Линклар

logo-print

Қирғизистонда ҳукмрон коалиция Бош вазирга шарт қўйди


Бош вазир Алмазбек Атамбаев ва парламент раиси Ахматбек Келдибеков ҳукумрон коалициянинг тарқаб кетиши ҳақидаги гаплар асоссиз эканини билиришмоқда.

Бош вазир Алмазбек Атамбаев ва парламент раиси Ахматбек Келдибеков ҳукумрон коалициянинг тарқаб кетиши ҳақидаги гаплар асоссиз эканини билиришмоқда.

Қирғизистондаги ҳукмрон коалициянинг тарқалиб кетиши ва унинг ўрнига янги коалиция ташкил этилиши эҳтимоли пайдо бўлмоқда. Парламентдаги “Ота юрт”, “Социал демократлар” ва “Республика” партияларидан иборат коалициядаги илк инқироз Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабановни ўтган ҳафтада Россия Думаси депутатлари коррупцияда айблашганидан сўнг пайдо бўлди.

Парламентда кўпчиликни ташкил этган “Ота юрт” фракцияси ҳукмрон коалицияга кирган Социал демократлар партияси раҳбари, Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаевга 10 талабдан иборат шарт қўйди.

Уларнинг энг муҳимлари ҳукумат лавозимларига миллий озчилик ва аёллар вакилларини ҳам жалб қилиш, ҳукуматда сайловдан ўтмай қолган нуфузли партиялар етакчиларига ҳам ўрин бериш ҳақидаги шартлардир. Бундан ташқари “Ота юрт” фракцияси ҳукмрон коалицияга аъзо партиялар имзолаган шартномани ҳам жамоатчиликка эълон қилиш талабини қўйган.

- Коалиция тўғрисидаги шартномани раҳбарлар ҳеч кимга кўрсатмай чўнтакларига беркитиб олган. Биз мана шу шартнома матнини халққа тақдим этиш тарафдоримиз. Бундан ташқари сайловдан ўтолмай қолган ва ҳозир аҳолининг айрим қатлами орасида амалдаги ҳукуматга нисбатан норозиликлар пайдо қилиши мумкин бўлган сиёсатчиларга ҳам ҳукуматдан амал бериш лозим, -деди “Ота юрт” фракцияси аъзоси Норинбек Молдобаев.

Бундан ташқари “Ота юрт”чилар Қирғизистонда шаҳар мэрларини умумхалқ сайловида сайлаш ва 3 та партиядан иборат ҳукмрон коалиция таркибига яна бир партияни киритиш талабини ҳам киритмоқда.

Айни пайтда миллатчилардан иборат экани айтилаётган “Ота юрт” партиясининг ҳукуматдан миллий озчилик вакилларига лавозим бериш тўғрисидаги талаби сиёсатчилар ва сиёсатшунослар орасида “носамимий” деб баҳоланмоқда.

Парламентдаги айрим депутатлар фикрича, “Ота юрт” фракциясининг бундай талаблари бўлажак президент сайловлари олдидан бошланаётган сиёсий ўйиннинг дебочасидир.

- Биз аввалданоқ ҳукмрон коалицияни 4 та партиядан ташкил этишни таклиф қилганмиз. Бироқ “Ота юрт” бунга кескин қарши чиққан эди. Шунинг учун бу талабларнинг барчаси сайлов арафасидаги ўйинннинг бошланиши, деб ҳисоблайман, -дейди парламент депутати Чинибой Турсунбеков.

Қирғиз ҳукумати расмийлари эса Бош вазир Атамбаевга йўлланган 10 талаб ўрганилаётганини, лекин бу талабларни бажарилиши ёки бажарилмаслиги ҳозирча ноаниқ қолаётганини билдирмоқда. Сиёсатшуносларга кўра, қисқа муддатда бу талабларни бажариш жисмонан мумкин эмас, “Ота юрт” партиясиниг айрим депутатлари эса, агар бу талаблар 23 мартгача бажарилмаса, ҳукмрон коалициядан чиқишларини билдирганлар. Агар коалициядан 17 депутат чиқиб кетса, ҳукуматни қайта шакллантиришга тўғри келади.

Айни пайтда Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева агар ҳукмрон коалиция тарқаб кетса мамлакатда барқарорликка путр етиши ҳақида огоҳлантирган. Парламентдаги “Ор-номус” ва “Ота макон” фракциялари эса ҳукмрон коалиция тарқаб кетган тақдирда 4 кун ичида янги коалиция тузишга тайёр эканликларини ва бу ҳолат мамлакатдаги барқарорликка зиён келтирмаслигини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG