Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:39

Тожик ўқувчиларининг масжидга кириши ман қилиниши мумкин


“Фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида 18 ёшга тўлмаган ўсмирларнинг масжидга кириши таъқиқлаш ҳам кўзда тутилган.
“Фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида 18 ёшга тўлмаган ўсмирларнинг масжидга кириши таъқиқлаш ҳам кўзда тутилган.

Тожикистонликлар орасида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган фарзанд тарбиясига оид қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди. Айрим тожикистонликлар мазкур қонун лойиҳасининг баъзи моддалари ўзгартирилишини сўрамоқдалар.


13 ёшли Исломжон ўтган йилдан буён намозга кириб, отаси билан марказдаги Жомеъ масжидига қатнаб турган эди.

Тожикистонда “Фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилгандан сўнг у ҳам тенгдошлари қатори масжидда намоз ўқишдан бенасиб бўлди.

- Ҳар кунлик намозимизни уйимиз яқинидаги масжидда ўқирдик. Жума намозларида бу катта масжидга келардик. Энди мелисалар қўйишмаяпти, - дейди Душанбе шаҳар мактабларининг бирида ўқиётган Исломжон.

Аммо болакай милиция ходимлари болаларни нима учун масжидга қўйишмаётганининг сабабини билмаслигини айтади.

Эслатиб ўтсак, тожикистонлик ўсмир ва ёшлар ўтган йил декабр ўрталаридан, аниқроғи “Фарзандлар тарбияисида ота-она масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси президент Имомали Раҳмон таклифи билан умумхалқ муҳокамасига қўйилганидан сўнг масжидларга киритилмай қўйди.

Тожикистон Таълим вазирлиги масъули Ноилшо Нуралиевнинг Озодликка маълум қилишича, икки ой давомида муҳокама қилинган мазкур қонуннинг айрим бандларига ўзгартишлар киритилиши сўралмиш уч ярим мингга яқин таклиф тушган. Расмийнинг айтишича, таклифлар деярли ўхшаш.

- Кўпроқ таклифлар қонуннинг номини ўзгартириш, шунингдек, болаларнинг кечки пайт дам олиш масканларига бориш соатларини янада қисқартириш ҳамда болалар тарбиясида ота-она қаторида ўқитувчиларнинг масъулиятини ҳам ошириш кабилардан иборат, - деди Таълим вазирлиги расмийси Нуралиев.

Айни пайтда бу таклифлар ҳукумат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди.

Аснода давра суҳбатларида ҳам, кўча-кўйда ҳам кўпчилик тожикистонликларни мазкур қонуннинг 17- ва 18-моддалари жуда ташвишга солгани кузатилади.

Бу бандларда ёзилишича, 18 ёшгача бўлган болаларнинг диний маросимларда қатнашиши, масжидларда намоз ўқиши, уй шароитида диний таълим олиши, шунингдек, қизларнинг мактабга ҳижобда бориши таъқиқланади. Қонунга бўйинсунмаганларга эса маъмурий жазо белгиланиши айтилмоқда.

- Бугун биз мусулмонларга масжидда намоз ўқиш муаммо бўлиб қолди. Ўша коммунистлар бугунги демократлардан яхшироқ экан. Илгари кинотеатрларда ахлоқсиз филмлар намойиш қилинса, “16 ёшгача бўлган болаларга кириш мумкин эмас” деган ёзув бўларди. Бугун “18 ёшгача бўлганлар киритилмайди” деган бу ёзув масжидлар пештоқига илинган, - дейди тожик жамиятида Нуриддин эшон номи билан танилган уламо яна бир ойдан сўнг қонун кучига кириши тахмин қилинаётган янги қонунга муносабат билдирар экан.

Тожик расмийлари бундай қонун қабул қилиниши заруратини мамлакатда болалар жиноятчилиги билан боғлиқ ҳолатлар кўпаяётгани билан изоҳлашмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда тўрт мингдан ортиқ жиноят вояга етмаган болалар томонидан амалга оширилган. Шундан тахминан 104 таси одам ўлдириш билан боғлиқ экани айтилади.

Турсунзода туманида яшовчи Майсара опа бу иддаога қўшилмайди. Унинг фикрича, аксинча масжид болалар тарбиясида муҳим рол ўйнайди.

- Намоз ўқиган бола катталарни ҳурмат қилади, инсофли, одобли, тартиб-интизомни тушунадиган бўлади. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Энди қўйишмагандан кейин иложимиз қанча, уйда отаси билан ўқийди, - дейди Майсара опа.

Бироқ, шуни ҳам айтиш лозимки, қонуннинг айнан шу бандидан норози ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам бу борада очиқча мулоҳаза билдиришни хуш кўрмайди.

Аснода қонунинг айнан 17- ва 18-бандлари Тожикистондаги ўзга дин вакилларининг ҳам ташвишларига сабаб бўлмоқда.

Тожикистон жанубидаги насронийлар ибодатхонаси руҳонийси Николай Голуб фикрича, бу лойиҳада инсон ҳуқуқларини чекловчи жиҳатлар талайгина.

- Агар парламент бу қонунни шундайлигича тасдиқласа, мусулмон бўлмаган аксарият фуқаролар бу мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Чунки одамлар ўз миллий урф-одатлари, диний анъаналарини сақлаб қолишни жуда ҳам истайди, - дейди Қўрғонтепа шаҳридаги насронийлар ягона ибодатхонаси руҳонийси Николай Голуб.

Тожикистонлик кузатувчилар эса қонун лойиҳасидаги инсон ҳуқуқлари ва миллий қадриятларни поймол қилаётган бандларга ўзгартишлар киритилмаса, бу тожик жамиятида яна норозиликлар келтириб чиқаришига шубҳа йўқлигини урғулашмоқда.
XS
SM
MD
LG