Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

АҚШ Ливиядаги операция бошқарувини топширади


Обама Америка Ливиядаги амалиётларни қўллашда давом этиши, лекин қўмондонлик роли НАТОга юкланишини баён қилди.
Обама Америка Ливиядаги амалиётларни қўллашда давом этиши, лекин қўмондонлик роли НАТОга юкланишини баён қилди.

Президент Обама Қаддафийга қарши ҳарбий амалиёт бошқаруви иттифоқчилар иxтиёрига топширилишини билдирди.

АҚШ Президенти Барак Обама бу ҳақда Франция Президенти Николя Саркози ва Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан сўзлашувдан кейин эълон қилди.

Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари Ливияда тинч аҳолини Қаддафийнинг кучларидан ҳимоя қилиш учун БМТ мандати асосида Ливия ҳаво ҳудудларида учиш таъқиқланган зона режимини сақлаш учун ҳарбий амалиётлар қўмондонлиги НАТО зиммасига юклатилиши лозимлигига келишиб олдилар.

- Биз Ливия халқини ҳимоя қилиш уринишларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Аммо биз бунга етакчилик қилмаймиз,- дея баён қилди АҚШ раҳбари.

Айрим давлатлар НАТОнинг Ливиядаги амалиётларда қўмондонлик қилишига хайрихоҳ эмас.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен, агар лозим бўлса, Иттифоққа аъзо 28 давлатнинг ҳаммаси БМТ мандати асосида учиш таъқиқланган зона тартибини сақлаб туришда ёрдам бериш режасини ишлаб чиққанини айтди. Расмуссен сешанба куни НАТО аъзолари Ливияга жорий қилинган қурол эмбаргоси бузилишининг олдини олиш бўйича операция бошлашга келишиб олганларини маълум қилди.

- НАТО Ливияга қарши жорий қилинган қурол эмбаргосини амалга тадбиқ этиш бўйича операция бошлашга қарор қилди. Барча иттифоқчилар БМТ резолюциясига мувофиқ Ливияда тинч аҳолига нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган зўравонликни тўхтатиш бўйича мажбуриятларни бажаришга тайёр,- деди НАТО Бош котиби.

Айни пайтда Халқаро коалиция кучларининг ҳарбий амалиётлари беш кундан бери давом этмовда. 23 март куни Ливия пойтахти Триполи эрта тонгда бомбардимон қилинди. Ундан олдин Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий телевидение орқали қилган чиқишида бошқа мусулмон давлатларни, унинг таъбири билан айтганда, “салибчиларга қарши жангда иштирок этишга” даъват қилди.

- Бу янги салиб юришидир, Исломга қарши салиб юришидир! Яшасин Ислом! Барча исломий армиялар, бу жангга қўшилинг" Ҳар ерда, осиёда, Африкада, Америкада, Европада намойишлар ўтказилмоқда! Уларнинг халқлари уларга (ҳукуматларига - таҳр.) қарши чиқмоқда! Уларнинг халқлари уларга қарши чиқмоқда!- дея хитоб қилди Қаддафий.

Айни пайтда, исёнчилар назоратида бўлган Мисрата ва Зинтан шаҳарлари яқинида, шунингдек, Триполи яқинидаги Яафран шаҳрида Қаддафийга содиқ кучлар ва мухолифат жангчилари ўртасида тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабарлар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG