ҳунарманд” уюшмаси Термиз бўлими раҳбари Маҳмуд Худойқуловнинг уюшма раҳбари Муҳаммадюсуф Қурбоновга топширгани ҳақида тилхат ҳам бор. Бу тилхатни Маҳмуд Худоёровнинг ўзи ёзиб берган, дейди Роза Эшонқулова:

- Тилхатда ҳақиқатан “Муҳаммадюсуф билан Нормуродга топширдим” дейилган. “Ҳақиқатан 9000 долларлик товарини олдим” деб ëзиб берган эдида менга. Шуни олиб юрибман мен, -дейди Роза Эшонқулова.

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Муҳаммадюсуф Қурбонов Озодлик радиосига берган интервюсида Роза Эшонқулова иддаоларини рад этади:

-Прокуратурага хат ëзиб берган. Прокуратура текширди. Ўзининг устидан биз қарши даъволарни берганмиз. Ўзи давлатдан 2 миллион сўм пул олиб пулни бермасдан ҳозиргача қочиб юрибди.

Озодлик: Олган 2 миллион пулига сизга гилам берган эканку.

-Ҳеч нарса бергани йўқ бизга. Ҳамма нарсасини олиб кетган у хотин.

Озодлик: Сизга гилам бермаганми?

-Йўқ, бизга бермаган. Самарқандга топширган. У ердан нарсаларини олиб кетган. Лекин у бизга бергани йўқ. Масалан ҳар бир юридик ташкилот ўзининг дебитор ва кредиторига жавоб беради. Қонунда белгиланган шундай.

Озодлик: 9000 долларлик маҳсулот қаерга кетди бўлмаса?

- Бизга топширгани йўқ. Топширган бўлса, ҳужжатини кўрсатсин бизга.
Менга ҳеч нарса топширгани йўқ. Шахсан ўзи ҳеч нарса олиб келиб топширгани йўқ.

Озодлик: Демак, ҳунармандчиликка сиз томондан ҳеч қандай тўсиқ, босимлар йўқ.

- Йўқ, унга биз ëрдам берганмиз. У бизга раҳмат дейиши керак,- дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Муҳаммадюсуф Қурбонов.

Роза Эшонқулова қишлоқдан чиққан содда аёл бўлганлиги учун ҳам “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Муҳаммадюсуф Қурбоновнинг оғзаки ваъдаларига ишонгани, унга тўққизта катта гиламни кредитга гаров сифатида топширгани ва бунга ҳеч қандай ҳужжат олмаганини гапирар экан, айни пайтда унинг тадбиркорлик фаолияти бўғилаётганидан шикоят қилади:

- Мана ҳозир иш фаолиятим тўхтаб турибди. Ташаббусга қатнашиб бу ердан биринчи ўринни олдим. Бу ëқдан уриб ташлади ҳайдаб. Муҳаммадюсуф Қурбонов маҳсулотларимни фестивалларга ҳам, савдога ҳам қўймаяпти. Менга уже қадам босгани қўймаяпти,- дейди бойсунлик якка тадбиркор Роза Эшонқулова.
XS
SM
MD
LG