Линклар

logo-print

Москвада бу йил Наврўзнинг 19 мартдан 21 мартгача Россия пойтахтининг Лужники стадионида концерт ва томошалар билан нишонланиши эълон қилинган эди. Лекин байрам тантаналари фақатгина 20 март куни қисқартирилган вариантда ўтказилди.


Москвада Наврўз байрами Лужники стадионидаги “Россия” концерт залида 3 кун давомида “Халқлар Дўстлиги” II Халқаро фестивал доирасида тантана ва концертлар билан нишонлашини эълон қилинган эди. Байрам намойишларини ташкиллаштиришда Россия Мигрантлари Федерацияси бошчилигида Москванинг 11 миллий жамоатчилик уюшмалари, Россия жамоатчилик Палатаси ва шаҳарнинг Минтақавий муносабатлар ва миллий сиёсати бўйича Департаменти иштирок этаётгани эълон қилинди.

Аммо номаълум сабабларга кўра, тантаналар 20 март куни қисқартирилган шаклда ўтказилди.

Бу ўзгариш сабабларини аниқлаш мақсадида Минтақавий муносабатлар ва миллий сиёсати бўйича Департаментига мурожаат қилдик. Гўшакни кўтарган Департамент расмийси Елена Штукатур Наврўз байрами бир кунда нишонланиши ҳақида 15 март куни маълум бўлганини айтди.

- Ҳаммага хабар беришлари керак эди. Ташкилотчилар биз эмас, Россия Мигрантлар Федерацияси. Бугун тадбир бўлмайди, кеча ўтказилди ҳаммаси. Улар байрамнинг икки кунидан воз кечиб бир кунда ўтказиб юборди. Лекин нима сабабдан байрам тадбирлари қолдирилгани ҳақидаги хабар тарқатилмаганини мен билмайман, деди Москва ҳукумати вакили Елена Штукатур.

Тадбир иштирокчиларининг тахминларига кўра, Москванинг энг йирик стадиони ҳисобланмиш Лужникида 30 мингга яқин одамнинг тшпланиши кутилган.

Унда Ўзбекистондан таклиф этилган Насиба Абдуллаева, Шаҳзода, Сўғдиёна, Тожикистондан Шабнами Сурайё, “Шамс” гуруҳи ва бошқа санъаткорлар иштирок этиши айтилаётган эди.

Исми сир қолишини истаган манбанинг Озодликка айтишича, Лужникидаги тадбир ташкилотига кўплаб миллий-маданий марказлар жалб этилмагани, улардан айримлари ҳатто таклиф этилмагани боис тадбир ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлмаган. Суҳбатдошимизга кўра, Наврўз концертларига билет нархи 600 рублдан 1800 рублгача бўлгани оддий мигрантлар учун ўта қимматлик қилгани сабабли ташкилотчилар режалари амалга ошмасдан қолган: билетларнинг ҳатто ярмиси сотилмаган.

Москвадаги Наврўз байрамини ўтказишни ўз зиммасига олган Россия Мигрантлар Федерацияси расмий сайтида “техник сабабларга кўра Лужникида 19 ва 20 мартда ўтказилиши режалаштирилган концертлар май охирларига кўчирилди, мазкур концертларнинг ўтказилишининг аниқ муддати яқин кунларда эълон қилинади”, деган изоҳ эълон қилинди.

Озодлик мухбири тадбирнинг қолдирилиши сабабларини аниқлаш мақсадида Россия Мигрантлар Федерацияси президенти Муҳаммад Амин Маъжумдорга мурожаат қилди.

- Келинг, тафсилотларга берилмайлик. Айрим қийинчиликлар бўлган эди... Кимда-ким билет сотиб олган бўлса, бизга мурожаат қилсин – пулини қайтариб берамиз. Хоҳлаганлар май ойида бўладиган концертимизда иштирок этиши мумкин,- дея гапни қисқа қилид Муҳаммад Амин Маъжумдор.

20 март куни, ниҳоят эълон қилинган концерт ўтказилди. Лекин олинган маълумотларга кўра, Наврўзни нишонлаш истагида бўлган бир қатор миллий диаспоралар вакиллари, жумладан туркман, қозоқ, курд, араб, лазгинлар бу байрам тантаналарида қатнашишдан бош тортган.

Москвада 2006 йилдан буён умумшаҳар мақомига эга бўлган Наврўз байрами бу сафар анчайин камтарона ўтказилиши сабабларини “Қозоқ бирлиги” Москва жамғармаси президенти Пўлат Жамоловдан сўрадик. Асли Тошкентда туғилган Москвадаги қозоқлар етакчиси Пўлат Жамолов Россия Мигрантлар Федерацияси уюштирган бир кунлик тадбир нисбатан яхши таасурот қолдирганига қарамасдан, уни ташкиллаштиришда шаҳарнинг кўплаб миллий маданий бирлашмалари манфаатлари ҳисобга олинмаганини айтади.

- Гап шундаки, 20 мартдан ўтказиш ҳақидаги қарор 3 кун олдин, яъни чоршанба куни кечқуруни қабул қилинди. Шу сабабли Москвадаги бир қатор ташкилотлар бу тадбирда иштирок этмасликка қарор қилди, чунки 21 март – душанба, иш куни. Россияда кўпчилик ишини ташлаб байрамга кела олмайди. Ахир байрам "Хўжа кўрсинга" бўлмаслиги керак! Наврўзни оддий одамлар нишонламаса, ким учун унда?!- деди Пўлат Жамолов.

Қозоқ миллий маркази раҳбари бу йилги Наврўз тантаналарининг бундай кичрайтирилган форматда ўтказилишига қисман Москванинг янги мэри Собянин шаҳар ҳокимиятида амалга ошираётган ўзгартиришлар сабаб бўлди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, одатда Москвада умумшаҳар ҳисобланган Наврўз байрамини молиявий таъминлаш Собянин тарқатиб юборган пойтахтнинг миллий масалалар бўйича Департаментига юкланган. Янги ҳукумат таркибида эса бундай тузилма ҳозиргача юридик мақомга эга бўлганича йўқ.

Лекин бу масалани ҳал этишга барча миллий диаспоралар жалб этилиши зарур, дея давом этади “Қозоқ бирлиги” Москва жамғармаси президенти Пўлат Жамолов.

- Москва шароитида барча диаспораларнинг манфаатларини ҳисобга олиб бундай катта тадбирни уюштириш осон масала эмас. Лекин бу тадбирни ташкил этган мигрантлар ташкилотлари раҳбарлари “кўрпани” ўзларига тортмаслиги керак. Чунки шахсан бизнинг ва бошқа бир қатор ташкилотлар таклиф қилинмаганидан кейин албатта тушунмовчилик юзага келади. Наврўзда Москванинг барча ташкилотлари иштирок эта олишини бир тасаввур қилинг,- дейди Қозоқ миллий маркази президенти Пўлат Жамолов.

Эслатиб ўтиш жойиз, 2010 йилнинг февралида БМТ Бош Ассамблеясининг 64 йиғилишида 21 март Халқаро Наврўз куни деб эълон қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG