Линклар

Бухорода Висоцкий ҳақида фильм олинди


Висоцкий ҳақидаги фильмнинг асосий қисми Бухорода суратга олинди.

Висоцкий ҳақидаги фильмнинг асосий қисми Бухорода суратга олинди.

Шу йилнинг 25 июл куни машҳур рус шоири, қўшиқчиси ва актери Владимир Висоцкий ҳақидаги фильм Россия киноэкранларига чиқади. 1979 йилда Ўзбекистон бўйлаб гастролда бўлган Висоцкий ҳақидаги кўп серияли фильм сценарийсини унинг ўғли Никита Висоцкий ёзди.


“Висоцкий. Ҳаётлигинг учун раҳмат” номли фильм Висоцкий вафот этганининг 30 йиллигига бағишланган. Унинг аввал киноэкранларда тўлиқ метражли фильм сифатида намойиш этилиб, сўнгра унинг 4 серияли версияси телевидение орқали кўрсатилиши кутилмоқда

Аллақачон кўпчиликнинг қизиқишини уйғотишга улгурган бу фильм сценарийсини шоирнинг ўғли Никита Висоцкий яратди ва унинг асосий қисми Бухорода суратга олинган, чунки айнан шу шаҳарда 1979 йилнинг июл ойида Владимир Висоцкий юрак ҳуружидан вафот этишига оз қолганди.

Зарафшон-Бухоро-Учқудуқ-Навоий шаҳарлари бўйлаб берилаётган концертлари давомида у Бухоронинг “Интурист” меҳмонхонасида ҳушидан кетиб қолган.

Висоцкийни ўлимдан юрак массажи ва укол қилиб қутқариб қолган унинг шахсий шифокори Анатолий Федотов сўзларига кўра, айнан шу даврда қўшиқчи ичкилик ва наркоманиядан даволанаётган бўлган.

Фильм 30 йил олдин Ўзбекистонда бўлган воқеани ўз кўзи билан кузатган Владимир Висоцкийнинг дўсти актер Всеволод Абдулов хотиралари асосида олинган.

"Бу фильм ҳаммага ҳам ёқмаслиги мумкин", деди тақдимот маросимида фильм муаллифи ва продюсери Никита Висоцкий.

- Бу анча кескин киноасардир. Кўпчилик менга бу фильм юзасидан эътироз билдирилиши мумкинлигини олдиндан ҳис қилиб турибман,- деди Никита Висоцкий.

Ҳақиқатан, 4 сериядан иборат филмда бош қаҳрамон ролини ижро этган актёр исми ҳамон сир тутилмоқда. Кинотанқидчилар томонидан 2011 йилнинг энг яхши филми мақомигача кўтарилаётган бу киноасарнинг намойиш этилган 3 минутли ролигида асосий ролни ижро этаётган шахс ҳақиқий Висоцкийдан мутлақо фарқ қилмайди.

Айтишларича, фильмнинг бош қаҳрамони ролини актер Сергей Безруков ўйнаган, аммо филмда унинг фақат мимикаси ишлатилган. Чунки фильмни яратишда энг замонавий компютер технологиялари қўллангани, Висоцкийнинг ташқи қиёфаси ва овози устида бир неча йил давомида компютер усталари иш олиб боргани маълум бўлди.

9 миллион АҚШ доллари сарфланган бу фильмда фақатгина Висоцкийнинг ташқи қиёфаси ва овозини яратиш учун бир миллион доллар кетгани айтилмоқда.

Актерни грим қилиш учун Ҳолливуддан махсус мутахассис - гримчи таклиф этилган.

Айтиш жоизки, 1979 йилги Ўзбекистондаги гастроллар Владимир Висоцкийнинг кўпчилик шинавандалари эсида қолган.

Зарафшон шаҳрида ҳатто бугунги кунда Висоцкий номи берилган ёзги кинотеатр сақланиб қолган. Бу ерда маҳаллий геологлар ва кончилар учун фақат Владимир Висоцкий концерт берган экан.

Ўзбекистонлик таниқли санъаткор Вячеслав Охунов ҳар бир давр ўз қаҳрамонларига эга бўлганини, Владимир Висоцкий эса ўз қўшиқлари билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига қарата олганини айтади. Бугун эса, Охуновга кўра, Висоцкий ўрнини бошқа қаҳрамонлар эгаллаб бормоқда.

- Бу фильм ижодкорларнинг сўнгги имконияти. Чунки ёшларнинг янги авлоди унинг эстетикасини мутлақо тушунмайди. Янги авлод учун ҳатто Виктор Цой тушунарсиз бўлиб бормоқда. Бу фильм Висоцкийнинг кимлигини яна бир бор ёдга солади, аммо шахсан ўзим Висоцкий қўшиқлари мухлиси эмасман, мен 'Beatles' санъати таъсири остида улғайганман, - дея эслайди Вячеслав Охунов.

Ўзбекистонлик санъаткор Охуновнинг сўзларига кўра, Владимир Висоцкий диссидент ва Совет режими қурбони бўлмаган, бу истеъдодли қўшиқчи ва актерни ўлимидан кейин шундай одам қилиб кўрсата бошлаганлар.

Владимир Висоцкий Ўзбекистонда ҳам жуда машҳур эди. Бир неча йил олдин рус шоири ва қўшиқчисининг "Таъқиқланган қўшиқлар" тўплами журналист Амирқул Каримов таржимасида ўзбек тилида чиқарилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG