Линклар

logo-print

Наврўз: Газ йўқ, свет йўқ, лекин бахтлимиз

  • Сарвар Усмон

Тошкентда Наврўз катта дабдаба билан нишонланди, лекин свет йўқлиги туфайли аксар ўзбеклар бу тантанани телевизорда ҳам кўриш имконидан мосуво қолди.

Тошкентда Наврўз катта дабдаба билан нишонланди, лекин свет йўқлиги туфайли аксар ўзбеклар бу тантанани телевизорда ҳам кўриш имконидан мосуво қолди.

Наврўз келди. Янги кун келди. Жаҳон бўйлаб Янги йил деб аталадиган байрамларнинг энг мантиқлиси бўлган байрам келди. Кун билан Тун тенг бўлди. "Эркин микрофон"нинг бугунги сонида мухлисларимиз билан Наврўз байрами ҳақидаги суҳбатлашдик.


Ҳаётидан рози саодатманд Камолиддин


Эртадан бошлаб Ёруғлик Зулматдан устун келишни бошлайди.

Ҳар қалай Табиатда шундоқ бўлади.

Шунисигаям шукур, деймиз.

Ер ўз ўқи атрофида айланаверади. 6 ойдан кейин Зулмат Ёруғликдан устун кела бошлайди.

Лекин бугун, келинг уни ўйламайлик.

Бугун Ёруғликни, фақат Ёруғликни ўйлайлик.

Тожикистоннинг Турсунзода туманида яшайдиган Камолиддин ҳам Наврўз куни ёруғликни, фақат электр симларидан келадиган ёруғликни ўйлаяпти.

10 кундан бери свет йўқ, нимагалигини билиб беринглар, деб қўнғироқ қилди Камолиддин.

Кепқолар, дедик. Қўйинг шу битмайдиган свет ташвишини дедик.

Ўзингиздан гапиринг, байрамдан гапиринг, дедик. Гурунгимиз давомида Камолиддининг деҳқон эканлигини билдик. Демак, Наврўз Камолиддиннинг профессионал байрами.

Ўз байрамини нишонлаётган Камолиддин билан мулоқотимиз бундай бўлди.

Озодлик: Камолиддин, мана бугун 21 март. Наврўз. Кайфият қандай, Наврўз кайфияти?

- Яхши, зўр.

Озодлик: Сиз туман марказида яшайсизми?

- Ҳа.

Озодлик: Туман марказида Наврўзга бағишлаб қандайдир маросимлар бўлдими?

- Ҳа, бўлаяпти. Ҳар йил бўладиган байрам, стадионларда концертлар, кураш, шунақа нималар бўлди. Сумалак дегандай.

Озодлик: Ҳаво қандай?

- Ҳаво иссиқ. Яхши ҳаво. 20 градус бўлаяпти.

Озодлик: Бодомлар гулладими?

- Ҳа, гуллаб қолди бодом. Ўриклар ҳам гуллаяпти.

Озодлик: Камолиддин, сиз нима иш қиласиз?

- Мен деҳқончилик қиламан.

Озодлик: Ўзингизнинг ерингиз борми?

- Ҳа.

Озодлик: Қанча ерингиз бор?

- 30 сотих еримиз бор.

Озодлик: Сизнинг асосий тирикчилигингиз ўша 30 сотихлик ерданми ëки яна бошқа иш ҳам қиласизми?

- Шу ер.

Озодлик: Нима экмоқчисиз бу йил?

- Бодринг, помидор.

Озодлик: Бодрингни сотиш учун экасизми?

- Ҳа.

Озодлик: Бир мавсумда неча пуллик бодринг сотасиз?

- Сотамиз 2-3 миллионлик.

Озодлик: 2-3 миллион дегани неча пул у? Ўзбек пулини айтаяпсизми?

- Йўқ, тожик пулида.

Озодлик: 2-3 миллион деяпсизу.

- 2000-3000 сомонда.

Озодлик: Неча доллар бўлади бу?

- 600-700 доллар.

Озодлик: Яна нима сотасиз шу 30 сотих ерингиздан?

- Узум бор.

Озодлик: Бир йилда ҳаммаси бўлиб неча пул даромад қиласиз деҳқончиликдан?

- Билмадим энди. Ҳисоб-китоб қилмаймиз унақа.

Озодлик: Оилангиз каттами?

- Унча кўпмас.

Озодлик: Неча киши?

- 4 киши.

Озодлик: Демак, сиз ўзингиз, келин, яна иккита фарзандингиз бор.

- Ҳа.

Озодлик: Тўрт кишилик оилани 30 сотихлик ер бир йилда боқа оладими?

- Ҳа, боқади.

Озодлик: Демак, 30 сотих ерингиз борлиги учун сиз Россияга бормаяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ë бориб турасизми?

- Йўқ, бормайман. Нима қиламан Россияда?

Озодлик: 30 сотих ердан бошқа даромад манбаи борми йўқми?

- Йўқ.

Озодлик: Машинангиз борми?

- Бор.

Озодлик: Уй ўзингизникими?

- Ҳа.

Озодлик: 30 сотих ерда деҳқончилик қилиб топган пулингиздан қанчаси фақат еб-ичишга кетади?

- Билмадим, биз ҳеч ҳисоб-китоб қилмаймиз.

Озодлик: Келин ишлайдими?

- Йўқ.

Озодлик: Ўғил-қизлар неча ëшда?

- Майда ҳали, ëш ҳали.

Озодлик: Ҳаëтингиздан розисиз.

- Розиман. Яхши, зўр, дейди Тожикистоннинг Турсунзода туманида яшайдиган Камолиддин.


Мустақилликни олий неъмат биладиган Аҳмаджон

Озодликнинг Эркин микрофонига Наврўз куни қўнғироқ қилганлардан бири шаҳрисабзлик Аҳмаджон акадир.

У киши Ливиядаги воқеаларга муносабат билдириш учун қўнғироқ қилганини айтди.

Аҳмаджон ака Ғарб давлатларини Ливияга қилган ҳужуми учун кескин қоралади.

Унинг фикрича, Ғарб давлатлари Ливия халқини қаҳри қаттиқ полковникдан қутқариш учун эмас, балки нефтни деб ҳужум қилди.

Келинг, Аҳмаджон ака, дедик, Ливиядаги воқеаларга муносабатингизнинг мағзини бериш билан чекланайлик дедик.

Сиз ўзингиз яшаб турган Шаҳрисабзда Наврўз қандай нишонланганидан олинг, дедик.

Аҳмаджон ака олди. Наврўз байрамидан олди.

- Наврўз байрами одамларда кўтаринки кайфият билан, ҳаволар жуда илиқ. Одамларнинг кайфияти юқори. Жуда бир яхши ўтдида.

Озодлик: Қанақа маросимлар бўлди?

- Майдонда хонандалар, раққосалар рақс тушиб, сумалаклар дошқозонга осилиб, муболаға йўқ, камчилик йўқ ўтди.

Озодлик: Замонавий тил билан айтганда Наврўз деҳқонларнинг профессионал байрамида. Энг аввало деҳқоннинг байрами. Сизнинг ҳам ерга алоқангиз борми?

- Шаҳар жойда яшаймиз. Сотихимиз жуда кичкина. Ерга унча алоқам йўқку, лекин шундай бўлса ҳам Наврўздан олдин дарахтларнинг тагини юмшатиб, жуда кўтаринки кайфият билан нима қилдикда.

Озодлик: Бугун байрамини нишонлаëтган ўзбек деҳқони қандай яшаяпти деб ўйлайсиз бир шаҳарлик сифатида?

- Менимча, ўзбек деҳқони камчилик бор, йўқ эмас. Ер эгасини топди дейдию, ер эгасини топгани йўқ. Қорни катта, пулдорларни топди деб ўйлайман. Ўзимнинг нуқтаи назаримда. Деҳқон, оти билан қон деб қўйибдику. Едиради, кийдиради. Деҳқонга ҳар қанча таъзим қилсак ҳам, ҳар қанча раҳмат айтсак ҳам оз. Деҳқон бироз камчилиги бор деб ўйлайман.

Озодлик: Сизнинг назарингизда, бир шаҳарликнинг назарида, ўзбек деҳқони йилдан йилга яхшироқ яшаяптими ëки ëмонроқ яшаяптими?

- Бу саволингизга мен шундай деб жавоб бераман. Олдин колхоз бўлар эдику. Жамоа бўлгич эди. Энди ëмонроқ бўлса керак деб ўйлайман.

Озодлик: Ўзингиз, бир шаҳрисабзлик сифатида ўтган йилги Наврўздан бу йилги Наврўз орасида ҳаëтингиз яхшироқ бўлиб қолдими ëки ëмонроқ?

- Менинг шахсий ҳаëтимда ўтган йилги Наврўзга қараганда бир хил ҳолатдада. Газлар берилмайдику. Газ, нималар берилмайди, бу ҳақда жуда кўп мурожаат қилдик.

Озодлик: Сизнинг шахсий ҳаëтингиз бир текис кетаяпти экан. Мамлакат ҳаëтидачи? Рақамларни биламйсиз, лекин ўзингизнинг ичингизда бир ҳис пайдо бўладида. Мамлакат ҳаëтида ўтган йилги Наврўздан бери нима ўзгариш бўлди? Яхши томонга ўзгариш бўлдими ëки ëмон томонгами?

- Ўзбекистон мисолидами?

Озодлик: Ҳа.

- Унда реал гапни айта олмайман.

Озодлик: Реал гапни вақти келса президент ҳам била олмаяпти. Президент балки билса ҳам гапира олмаяпти. Сизнинг ичингизда қанақа ҳис бор деяпман?

- Ўтган йилдан бери Ўзбекистон баъзи бир соҳалар бўйича илғорлаб, пешқадамлик, баъзи бир соҳалар бўйича, ўзимнинг нуқтаи назарим, оқсоқ деб ўйлайман. Оқсоқ ҳолатда деб ўйлаганим газ таъминоти, электр таъминоти, иш таъминоти оқсоқ ҳолатда.

Озодлик: Ичингизда “Яхшиям ўзбекистонлик эканман” деган гап борми йўқми?

- Албатта, минг бор Худога шукур.

Озодлик: Ўтган Наврўздан бери “яхшиям ўзбекистонлик эканман” деган гап кучайдими сусайдими?

- Ўтган йил эмас, 1991 йил мустақилликка эришганимиздан бери ичимда жуда бир хурсандчилик борда, дейди суҳбатдошимиз шаҳрисабзлик Аҳмаджон ака.


Ўшга Наврўз эмас, 21 март келди

Наврўзни Ўшда ҳам байрам қилдилар.

Ўшнинг аҳолиси 90-95 фоизи ўзбеклар бўлган Турон шаҳарчасидаги байрамда президент Ўтунбаева иштирок этди.

Бу шаҳарчада 10 – 15 йиллик бир анъана бор. Деярли ҳар йилнинг Наврўзида шаҳарчанинг ўз-ўзини бошқарув органи - Ҳудудий кенгаш қўли юпқароқ оилаларнинг ўғил болаларига тўй қилиб беради. Уларнинг қўлларини ҳалоллайди.

АКИпресс агентлигининг 21 март кунги хабарига қараганда, шаҳарчада ана ўшандай тўйлардан навбатдагиси бўлиб ўтди ва унга президент Ўтунбаева, Қирғизистон парламенти спикери Келдибеков, Ўш шаҳри мэри Мирзақматовлар қатнашди.

Эркин микрофон туронликлардан бирига қўнғироқ қилди.

Шаҳарчадаги Тўқтағул номидаги ўрта мактабда бўлиб ўтган маросим тўғрисида исмини айтмаслигимиз шарти билан ҳикоя қилган туронлик опа Мирзақматовнинг маросимда айтган бир гапи тўғрисида куюниб гапирди.

Маълум бўлишича, шаҳар ҳокими "Турон июн воқеалари давомида қон тўкилмаган, уйларга ўт қўйилмаган ягона мавзедир. Бунга туронлик оқсоқолларнинг донолиги туфайли эришилди. Улар ёшларни ўз вақтида ушлаб қола билди", дебди.

Туронлик опага Мирзақматовнинг шу гапи ёқмабди.

- Бу билан нима демоқчи? Қариялар бўлмаганда нима бу ерга ҳам ўт қўйилармикан? Билмайман энди нимага бунақа деди экан. Бу сабабмас менинг ўйимча. Энди бунақа гапларни гапиришнинг ўрнига бошқа ишлар қилиш керак. Ўт қўйилган жойларда қариялар йўқми? Уларда ҳам кўп эдию қариялар. Черëмушкида, бошқа ерда йўқмиди қариялар? Ҳамма ерда қария бор. Мана шунақа гапни гапиргани, менинг ўйимча мантиққа ҳам тўғри келмайди, яшашимизга ҳам тўғри келмайди. Қирғиз халқи билан ўзбек халқи аввалдан яхши яшаб келганмиз. Ҳеч урушмаганмиз. Талашмаганмиз бир биримиз билан. Оддий халқда ҳеч гуноҳ йўқ. Оддий халқ мана кўчага чиқсак, у ëққа қарасак ҳам қирғиз ўртоқларимиз, бу ëққа қарасак ҳам қирғиз ўртоқларимиз. Ўртоқларимиз билан юрибмиз. Урушганимиз йўқ, талашганимиз йўқ. Бунақа гапларнинг чиқиши энди, халқ учун бунақа гап гапириш нотўғрида, дейди исмини айтмаслигимиз шарти билан туронлик опа.

Туронлик опанинг аччиғи чиққанича бор. Овозини ёзиб олмаслишимиз шарти билан гапирган яна бир туронликнинг айтишича, Мирзақматовнинг гапи тагидан бир машъум иддао сизиб чиқмоқда. Маъноки, гўё Черемушки, Навоий кўчаси, Мажримтол, Увам бўйи, Бешкўприк ва ўзбеклар яшайдиган бошқа маҳаллаларни туманлардан келган босқинчилар эмас, балки оқсоқолларига қулоқ солмаган ўзбек ёшлари талаган, ўзбек ёшлари ўт қўйган.

Агар, Ўш шаҳар ҳокими чиндан ҳам шундай демоқчи бўлган бўлса, унда Ўшга Наврўз – Янги кун келмабди.

Ўшга 21 март келибди холос.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG