Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

Ҳаво зарбалари Қаддафий мудофаа тизимини яксон қилди


АҚШ расмийлари коалициянинг сўнгги икки кун ичида Ливияда амалга оширган зарбалари оқибатида Муаммар Қаддафийга тарафдор кучларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими яксон этилгани ва Ливия узра учиш тақиқланган ҳудудни таъминлаш ишлари муваффақиятли бораётганини айтишмоқда.

АҚШ қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Майк Маллен Ливия узра учиш тақиқланган ҳудуд амалда ўрнатиб бўлингани ва дастлабки ҳаво зарбалари муваффақиятли бўлганини қайд этди.

- Шанба куни бошланган амалиётлар Бенғози яқинидаги қуруқлик қўшинларига қарата зарбаларни ҳам ўз ичига олди ва бундан мақсад тинч фуқароларга ҳужумларни тўхтатиш бўлган. Шанба эрталаб бундай ҳужумлар Бенғозида давом этаётганди, - деди Маллен.

Шунингдек, Ливиядаги ҳарбий базалар ва зирҳли техника ҳаво зарбаларига нишон бўлган.

Айни пайтда Қўшма Штатлар Ливияда Қаддафий кучлари эълон қилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги буйруққа уларнинг ўзлари амал қилмаётганини таъкидламоқда.

Якшанба куни кечқурун Ливияда исёнчиларга қарши ўт очишни тўхтатиш тўғрисида қўмондонликнинг буйруғи кучга киргани ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги вакили билдирган эди.

Якшанба куни Ливия пойтахти Триполида яна портлаш овозлари эшитилди.

Гувоҳлар Муаммар Қаддафий қароргоҳи ва яқин атрофдаги иншоотларга жиддий шикаст етгани ва бинолардан тутун чиқаётганини кўришганини айтишмоқда.

Шанба кунги ҳаво зарбаларига Ливия узра парвоз тақиқланган ҳудудни таъминлаш ва тинч аҳолини муҳофаза этиш учун куч қўллашга изн берувчи БМТ резолюцияси асос бўлган.

Ливиядаги ҳарбий амалиётларга қўмондонлик қилиш Британия ва Франция ҳарбий қўмондонлиги ёки НАТОга топширилиши мумкин. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Роберт Гейтс якшанба куни таъкидлади.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг ўғли Сайфул Ислом мамлакат ҳаво кучлари сўнгги кунлардаги бомбардимонлар ва ракета ҳужумларига жавобан Ғарб давлатларининг Ўрта ер денгизи узра учувчи йўловчи учқичларини нишонга олмаслигини билдирди.

АВС телеканалига берган суҳбатида Сайфул Ислом Қаддафий Ливиядаги амалиётларни Ғарбнинг "хато"си, деб атади.

Германия ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле Германия Ливияда ҳарбий амалиёт олиб бораётган коалиция таркибига кирмаслигини тасдиқлади.

- Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси кучга кирди. Бу халқаро ҳуқуқ, яъни Германия ҳудудидаги қатор ташкилотлар, жумладан, Америка ҳарбий базалари амалиётларда қатнашиш учун ҳаракатга келиши мумкин. Мен бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан суҳбатда ҳам таъкидладим. Лекин Германия Ливияга ўз аскарларини юбормайди, - деди Германия ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле.

Қатар Муаммар Қаддафий режимига қарши ҳарбий амалиётларда муҳим рол ўйнайдиган биринчи араб давлати бўлиши мумкин. АҚШ ва Франция расмийларига кўра, бу давлат Ливия осмонида учиш тақиқланган ҳудудни таъминлаш учун тўртта ҳарбий учқичини юборади.

Пентагон вакили, вице-адмирал Вилям Гортни бошқа араб давлатлари ҳам коалицияга қўшилишга тараддуд кўраётганини айтди.

Аммо Араб Лигаси ва Россия тинч фуқаролар орасида қурбонлар бўлганини айтиб, бомбардимонларни қоралади.
XS
SM
MD
LG