Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:23

Халқаро Амнистия ўзбек қочқинлари тақдиридан хавотирда


Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро Амнистия ташкилоти 2010 йил 9 июн куни Қозоғистонда ҳибсга олинган 30 нафар ўзбекистонлик бошпана изловчи ва қочқиннинг 25 нафари яқин кунларда Ўзбекистонга экстрадиция қилишини мумкинлиги ҳақида жиддий ташвиш билдирди.

Электрон почта орқали 18 март куни Озодликка етиб келган ташкилотнинг шошилинч баёнотида агар 25 нафар ўзбек ватанига экстрадиция қилинса, улар қийноққа солиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Баёнотда қочқин ва бошпана изловчи ўзбеклар Қозоғистон Бош прокурорининг уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида 2010 йил 20 сентябр куни чиқарган қарори юзасидан шикоят аризаси билан судга мурожаат қилишгани билдирилган.

Бироқ Алмати шаҳридаги Олмали туман суди жорий йил 15-16 март кунлари уларнинг талабини рад қилган.

Тўққиз ойдан буён ҳибсда қолаётган 29 ўзбек қочқинининг адвокатлари бу борада эндиликда юқори инстанция судига мурожаат қилмоқчилар.

Алмати шаҳридаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини шаҳар миграция департаменти ўтган йили рад этган. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнгида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.

Ҳибсда сақланаётганларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик, конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик содир этганликда гумон қилмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Ўтган тўққиз ой мобайнида Қозоғистон ҳибсхонадаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига Қозоғистонда, Европа давлатларида ва Американинг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан судларга мурожаат қилган ўзбек қочқинлари Қозоғистонда бошпана изловчи шахс мақомини олиш ёки учинчи давлатга чиқиб кетишга умид қилаётгандилар.

Айни пайтда ҳибсхонадаги қочқинларнинг адвокатлари иш Олмали туман суди билан ниҳоясига етмаслигини ҳамда эндиликда улар бу борада иккинчи инстанция - Олмаота шаҳар судига шикоят аризаси топширишни режалаётганларини айтаяптилар.
XS
SM
MD
LG