Линклар

Ўзбекистонда аҳоли нега оралатиб саналяпти?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта собиқ совет даврида ўтказилган.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта собиқ совет даврида ўтказилган.

Ўзбекистон президенти 14 мартда имзолаган қарорга биноан 21 апрел куни Ўзбекистон аҳолисини аҳоли пунктларини оралатиб рўйхатга олиш бошланади. Тадбир 30 апрел куни якунига етади.


Бу ҳақда хабар қилган Gazeta.uz нашрига кўра, мазкур тадбир ўтказиладиган аҳоли пунктларида яшовчи фуқаролар 12 та саволдан иборат рус ва ўзбек тилларидаги сўровномани тўлдириши керак.

"Ушбу тадқиқот мамлакатнинг барча вилоят ва туманлари бўйича аҳолининг 10 фоизини, яъни тадқиқот ўтказиладиган ҳудудларда доимий рўйхатда турган барча аҳоли, шу жумладан, мамлакатда вақтинча бўлмаган кишиларни ҳам қамраб олади", дейилган хабарда.

Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси сўнгги бор бундан 22 йил муқаддам рўйхатга олинган эди.

21 апрел куни бошланадиган тадбир ялпи рўйхатга олиш эмас, балки оралатиб рўйхатга олишдир.

Хўш, нима учун 22 йил давомида Ўзбекистон аҳолиси рўйхатга олинмади?

Нима учун кеча бошланган тадбир ялпи эмас?

Шу ва шунга ўхшаш саволларни Сарвар Усмон ўзбекистонлик социолог олим Камолиддин Раббимовга берди.

Озодлик: Камолиддин, суҳбатимизни энг оддий саволдан, анойи одамнинг саволидан бошлайлик. Аҳоли нима учун рўйхатга олинади?

- Асосан ҳар бир давлат 10-15-20 йилда аҳолини ҳисоб-китоб қилиб ижтимоий лойиҳалар, давлат бюджети тақсимоти, ишсизлик даражаси, аҳоли зичлиги ва биқа қанча саволларга жавоб топади ва шу орқали ўзининг иқтисод соҳасидаги, хўжалик масалалари соҳасидаги ва этник сиëсат соҳасидаги сиëсатини амалга оширади. Мана қўшни давлатларда, Қозоғистон бўлсин, Қирғизистон бўлсин, Россияда мана ҳар 10 йилда ўтказиб турилади. Аҳолини ҳисоб-китоб қилиш орқали давлат ўзининг олиб бораëтган сиëсатини аниқлаштиради. Масалан,
жуда ҳам актуал бўлган ишсизлик масаласи. Қайси бир минтақада ишсизлик даражаси қандай, бунинг сабаблари нимада, деган саволларни ўзига бериш ва ўша масалаларни ҳал қилиш учун.

Озодлик: Аҳолини ялпи рўйхатга олиш билан аҳолини оралатиб рўйхатга олишнинг фарқи нимада?

- Мен учун оралатиб рўйхатга олиш тажрибаси номаълум. Лекин одатда рўйхатга олинганда ялпи, аҳолининг ҳаммаси рўйхатга олинади. Унинг яшаб турган жойи, ҳаттоки ўша оиладан бирор жойга чиқиб кетган бўлса ҳам, меҳмонга четга кетган бўлса ҳам улар ҳам ўша ҳисоб-китобга киритилади. Оралатиб ҳисобга олиш тажрибаси менга унчалик маълум эмас. Бу қанчалик эффектив, бу қанчалик тўлиқ маълумотлар беради, бу тўғрида бирор нарса дейиш қийин.

Озодлик: Ўзбекистонда охирги марта 1989 йилда аҳоли рўйхатга олинган. Ўзбекистон республикасида эмас Ўзбекистон совет социалистик республикасида аҳоли рўйхатга олинган ва буни Москва амалга оширган. Ўшандан бери Ўзбекистонда аҳоли рўйхатдан ўтказилмаган. Бунинг сабаби нимада?

- Бу савол жуда ҳам кўп берилади. Ўзбекистон ичкарисидаги ва Ўзбекистон атрофидаги тадқиқотчилар “Ўзбекистон нима учун аҳоли ҳисоб-китобини ўтказмаяпти?” деб тез-тез бериб туришади. Бунга ҳар хил шарҳлар мавжудки, масалан баъзилар бу бюджет билан боғлиқдир, Ўзбекистоннинг қўшимча маблағлар топишга ҳозир унчлаик иштиëқи йўқдир, деган фикр айтилади. Лекин бу фикрга мен қўшилмайман. Чунки Ўзбекистонда давлат бюджет органларида, давлат структураларида ишлаëтган, маҳалла бўладими, ўқитувчилар бўладими, коллежлар бўладими, давлат агар мобилизация қилиш, уларни жалб қилишни хоҳласа, бу ишни анча арзон нархда қилиш мумкин. Ўйлайманки, бу масалани амалга ошириш учун сиëсий ҳокимиятда сиëсий ирода, хоҳиш мавжуд эмас. Лекин нима учун бу нарсани хоҳламаяпти буни айтиш менга қийин. Назаримда сиëсий сабаблар ҳам бор. Иқтисодий қиррасидан кўра сиëсий жиҳатлари менимча, анча вазминли. Лекин айнан нимада ифодаланади, нимада ҳукуматда қўрқув борми, хавотирлар борми, лекин бу нарсани айтиш қийин.

Озодлик: Балки ўзида қандайдир хасталик аломатларини кўраëтган, лекин тахминлари тўғри чиқиб қолишидан қўрқиб докторга бормаëтган ëки медицина энциклопедиясини очишга қўрқаëтган одамнинг қўрқувидир бу.

- Бу бундай бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда биласизми, ҳисоб-китоб ўтказилгандан кейин барибир уни тўлақонли яшириб, ëпиб бўлмайди. Иккинчидан, Ўзбекистонни масалан бир сиëсати ҳам борки, имкон қадар муаммоларни консервация қилиш. Жамиятдаги этник балансларни ëки ишсизлик даражаси деймиз. Бу нарса ëпиқ нарса эмас, лекин менинг назаримда бошқа қирралари мавжудки, бу нарсаларни очишни, у тўғрисида ўйланишни айтганингиздай хоҳламаëтган бўлиши мумкин.

Озодлик: Ўзбекистонда аҳоли 22 йилдан бери рўйхатдан ўтказилмаган. Энди оралатиб ўтказилаяпти. Сиз воқеликни борича тушуниш ва халқ шуни билишини хоҳламаслик деган мазмундаги гапни айтдингиз. Аҳолини оралатиб бўлса ҳам рўйхатдан ўтказишни бошлаган экан бу ўша сиëсий ироданинг пайдо бўлиб қолгани белгисими?

- Йўқ, бу ерда сиëсий ирода пайдо бўлди дейиш қийин. Лекин ҳукуматдаги бир қанча каналлар орқали маълумот олиб туради. Бу ерда маҳалла структуралари бор, ундан ташқари ИИВ бор. Ўзбекистонда ҳар бир аҳоли пунктида биттадан милиция пунктлари мавжуд. Ундан ташқари давлат статистика қўмитаси бор. Бу статистика қўмитаси ўзининг бир қанча механизмлари орқали жамият тўғрисида тўлақонли маълумотлар йиғишга ҳаракат қилади. ЗАГС бўлимлари, туғилиш, ўлиш, миграция, давлатдан чиқиб кетиш, кўчиб кетиш – мана шуларнинг умумий ҳисоб-китобини қилиб туриб Ўзбекистон аҳолиси, доимий яшаб турган аҳоли ва Ўзбекистон ичкарисидаги ва ташқарига чиқиб кетаëтган аҳолиларни ҳисоб-китоб қилиб боради. Менимча, ҳокимият томонидан кўрсатилган қисман ўрганиш ўша маълумотларни балки текширишга қаратилгандир. Бу пробний бир қадам бўлиб, биринчи ўша маълумотлар текшириб кўрилади. Агар каттароқ фарқ бўладиган бўлса, кейинчалик эҳтиëж сезиши мумкинки, балки тўлақонли аҳоли ҳисоб-китоби бўлар, дейди ўзбекистонлик социолог олим Камолиддин Раббимов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республикаси давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2010 йил охирида мамлакат аҳолиси 28 миллион 233 минг нафарга етган.

17 миллион 157 минг ўзбекистонлик меҳнатга лаёқатлидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG