Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:30

Халқаро коалиция Қаддафий қўшинларига қарши зарба берди


Ливияга берилаётган ҳаво зарбаларида Британиянинг "Торнадо" учоқларидан ҳам фойдаланилмоқда.
Ливияга берилаётган ҳаво зарбаларида Британиянинг "Торнадо" учоқларидан ҳам фойдаланилмоқда.

Ливия расмийлари Ғарб мамлакатларининг Муаммар Қаддафий режимига қарши ҳарбий амалиёти натижасида шу пайтгача 48 фуқароси ҳалок бўлганини билдирмоқдалар. Мазкур амалиёт 19 март оқшомида Франция учоқлари Ливияга илк ҳаво зарбасини берганидан сўнг бошланган.

Ғарб мамлакатлари ҳарбий амалиёти араб ва ғарб лидерларининг кеча Парижда бўлиб ўтган учрашувидан бир неча соат ўтиб бошланди. Улар БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливия аҳолисини Қаддафий қўшинларидан муҳофаза қилиш учун “барча чора-тадбирларни ишга солиш”га рухсат этувчи резолюциясини амалга ошириш йўлларини муҳокама қилгандилар.

Ҳарбий амалиётнинг дастлабки соатларида Франция авиацияси Қаддафий қўшинларига дохил бир неча танк ва бронетранспортерга зарба берди.

Шундан сўнг ҳарбий амалиётга бошқа мамлакатлар, хусусан, АҚШ ва Британия ҳарбий-ҳаво кучлари қўшилди.

Вице-адмирал Билл Гортни Пентегонда ўтказилган пресс-брифингда Британия ва АҚШ Ливия объектлари бўйлаб 110 та “Томагавк” русумли қанотли ракета отганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳаво зарбалари амалиётнинг биринчи босқичи, холос.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ливия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига сезиларли даражада талафот етказилган.

Reuters агентлигининг гувоҳлар сўзига таяниб хабар қилишича, ҳаво зарбалари берилганидан кейин Ливия пойтахти Триполида отишма бошланган.

Коалиция кучлари амалиёти бошланганидан кейин Ливия телевидениеси Муаммар Қаддафий чиқишининг аудиоёзувини ёйинлади. Унда Қаддафий халқаро коалиция “тажовузи”га жавобан бутун Ўрта Ер денгизи минтақасидаги ҳарбий ва фуқаролик объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди. Полковник Қаддафий Ўрта Ер денгизи минтақаси “ҳақиқий жанг майдони”га айланганини айтаркан, ғарб коалицияси ҳатти-ҳаракатларини “салибчиларнинг мустамлакачиларча тажовузи”, деб атади.

Ливия телевидениеси хабарларига кўра, Ливияга қарши ҳарбий амалиёт бошланганидан кейин камида 48 киши ҳалок бўлди ва 150 киши жароҳатланди. Бироқ бу маълумотлар ҳали мустақил манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.
XS
SM
MD
LG