Линклар

Афғонистон шимолидаги Бағлон вилоятида халқаро коалиция ва афғон қўшинлари қўшма рейдида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 4 қўмондони ўлдирилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция тарқатган баёнотда айтилишича, тунда ўтказилган рейд чоғида ЎИҲ ва Толибларнинг бир неча худкуш ҳужумчилар амалиётига масъул етакчилари ўлдирилган.

Коалиция берган маълумотга кўра, рейд чоғида жами 10 жанггари йўқ қилинган, яна бири асир олинган.

Бу ҳақда хабар қилаётган The Long War Journal нашрига кўра, 20 март куни кечаси ўтказилган рейд халқаро қўшинлар томонидан Бағлон вилоятининг жанггари гуруҳлар макон тутгани айтиладиган Бурқа туманида март ойида ўтказилган тўртинчи амалиётдир.

Бу рейдлар чоғида ўзбек, чечен ва тожик жанггарилардан иборат 80 кишилик гуруҳга етакчилик қилган Толиб қўмондони нишонга олингани айтилмоқда.

Шунингдек, сўнгги ой ичида Балх вилоятида ҳам ЎИҲ ва Толиблар гуруҳлари нишонга олинган ҳамда унда ҳам ЎИҲ нинг етакчи қўмондонлари бўлган Билол Қундузий ва Шод Муҳаммадлар ўлдирилган, ҳаракатнинг бошқа бир етакчиси эса ҳибсга олинган.

Хабарларга кўра, ЎИҲ ҳозирда кўпроқ Покистонда Толиблар билан бирга Шимолий Вазиристонни макон тутган ва айрим манбаларга кўра, ўзбек ҳамда бошқа Марказий осиёлик жами 3 минг жангчи бу минтақада қолмоқда.

Бу ҳақда хабар қилаётган The Long War Journal нашрига кўра, 2009 йил сентябр ойида АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилган ЎИҲ нинг собиқ етакчиси Тоҳир Йўлдош ўрнини эгаллаган Усмон Одил етакчилигидаги гуруҳ ҳозир Покистон ва Афғонистондаги террорчилик ҳужумларида иштирок этмоқда.

Шунингдек бу нашрга кўра, ўзбек жангчилари кўпроқ Покистон Толиблари ва Ал-Қойданинг энг нуфузли етакчиларига тан соқчилик қилмоқда.
XS
SM
MD
LG