Линклар

Инсоф берсин ўша одамга!

  • Садриддин Ашур

Оиласини мардикорлик қилиб боқадиган суҳбатдошимиз, мактаб ремонти учун пул бериш унинг учун оғир тушаётганини айтади.

Оиласини мардикорлик қилиб боқадиган суҳбатдошимиз, мактаб ремонти учун пул бериш унинг учун оғир тушаётганини айтади.

Бугунги суҳбатдошларимиздан бири қизлари мактаб ремонти учун пул беришда қатордан қолмаслик учун данак чақаётганини гапириб берди.


“Қизим мактаб ремонти учун данак чақади”
дейди Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан қўнғироқ қилиб, ўзини Элмурод деб таништирган тингловчи.

- Шароит қийинлигидан сизларга телефон қилган эдим. Мактабдан ремонт пули деб 8000 сўмдан сўраяпти. Учта қизим бор. Чиқ-чиқ қилиб битта-битта данак синдиради булар. Ўзи мактабга боришга оëғида калиши йўқ.

Озодлик: Қизларим данак чақаяпти, дедингиз. Нима дегани бу?

- Орех дейдими уни, данак борку.

Озодлик: Ўрикнинг данагими?

- Ҳа, ўшани битта-битта чақади. Килосига 100 сўм беради. У ҳам қачон савдо қилиб келса, нима қилиб кейин беради. Учта қизим битта тошни олади, данак синдиради. “Дада, биз ремонт пулини ўшандан берамиз” дейди. Одамнинг бир нимаси келиб кетади. Оëғида йиртиқ носкиси. Буни айтсак агар...

Озодлик: Ўзингиз нима иш қиласиз?

- Мардикорман. Мен унисининг ерида, бунисининг ерида ишлайман.

Озодлик: Ҳозир нима қилаяпсиз?

- Ҳозир биттасининг ариқчасини кавлаяпман. Лабини бетон қилиб бер дейди. Майли, дедим. Договор ҳам қилмайман. Инсоф берсин ўша одамга дейман. Энди сўрайман, меҳнат қилгандан кейин нимаси йўқ унинг. Беради тўрт-беш сўм.

Озодлик: Мактабда доим пул сўрашадими?

- Қизчам “У йил 6000 сўмдан эди. Бу йил яна 2000 сўм қўшилибди” деди. Менинг икки кўзим мактабда. Мактабга қараб ишлаб ўтирибман. Мактабни кўрсангиз энди ремонтга келадиган жойи йўқ. Шундай чиройли, икки этажли мактаб, дейди ғиждувонлик суҳбатдошимиз.

“Банклар тадбиркорни таламоқда”
дейди Навоий вилоятидан қўнғироқ қилган собиқ тадбиркор. У ўзини Ислом Каримов деб таништирди. Суҳбатдош Озодлик радиосининг ашаддий мухлиси эканлигини айтар экан, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг бугунги фаолияти ҳақида фикр юритади.

- Айтмоқчиман, радиоларингиз жуда ҳам яхши. Менга ëқади. Яхши эшитиб бораман. Жуда ҳам яхши радио.

Озодлик: Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиëсий ҳаëтни биз қанчалик тўғри тасвирлаб бераяпмиз?

- Мени ҳам собиқ тадбиркор десангиз бўлади. Мен тадбиркор бўлиб ишлаганман. Кредит олганмиз, умуман банк соҳасида шунақа ишлар олиб борганмиз. Нима десам бўлади, 100 фоиз тўғри. Коррупциялашган. Коррупция жуда ҳам кучли. Қабилачилик жуда ҳам кучли банкда.

Озодлик: Мана сиз тадбиркор бўлганман деяпсиз. Кредит олишда қандай тўсиқларга дуч келгансиз?

- Биринчиси, танишингиз бўлиши керак.

Озодлик: Айтайлик, 10 миллион кредит олмоқчисиз. Шунга пора бериш керак деяпсиз. Бу шапка дегани бўладими?

- Ҳа.

Озодлик: Қанча бўлади шу?

- 10-20 фоиз. Бераëтган пул рақам беради. 10 миллионга юрмайди у. Масалан 10 миллион берса, у 8 миллион бўлиб юради. Ўша 8 миллиондан кейин олиб бориб берасиз порасини. 10 миллионингиз 7 миллионга тушиб қолади.

Озодлик: Пулни олишда 3 миллион зарар кўрасиз.

- Ҳа, шунақа. Кейин ишлаш ҳам бир муаммо. Масалан шартнома орқали пул ўтказмоқчи бўлсангиз, шартномадан маъклум бир қисми, 3 фоиз, 5 фоиз банк управляюшийга берасиз, кейин кредит отдел дейди.

Озодлик: Тадбиркорлар банкларга ҳар кун пулларини қўйиши керак ва олиши керак. Шунга эркинлик борми?

- Ҳозир масалан пластикка савдо қилаяпти. Бозорга, магазинга борсангиз, нақд пулга фалон сўм, пластикка фалон сўм. Пластикка нархи ошиб боради. Пластикка ошиш сабаби, тадбиркор нақд пул олиш учун магазинда қўяëтган устама пулни банк нимасига пора сифатида беради. Шунигн учун устига пул қўяди. Менинг пулим охирида управляюцийнинг чўнтагига бориб тушади, дейди ўзини Ислом Каримов деб таништирган собиқ тадбиркор.


“Ўзимизникилар бизни алдашяпти”
дейди Москвага мардикорликка борган қашқадарёлик Акром.

- Бизлар келдик. Келганда, паспортимизни қўлимиздан олиб қўйди. Ўртага тушган Баҳодир деган йигит бор экан. Баха деган кличкаси билан паспортимизни олиб, свалкага 45 кунда ойлик берамиз дейишди. Одамлардан сўрасак, улар у ерда уч ойдан бери ойлик олишгани йўқ экан. “Паспортни берсангиз бўлмайдими?” десам, “Йўқ, сизнинг қарзингиз бор. Бу ерга мен чақиртириб таксига пул тўладим” дейди. “Мана 15 кун ишладимку” десам, “У ишлаганингиз ўзингизга. Қачон пулни олиб менга берсангиз, кейин паспортингизни бераман” деди.

Озодлик: Свалкада нима иш қиласизлар?

- Свалкада разнорабочий, ҳар қандай иш. Мисол тахтани ажратади, кимдир металлни, кимдир латтани.

Озодлик: Ойлик ваъда қилишганми сизларга?

- Ойлик 6000 рублдан 12 минг рублгача қўлга тегади деган гап бор экан. Одамлар ҳозиргача декабр ойлигини ололмаган эди. Чамаси бир ҳафтача бўлиб қолди, мен Москвага келдимда, Москвада алоҳида паспортим йўқ ишлаб турибман. У ерда эрталаб саккиздан ишни бошлайсиз. Кечқурун соат тўққизгача иш. Шу орада бирдан иккигача обедга чиқасиз.

Озодлик: Ëтадиган жойларинг қаерда?

- Ëтадиган жой эски свинарний фермани сотиб олган. Ўша жойда жой қилиб беришган.

Озодлик: Мана ойлиги ҳам кам экан. Шуни Ўзбекистонда ишлаб топса бўлмасмиди? Нима зарур эди келиб шу ахлатхонада ишлашга?

- Ҳамма нарсадан хабарингиз бор. Ўзбекистонда бир жойга ишга кираман десангиз, 1000-1500 доллар атрофида сўрашади. Ундан кейин ўша ишнинг ўзи ҳам йўқ. Мажбурлигимиздан келганмиз.

Озодлик: Сизлардан олдин ҳам кўпчилик келганми?

- Жуда кўпчилик. Автобусда бизлар 80 киши бўлиб келган эдик. Арзон дегани учун келган эдик. Автобус тўрт кун юриши керак эди. Тўрт кунга мўлжакллаб продукта олганмиз. Биз эса 9 кун деганда кириб келдик. На пул қолди бизда, на бошқа нарса, дейди суҳбатдошимиз Акром.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG