Линклар

ЎИҲ яна Марказий Осиёга қайтиши мумкин


Тоҳир Йўлдош ўлдирилганидан кейин унинг ўрнини марҳумнинг куёви экани айтиладиган Усмон Одил эгаллаган.

Тоҳир Йўлдош ўлдирилганидан кейин унинг ўрнини марҳумнинг куёви экани айтиладиган Усмон Одил эгаллаган.

Ўтган ҳафта охирида Афғонистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 4 қўмондони ўлдирилди.


НАТО қўшинларининг афғон кучлари билан биргаликда ўтказган бир нечта ҳарбий амалиёти Афғонистон шимолида фаоллашиб қолган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига қарши қаратилгани айтилмоқда.

Террорчиликка қарши халқаро курашни ёритиб борадиган нуфузли The Long War Journal нашрига кўра, 20 март куни кечаси ўтказилган рейд Бағлон вилоятининг жанггарилар истеҳкоми ҳисобланмиш Бурқа туманида халқаро қўшинлар март ойида ўтказган тўртинчи амалиётдир.

Бунга қадар ўтказилган рейдлардан бирида ўзбек, чечен ва тожик жанггарилардан иборат 80 кишилик гуруҳга етакчилик қилган Толиб қўмондони йўқ қилингани ҳам айтилмоқда.

Шунингдек, бу нашрга кўра, кейинги йилларда, айниқса 2009 йилда ҳаракат етакчиси Тоҳир Йўлдош ўлдирилганидан кейин нуфузи сусайиб қолгани айтилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳозирда уч мингга яқин жанггариси Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятида паноҳ топган.

Хўш Ўзбекистон Исломий Ҳаракати яна фаоллаша бошладими, бу жанггари ҳаракатининг Марказий Осиёга яна таҳдид солиши эҳтимоллари қандай? Бу саволларни Берлиндаги Халқаро ва хавфсизлик масалалари бўйича Германия институти профессори, Марказий ва Жанубий Осиёдаги террорчилик масалалари бўийча таҳлилчи доктор Гуидо Шатйнбергга бердик.

- Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини таҳлил қилишда эҳтиёт бўлишимиз керак. Улар 2001 йилда катта талафотларни бошдан кечирди, кейинги йилларда ҳам Покистон ҳукумат кучлари ўтказган амалиётлар оқибатида қийинчиликларга учради. Шу сабабдан қатор экспертлар ЎИҲ ўз қудратини йўқотиб бораётган ташкилот, деган фикрларни илгари сура бошлади. Лекин ЎИҲ Афғонистон ва Покистондаги энг кучли хорижий жанггари гуруҳ, хусусан Ал-Қоидадан ҳам қудратлироқ ташкилот эканини унутмаслик лозим. Шунинг учун ЎИҲ ўз нуфузини йўқотди, Тоҳир Йўлдош ўлдирилди ва бу гуруҳ Марказий Осиёга бошқа таҳдид солмайди, дейиш хато бўлади, менимча. Аслида сўнгги йилларда ЎИҲ Афғонистондаги урушда фаолроқ қатанаша бошлаганини кўришимиз мумкин. Ҳаракат Афғонистоннинг Қундуз, Таҳор ва Бағлон вилоятларидаги учта қудратли жанггари гуруҳидан биридир ва 2008 йилдан бери фаоллигини оширмоқда. Шунинг учун ЎИҲ жанг майдонига қайтмоқда, дейишга асос бор.

Озодлик:
Доктор Штайнберг, Озодлик билан сўнгги суҳбатлардан бирида ЎИҲ жанггарилари сони тўртр хонали рақамдан иборат деган эдингиз. Энди The Long War Journal нашри ҳам Шимолий Вазиристонда уч мингга яқин ЎИҲ жанггариси борлигини ёзмоқда. Демак, бу гуруҳ кейинги йилларда янги аъзоларни ёллашга муваффақ бўлибдида?

- Мен аниқ рақамларни бимайман, шунинг учун тўрт хонали рақам, деб айтган эдим. Шимолий Вазиристонда уч минг жанггари борлигига оид хабар, менимча бироз бўрттирилган. Мен ЎИҲ жанггарилари сони 1000 билан 1500 орасида бўлса керак, деб тахмин қиламан. Лекин тасдиқланмаган баъзи хабарларга кўра, ЎИҲ ўтган йилнинг ёзида Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар туфайли у ерани тарк этган этник ўзбеклар орасидан янги аъзоларни ёллаган бўлиши мумкин. Шахсан мен бу хабарни ҳозирча тасдиқлата олганим йўқ. Лекин ҳатто мен тахмин қилган 1000-1500 жанггаридан иборат бўлган гуруҳ бўлса ҳам, ЎИҲ Покистон ва Афғонистондаги энг йирик хорижий жанггари гуруҳи бўлиб қолади. Бундан ташқари, ЎИҲ жанггарилари яхши қуролланган ва тайёргарлиги ҳам жуда яхши. Ҳар қалай у ердаги араблардан кўра яхшироқ тайёргарликка эга.

Озодлик: Доктор Штайнберг, ЎИҲ фаолашиб бораётган экан, сиз уни минтақадаги энг қудратли хорижий жанггари гуруҳи, деб аташингиз ва НАТО кучларининг Афғонистондан кетишига саноқли йиллар қолганини инобатга олсак, бу ташкилотнинг яна Марказий Осиёга қайтиши, бу минтақа давлатларига таҳдид солиши эҳтимоллари қанчалик реал?

- ЎИҲ бугунги кунда бир неча йил аввалгидан кўра каттароқ таҳдид, деб қаралиши лозим. Бунга сабаб ташкилотнинг Покистондаги минглаб аъзолари борлигида эмас, чунки у сўнгги бир-икки йилга қадар қаттиқ изоляцияда бўлиб келди. Ундан келаётган таҳдиднинг асосий сабаби ЎИҲ Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги операцияларда фаол қатнаша бошлаганидадир. Бу минтақада эса ЎИҲнинг маҳаллий ўзбеклар билан яқин алоқалари бор. Қундуз аҳолисининг 15 фоиздан 25 фоизигачаси ўзбеклардан иборат. Таҳор аҳолисининг 40 фоизига яқини этник ўзбеклардир. ЎИҲнинг бу минтақада 2007 йил охирлари 2008 йил бошларида пайдо бўлгани ҳаракатнинг Марказий Осиёга қайтиш истагида эканини кўрсатади. Ҳозирча немис ва америкалик қўшинлар бу ташкилотнинг аввал Тожикистонга кейинчалик Фарғона Водийсига ўтишига тўсқинлик қилиб турибди. Менимча, келаси бир неча йил давомида ЎИҲ 2001 йилга қадар бўлганидек, Афғонистон шимолида ўз базаларини тиклаб, куч тўплаш стратегиясини танлаган. Ана ўшанда бу ташкилот яна Марказий Осиё минтақаси учун катта таҳдидга айланади. Албатта ЎИҲ минтақа давлатлари ҳарбий салоҳияти олдида нисбатан анча заиф тузилма бўлиб қолишини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Лекин америкаликларнинг Қундузда айнан ЎИҲга қарши рейдларни ўтказаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки Қундуздаги хавфсизлик учун масъул бўлган немис қўшинларининг ўзи бунинг уддасидан чиқа олмаётган кўринади. Америкаликларнинг ЎИҲга қарши рейдлар ўтказаётганини бу ташкилотнинг яна Марказий Осиёга таҳдид сола оладиган куч сифатида майдонга қайтиши борасидаги АҚШ хавотирлари билан тушунтириш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG