Линклар

Туркманистон шимолида ўзбек тили ўқитилмай қўйди


Туркманистонда миллий озчилик вакиллари фарзанднинг ўз тилида ўқиш имкониятидан маҳрум этилиши, кузатувчиларга кўра, туркман бўлмаган аҳоли ўртасида зимдан норозилик кайфияти кучайишига сабаб бўлмоқда.

Туркманистонда миллий озчилик вакиллари фарзанднинг ўз тилида ўқиш имкониятидан маҳрум этилиши, кузатувчиларга кўра, туркман бўлмаган аҳоли ўртасида зимдан норозилик кайфияти кучайишига сабаб бўлмоқда.

Туркманистоннинг ўзбеклар зич яшайдиган вилоятлари мактабларида ўзбек тилини ўқитиш тамоман тўхтатилди.

Бу ҳақда муҳожиратдаги мухолифат гуруҳларига тегишли “Туркманистон хроникаси” сайти хабар қилади.

Туркманистоннинг Лабоп ва Тошҳовуз вилоятларида ўн минглаб ўзбекларнинг фарзандлари она тилини ўқиш имкониятидан маҳрум бўлдилар, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари эса ишсиз қолдилар.

Нашрнинг қайд этишича, Туркманистонда рус, ўзбек ва қозоқ тилларида ўқитиладиган мактаблар ўтган асрнинг 90-йилларидаёқ ёпилган ва уларнинг ҳаммаси туркман мактабига айлантирилганди. Йирик шаҳарлардаги собиқ рус мактабларида ўқиш рус тилида олиб бориладиган бир-иккита синф қолдирганлар, ўзбек мактабларида эса фақат ўзбек тили ва адабиёти фанинигина қолдиргандилар. Бироқ ўтган йилнинг июн ойидан 2002 йилда мактабга бориб, ўзбек тили ва адабиёти ўқиб келаётган ўқувчилар ҳам тўлалигича туркман тилида ўқитила бошлаган.

Бир пайтлар Тошҳовуз вилоятидаги 23 мактабнинг 9 тасида ўқиш ўзбек тилида, 5 тасида эса ўқиш рус тилида олиб бориларди. Эндиликда бу мактаблар тугатилган.

“Қайд этиш жоизки, қўшни Ўзбекистонда туркманлар зич яшайдиган жойлардаги 60 мактабда ўқиш туркман тилида олиб борилади, мустақиллик йилларида эса бирорта ҳам туркман мактаби ёпилгани йўқ”, - деб ёзади “Туркманистон хроникаси”.

Марказий Осиё янгиликлар хизмати сайтининг ёзишича эса, Ўзбекистонда ҳозирда 7 та туркман миллий маркази фаолият кўрсатади. 9 мингдан зиёд туркман ўқувчилари 47 мактабда туркман тили ва адабиётидан сабоқ олади, 24 мактабда эса ўқиш тўлалигича туркман тилида олиб борилади.

Ҳозирча Туркманистон расмийлари мухолифат нашрининг ўзбек тилидаги мактабларнинг батамом ëпилгани ҳақидаги даъволарини на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG