Линклар

logo-print

АҚШ Ҳарбий қўмондони Ливия узра парвозсиз ҳудудни жорий қилиш бўйича дастлабки ҳарбий амалиёт муваффақиятли ўтганини маълум қилди.АҚШ қуролли кучлари Бирлашган штаби бошлиғи¸ адмирал Майк Малленга кўра, Муаммар Қаддафий кучларининг Бенғози шаҳри томони юриши тўхтатилган.

Муаммар Қаддафийнинг Бенғози шаҳридаги мухолиф кучларга қаттиқ ҳужумни давом эттираётган қуруқлик ва ҳаво қўшинлари ҳаракати тўхтатилди.

Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлари Бирлашган штаби бошлиғи¸ адмирал Майк Маллен берган баёнотга кўра, бу Ливия узра парвозсиз ҳудудни жорий қилиш бўйича илк муваффақиятли қадамдир.

Унда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Канада, Италия ҳарбийлари иштирок этди ва бу 2003 йилда Ироққа кирилганидан кейин хориж ҳарбийларининг араб дунёсига қилган илк йирик ҳарбий юриши бўлди.

Эслатамиз, шанба куни АҚШ ва Европа ҳарбий ҳаво кучлари биргаликда Қаддафий қўшинларига ҳаво ва денгиз орқали ҳужум қилди. Ҳужум чоғида ғарб қўшинлари 100 дан ортиқ томагавк русумидаги қанотли ракеталарни қўллагани айтилмоқда.

Кучли отишма овози ўтган тун давомида Триполида баралла эшитилиб турди.

Халқаро коалиция қўшинларининг бу амалиётни ўтказиш қарори шанба куни Парижда ғарб ва араб давлатлари етакчилари иштирокида ўтган йиғилишда қабул қилинди.

Коалиция қўшинлари ёрдамида Ливия узра парвозсиз ҳудудни жорий этиш ва Қаддафий қўшинларининг тинч аҳолига ҳужумини тугатиш ният қилинган эди.

Ливия расмий телевидениеси коалиция ҳужуми чоғида қарийб 50 киши ўлгани, 150 дан ортиғи жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

Рейтер агентлиги берган хабарга кўра, Бенғозига ҳужум қилаётган Қаддафий ҳарбийларининг ўнлаб танклари ва ҳарбий машиналари яксон қилинган ва айни пайтда қаддафийчи кучлар қаттиқ талофотдан ҳаракатсиз қолгани айтилмоқда.

Аммо, бунга қадар бу қўшинлар Бенғозидаги мухолиф кучларга қарши қаттиқ ҳужум қилган эди.

Бенғозидаги шикофорлардан бирига кўра, бу ҳужумдан ўлганларнинг аксарияти оддий ливияликлар бўлган.

20 март куни 68 ёшли Муаммар Қаддафийнинг хориж ҳарбийлари ҳужумига аудео жавоби мамлакат расмий телевидениесида эшиттирилди, аммо, Қаддафийнинг ўзи намойиш қилинмади.

Қаддафий ўз мурожаатида ғарб ҳарбийларининг бу ҳаракатини мустамлакачилик юриши, деб баҳолади.

- Сиз адолатсизсиз, сиз босқинчисиз, сиз маҳлуқсиз, сиз жиноятчисиз. Сизнинг мамлакатингиз сизга қарши. Европа, Америкада ҳам сизнинг бегуноҳ ливияликларга қарши ҳаракатингиз қораланмоқда. Халқ биз томонда, ҳатто, сизнинг халқингиз биз томонда. Ер юзидаги ҳамма одам сизга қарши, деди Муаммар Қаддафий ва халқаро коалиция ҳужумига қарши Ливия халқини қуроллантириш йўли билан жавоб беришидан огоҳлантирди.

- Ҳозир ҳамма омборларни очиш, халқни қуроллантириш ҳамда шу йўл билан Ливия мустақиллиги, бирлиги ва шаъни учун кураш бошлаш фурсати етди, деди Қаддафий телемурожаатида.

Ҳозирга қадар халқаро коалиция кучларининг бу ҳужумини Россия ва Хитой Ливияга "ҳарбий интервенция"дея чуқур таассуф билдирди ва томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето бериш ҳуқуқига эга бўлган бу икки аъзоси Ливия муҳолифатига қарши Муаммар Қаддафий ҳарбийлари ҳужумини тўхтатишга қаратилган резолюциянинг қабул қилинишига қаршилик қилмаган, аксинча, овоз беришда иштрок этмаган беш давлат сафида бўлган эди.

Шу тариқа резолюция ҳеч бир аъзо давлат қаршлигисиз пайшанба куни қабул қилинган эди.

Эндиликда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Хавфсизлик кенгашининг бу қарорини “шошилинч қабул қилинган”, деб баҳоламоқда.

Хитой ҳукумати эса ўз баёнотида “халқаро муносабатларда куч қўлланишини маъқулламаслиги”ни билдирди.

АҚШ президенти Барак Обама бу ҳарбий амалиётни қувватлаб, буни “чекланган ҳарбий ҳаракат”, деб атади ва шанба куни қилган чиқишида бу ҳақда шундай деди:

- Бир тиран ўз халқига қарата кечиримли бўлиш ҳақида гап бўлмаслигини айтган ва унинг қўшинлари Бенғози, Мисурата каби шаҳарларда бегуноҳ аҳолига қарши ҳужумини амалга ошириб турган бир кезда биз бунга бефарқ қараб туролмаймиз, деди АҚШ президенти Барак Обама.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG