Линклар

Тожикистонда ўзбекча газета нашр этила бошланди


"Маънавият" газетаси ўзбеклар орасидаги ахборот бўшлиғини тўлдирмоқчи.

"Маънавият" газетаси ўзбеклар орасидаги ахборот бўшлиғини тўлдирмоқчи.

Тожикистонда ўзбек тилида нашр этила бошланган “Маънавият”” мустақил газетаси Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда яшаётган ўзбекларни маънавий жиҳатдан бирлаштирувчи нашрга айланиш ғоясини мақсад қилган. Айни пайтда Тожикистонда ўнга яқин ўзбек газеталари нашр этилмоқда.

Янги газета яқинда иш бошлаган Ўзбеклар маданият ва маърифат маркази нашри бўлиб, биринчи галда вилоятдаги ўзбекларни ахборот билан таъминлаб, бу йўналишдаги мавжуд бўшлиқни тўлдирмоқчи. Газета бош мухаррири Зоиржон Эргашевнинг сўзларига кўра, Тожикистонда ўзбек тилидаги бир қанча нашрлар мавжуд. Бироқ бу матбуот таъсирчан эмас ва унда фикрлар ҳилма ҳиллиги етишмаётир.

- Газета номи “Маънавият” бўлганлиги учун ҳам мақсад битта - халқимиз маънавиятини янада юксалтиришдир. Халқлар ўртасидаги дўстлик, меҳр -оқибат ришталарини мустаҳкамлашдир. Вилоятда яшаётган ўзбеклар қатори барча миллат ва элат вакилларининг муаммоларини ёритамиз. Чунки газета уч тилда: ўзбек, тожик ва рус тилларида чоп қилинмоқда. Мақсадимиз қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонда яшайдиган ўзбеклар аҳволини ҳам ёртишдан иборат. Ниҳоят, бизга фикрдош, дилдош бўлганларни бирлаштиришдан иборат,- дейди газета бош муҳаррири Зоиржон Эргашев.

Расмий маълумотларга кўра¸ Тожикистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Бир миллионлик аҳолининг ўз санъати¸ ўз адабиëти¸ ўз айтадиган гаплари бўлади. Таҳлилчилар фикрича, бугунги кунда республикада ўзбек тилида ҳукуматнинг “Халқ овози” газетаси, “Замондош”, ”Қишлоқ ҳаёти”, “Субҳидам” каби ўнга яқин мустақил газеталар мавжуд. Лекин бу ҳафтаномаларда чоп қилинаётган мақолалар бугунги кун талабларига, газетхонлар дилида йиғилиб қолган саволларига жавоб бермаяпти.

- Барчага маълумки, Тожикистоннинг шимолий қисмида кўп ҳолларда мавжуд бўлган иформацион ваакумни Ўзбекистон ОАВлари тўлдириб келмоқда. Инчунин “Қўшни давлат информацион тазийқи Тожикистонга кучлироқ таъсир ўтказмоқда”, деган андишалар ҳам бор. Эндиликда янги газета нафақат вилоятдаги, балки бутун республикадаги ўзбекларни ахборот билан таъминлаб ва бу йўналишда мавжуд ваакумни тўлдиради, деган умиддамиз. Мана шуларни ҳисобга олиб, эркин фикр юритадиган мустақил халқ минбари ташкил этилганлиги жуда яхши, - дейди журналист Равшанқул Қосимов.

Унинг айтишича, илгариги шўро ҳукумати ҳудудида яшайдиган ўзбеклар бир бирлари билан маданий алоқалар орқали чамабарчас боғланган эдилар. Шўро ҳукумати парчаланиб кетгандан кейин Ўзбекистон - Тожикистон¸ Ўзбекистон - Қирғизистон¸ Ўзбекистон - Қозоғистон ўртасидаги маданий алоқалар сусайди. Тошкентда чиқаëтган ўзбек тилидаги нашрлар бу республикаларга бормай қўйди.

Ҳафтаноманинг биринчи сони газетхонлар томонидан яхши кутиб олинди. Зафарободлик зиёли Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетанинг ўзбек тилида ташкил этилиши мамлакатдаги ўзбеклар учун қувончли воқеа.

- Ўзбек тилидаги газетанинг туғилишига эҳтиёж пайдо бўлган. Чунки республикада мавжуд ўндан ортиқ ўзбек тилидаги газеталар бир миллиондан ортиқ ўзбеклар учун камлик қилади. Бу ижобий ходиса, албатта. Зеро, Тожикистонда истиқомат қилаётган ўзбекларнингина эмас, бошқа миллатларнингмаънавиятини, маданияти, маърифатини оширишда хизмат қилади. Шу билан бирга бу ҳафтанома ҳам давлат манфаатига хизмат қилади,- дейди Абдурасул Мамадалиев.

Зиёлининг айтишича, республикада журналистлар эркин фикр юритиши учун имкон йўқ. Масалан, журналист танқидий мақолага қўл урмоқчи бўлганда ҳам уларни эхтиёткорона сўз айтишга мажбур қилмоқда. Бунга амал қилмаганлар эса ҳукумат томонидан тазийққа учраяпти. Чунончи жорий йилда мамлакатда ўз фикрини ошкор баён этгани учун 3 журналистга ва учта мустақил газетага нисбатан жиноий иш очилди.

- Демак, гап эркин фикр юритишда эмас. Олинган маълумот ва ёки ахборотни жамоатчиликка етказишдан иборат. Мухими эса, журналистнинг ҳокимият кундасидан ўз бошини омон сақлаб қолишида. Янги газета вакиллари ҳам мана шуларга амал қилган ҳолда фаолият юритишади. Йўқса, газета фаолияти тўхтатиб қўйилиши эҳтимолдан холи эмас, - дейди зиёли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG