Линклар

logo-print

Халқаро кучлар яна Қаддафийга ҳужум қилди


Ливияда исёнчи кучлар халқаро коалициянинг Қаддафий кучларига ҳужумини олқишламоқда.

Ливияда исёнчи кучлар халқаро коалициянинг Қаддафий кучларига ҳужумини олқишламоқда.

Халқаро коалиция яна Муаммар Қаддафий кучларига ҳужум уюштирди. АҚШ ва Европанинг бир неча давлатлари БМТ резолюциясига биноан Ливия узра парвозсиз ҳудудни жорий этиш ҳамда Қаддафий кучларининг тинч аҳоли вакилларига ҳужумларини тўхтатишга уринмоқда.


21 мартга ўтар кечаси Ливияда халқаро қўшинлар Муаммар Қаддафий кучларига қарши иккинчи йирик ужумни уюштирди.

Бу ҳужум чоғида Қаддафий режимига тегишли ҳаво ҳужумига қарши мудоффа тизимларига жиддий зарар етгани айтилмоқда. Айни пайтда Қаддафийнинг қароргоҳига ҳам ҳужум уюштирилгани хабар қилинди.

Ҳозирча бу ҳужумлар чоғида етказилган зарар ҳақида рсмий маълумотлар йўқ. Қаддафийнинг ўзи қаерда экани ҳам номаълум.

АҚШ, Британия, Франция, Италия, Канада ва яна бир неча давлатнинг ҳаво ва денгиз қўшинларидан иборат халқаро коалиция илк амалиётини шанба оқшом бошлаган эди.

Коалиция БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига биноан Ливия узра парвозсиз ҳудудни жорий этиш ҳамда Қаддафий кучларининг мухолиф гуруҳлар ва тинч аҳоли вакилларига ҳужумларини тўхтатишга уринмоқда.

Ҳозирда Қаддафий режимининг ўз халқига нисбатан зўарвон ҳаракатларига барҳам бериш йўлида ташланган бу қадамга муносабат турлича бўлмоқда.

Хусусан, Араб давлатлари лигаси аввалига бунга бироз танқидий муносабатда бўлган эди. Аммо, лига етакчиси Амр Мусса бугун танқиди руҳини бироз пасайтириб, БМТ резолюциясини ҳурмат қилишини таъкидлади.

Аммо, Россия Бош вазири Владимир Путин Қаддафий режимига қарши бундай ҳаракатни ўрта асрлардан қолган сиёсат, дея танқид қилди ва БМТ резолюциясини “фойдасидан зиёни кўп”лигидан огоҳлантирди.

- Ливияда демократия йўқ. Лекин бу кимгадир ички сиёсий низога аралашиш имкони берилган, дегани эмас,- деди Россия Бош вазири рус матбуотига берган интервюсида.

Аммо АҚШ қўмондонлиги бу амалиётлар самара бераётгани ва сўнгги кунлар ичида Ливия осмонида парвозлар кузатилмаётганини маълум қилди.

Жумладан, АҚШ вице адмирали Уилям Кортни: “Биз бу ҳаракатларни самарали, деб ҳисоблаймиз. Чунки, режимнинг ҳаво орқали мудофаа тизими, хусусан, узоқ масофага учувчи SA-5s русумли самолётлари ишдан чиқди”, дея баён қилди.

Айни пайтда АҚШ қўшинлари Қаддафий кучларининг ўт очишни тўхтатиш бўйича берган таклифи бундай таклиф бир марта қаддафийчиларнинг ўзи томонидан бузилгани важидан рад этилганини маълум қилди.

Ливиядаги мухолиф кучлар халқаро қўшинлар амалиётларини тўлиқ қўллаб-қувватламоқдалар.

Аммо, буни қаттиқ қоралаётган қаддафийчи кучлар жангни давом эттиришини айтмоқда.

- Биз уларни кутяпмиз. Уларнинг қабри бу ерда тайёр. Биз уларни дўзахга таклиф қиламиз, деди Қаддафий тарафдорларидан бири Триполи шаҳрида туриб.

Айни пайтда Муаммар Қаддафийнинг ўзи сўнгги кунлар ичида жамоатчиликка кўринмаяпти.

20 март куни унинг аудиомурожатти мамлакат расмий телевидениеси орқали эшиттирилди, ўзи эса намойиш қилинмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG