Линклар

АҚШ Ҳарбий қўмондони Ливия узра парвозсиз ҳудудни жорий қилиш бўйича дастлабки ҳарбий амалиёт муваффақиятли ўтганини маълум қилди.

АҚШ қуролли кучлари Бирлашган штаби бошлиғи¸ адмирал Майк Малленга кўра, Муаммар Қаддафий кучларининг Бенғози шаҳри томони юриши тўхтатилган.

Амалиёт шанба куни оқшом АҚШ ва Европа ҳарбий ҳаво кучлари иштирокида амалга оширилган эди. Улар Қаддафий тарафдори бўлган ҳаво ва қуруқлик қўшинларини нишонга олди.

Қаддафий ҳукумати берган маълумотга кўра, АҚШ, Британия ва Франция ҳарбийлари ҳужуми чоғида 48 киши ўлган, 150 дан ортиғи жароҳатланган.

Рейтер агентлиги берган хабарга кўра, Бенғозига ҳужум қилаётган Қаддафий ҳарбийларининг ўнлаб танклари ва ҳарбий машиналари яксон қилинган.

Хориж ҳарбийларининг бу ҳужуми сал аввал Қаддафий кучлари Бенғозини ишғол қилишга урингани ва бунинг натижасида 90 га яқин одам ўлгани ортидан амалга оширилди.

Бенғозидаги шикофорлардан бирига кўра, ўлганларнинг аксарияти оддий аҳоли бўлган.

Муаммар Қаддафий эса ғарб ҳарбийларининг бу ҳаракатини мустамлакачилик юриши, деб баҳолади ва бунга қарши Ливия халқини қуроллантириш йўли билан жавоб беришидан огоҳлантирди.

- Ҳозир ҳамма омборларни очиш, халқни қуроллантириш ҳамда шу йўл билан Ливия мустақиллиги, бирлиги ва шаъни учун кураш бошлаш фурсати етди, деди Қаддафий телемурожаатида.
XS
SM
MD
LG