Линклар

logo-print

Миср конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказилмоқда


Пойтахт Қоҳирадан 120 км нарида жойлашган Мансура шаҳридаги сайлов участкаси, 19 март, 2011 йил

Пойтахт Қоҳирадан 120 км нарида жойлашган Мансура шаҳридаги сайлов участкаси, 19 март, 2011 йил

19 март куни Мисрда конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказилмоқда. Таклиф қилинган тузатишлар мамлакатни вақтинча бошқараётган Олий ҳарбий кенгашга ҳокимиятни сайланган фуқаролик ҳукуматига топшириш имкониятини яратади.

19 март куни мисрликлар мамлакат конституциясига қатор ўзгартишлар, жумладан, президентлик муддатини чеклашни ҳам назарда тутган таклифлар бўйича ўтказилаётган референдумда овоз бермоқдалар.

Мисрни 30 йил бошқарган 82 яшар президент Ҳусни Муборак 11 феврал куни истеъфога чиққанидан сўнг мамлакатда биринчи марта мана шундай демократик референдум ўтказилмоқда.

Конституцияга киритилиши мўлжалланган тузатишлар орасида бир шахснинг президентликка икки марта тўрт йиллик муддатдан ортиқ сайланиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақидаги таклиф ҳам бор.

Бундан ташқари, Мисрда янги президент сайланганидан кейин бир ой ичида у ўз ўринбосарини сайлаши ҳақида ҳам конституцияга ўзгартиш киритиш таклиф қилинган.

Референдумда овоз бериш маҳаллий вақт билан эрталабки саккизда бошланди. Хабарларга кўра, овоз беришда мисрликлар жуда фаол иштирок этмоқда.
Конституцияга тузатишлар киритишдан мақсад парламент ва президентлик сайлови ўтказишга замин ҳозирлашдан иборат.

Сайлов Ҳусни Муборак режими ағдарилганидан кейин мамлакатни вақтинча бошқариб турган Олий ҳарбий кенгашга ҳокимиятни сайланган фуқаролик ҳукуматига топшириш имкониятини яратади.

Олий ҳарбий кенгаш сентябр ойида парламент сайловини кейинроқ президентлик сайловини ўтказишни режалаган.

Ҳарбийлар сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 45 миллион фуқарони референдумда иштирок этишга даъват қилиб, конституцияга тузатишлар киритиш жамиятни олдинга етаклашнинг энг мақбул йўли эканини айтмоқда.

Мисрдаги иккита йирик сиёсий партия – Миллий демократик партия ва Мусулмонлар биродарлиги конституциявий тузатишларни қўллаб-қувватлаган.

Бироқ таклиф этилган тузатишларга қарши бўлган сиёсий арбоблар бу мамлакатнинг автократик бошқарув тизимини тубдан ўзгартирмайди, деган фикрда. Улар фуқароларни конституциявий тузатишларга қарши овоз беришга чақирганлар.

БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги собиқ раҳбари Муҳаммад Эл Барадей ва Араб Лигаси Бош котиби Амир Муса ҳам танқидчилар қаторида.

Агар сайловчилар конституциявий тузатишларни рад қилса, конституцияни қайта ёзадиган адлия мутахассисларидан иборат қўмитани қайта тузиш учун Олий ҳарбий кенгаш мамлакатни бошқариш муддатини узайтиришига тўғри келади.

Айни пайтда мамлакатда парламент сайлови ўтказиш ортга сурилиши шубҳасиз.
XS
SM
MD
LG