Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

Қаддафий кучлари Бенғозидан чекина бошлади


Коалиция кучлари уч кундан буён Ливияда ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда. АҚШ генерали Картер Хэм халқаро коалициянинг ҳаво зарбаларидан сўнг Ливия армиясидаги Қаддафийга содиқ кучлар анча заифлашиб қолганини таъкидлади.


Бугун Ливия пойтахти Триполининг бир неча ҳудуди ҳаво зарбаларига учради.

Гувоҳларнинг айтишларича, Ливия пойтахтидан 10 километр шарқда жойлашган Бусетта ҳарбий денгиз базасида портлашлар рўй берган.

Ливия давлат телевидениеси пойтахт Триполининг бошқа мавзелари ҳам ҳаво зарбаларига учрагани ҳақда хабар қилди.

Америкалик ҳарбийларга кўра, Қаддафий кучлари исёнкорларнинг асосий истеҳкоми бўлиб қолаётган Бенғози шаҳридан чекина бошлаган.

АҚШ генерали Картер Хэм халқаро коалициянинг ҳаво зарбаларидан сўнг Ливия ҳукумат кучлари анча заифлашиб қолганини таъкидлади.

Ўз чиқишида генерал Хэм амалиётлардан мақсад Қаддфийни йўқ қилиш ёки исёнчилар ҳаракатини қўллаб-қувватлаш эмаслигини алоҳида қайд этди.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ҳам мамлакати парламентида қилган кечаги чиқиши давомида Ливияда ҳарбий амалиётлар муваффақиятли олиб борилаётгани ва Ливия узра учиш тақиқланган ҳудуд амалда ўрнатиб бўлинганини қайд этди.

- Коалиция кучлари Ливиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг катта қисмини яксон этди ва бунинг натижасида Ливия ҳаво ҳудудида учиш тақиқланган зона жорий қилинди. Бу амалиётлардан мақсад Ливияга бостириб кириш, оккупация қилиш эмас, асл мақсадимиз тинч фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш,- деди Кэмерон.

Обама: Қаддафийнинг кетиши сиёсий зарурат

Лотин Америкаси давлатларига сафар қилаётган АҚШ президенти Барак Обама Ливия раҳбари Муаммар Қаддафийнинг ҳокимиятдан кетиши сиёсий зарурат эканини қайд этди.

Обама бу ҳақда кеча Чили пойтахти Сантяго шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлади.

Оқ уй раҳбарига кўра, ушбу сиёсий мақсадга эришиш учун Вашингтон ҳарбий чорадан ташқари, талай бошқа воситаларга ҳам эга.

- АҚШ Қаддафий кетиши шарт, деган сиёсий позицияни эгаллади. Ва бу сиёсатни амалга ошириш учун ҳарбий чораларга қўшимча бизнинг ихтиёримизда бошқа воситалар ҳам бор,- деди Обама.

Вашингтоннинг яқин кунларда Ливиядаги ҳарбий амалиётларга қўмондонлик ролини Британия ва Франция ҳарбий коалицияси ёки НАТОга топшириши кутилаётир.

Ливиядаги вазият Хавфсизлик кенгашида кўрилади

Сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Ливиядаги вазият бўйича ёпиқ эшиклар ортида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади.

Кенгаш Ливия сўровига кўра фавқулодда йиғин ўтказишдан воз кечди.

Ливия ташқи ишлар вазири Мусо Қуса халқаро кучларнинг ҳаво зарбалари ва Ливия узра учиш тақиқланган ҳудуд барпо этиш бўйича олиб бораётган ҳарбий амалиётлари бўйича фавқулодда йиғин ўтказишни сўраб мурожаат этган эди.

Хавфсизлик кенгашига ёзган хатида Мусо Қуса халқаро кучларнинг "ҳарбий агрессия"сини муҳокама этишни сўраган.

Медведев Путинга танбеҳ берди

Россия раҳбари Дмитрий Медведев бош вазир Владимир Путинга "салиб юриши" иборасини қўллагани учун танбеҳ берди.

Аввалроқ Россия Бош вазири Путин коалиция кучларининг Ливиядаги амалиётлари ҳақида гапира туриб, "салиб юриши" сўзини ишлатган эди.

Кейинчалик Россия Президенти Дмитрий Медведев бундай иборани қўллаш ҳозирги вазиятда ноўрин экани, бу маданиятлар ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

- Маданиятлар ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкин бўлган "салиб юриши"каби иборани қўллаш мутлақо ноўрин,- деди Медведев.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс сешанба куни Петербургдан Москвага келади ва Россия Президенти Дмитрий Медведев билан учрашади.

Россия пойтахтида Пентагон раҳбарининг Ливияда ўтказилаётган ҳарбий амалиётлар мақсади ҳақида чиқиш қилиши кутилаётир.
XS
SM
MD
LG