Линклар

Ўзбекистондаги "бозор мафияси" нима?

  • Озодлик

Расмийлар¸ тирикчилик илинжида бозорда расмий рухсатсиз савдо қилаëтганларнинг кўпини "жиноий гуруҳ"га чиқармоқда.

Расмийлар¸ тирикчилик илинжида бозорда расмий рухсатсиз савдо қилаëтганларнинг кўпини "жиноий гуруҳ"га чиқармоқда.

Ўзбекистон бозорларини назорат қилаëтган жиноий гуруҳлар кимлардан иборат ва улар бозорни қандай назорат қиладилар?



Ўтган ҳафта Регнум агентлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура ходимлари пойтахт бозорларини текшириб¸ бозорлардаги жиноий гуруҳларни аниқлаш билан шуғулланаëтгани ва ҳозирга қадар шундай гуруҳлардан иккитаси қўлга олинганини хабар қилди.

«Уларга нисбатан турли жазо чоралари қўлланилади, шу жумладан, қамоқ жазоси ҳам”, - дея иқтибос келтирди ИИВ ходими Бахтиёр Юсупов сўзларини агентлик.

Айтилишича, Тошкентдаги Сирғали ва Юнусобод деҳқон бозорларининг саккиз назоратчиси аллақачон жавобгарликка тортилган.

Расмийлар: "Бозор мафияси" - олиб-сотарлар

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийсининг Регнум ахборот агентлигига айтганидан¸ бозорлардаги жиноий гуруҳлар деҳқонлардан мева-сабзавотларни арзон-гаров олиб, қимматроққа сотаётганлар¸ деган мазмун келиб чиқади. Вазирликдан бу гуруҳлар расмий таснифи борасида изоҳ олиш мақсадида Озодлик мухбири ИИВ ва Тошкент шаҳар ИИБ га сим қоқди¸ аммо расмийлардан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шундан сўнг “Бозор мафияси кимлардан тузилган?” деган савол жавобини ойдинлаштириш мақсадида Озодлик Ўзбекистон бозорларида савдо билан шуғулланаëтган¸ ўз иборалари билан айтганда¸ “бозордан нон еб юрган”ларнинг ўзларига мурожаат қилди.

Бу саволга муносабат билдирган суҳбатдошларимиз¸ расмий идоралар эҳтимолий таъқибидан чўчиб¸ ўз исмлари ва айнан қайси бозорда савдо қилаëтганликларини ошкор қилмаслигимизни сўради.

Савдогарлар: "Бозор мафияси" - расмий тузилмалар

Тошкент марказий бозорларидан биридаги деҳқон бозорида ишлайдиган илк суҳбатдошимиз¸ расмийлар “жиноий гуруҳ”га чиқараëтган одамлар тирикчилик илинжида ўзини савдога уришга мажбур қолган ишсизлар экани ва уларнинг ҳақиқий “бозор мафия”сига мутлақ алоқаси йўқлигини айтади.

- Бозорқўм мафия¸ биринчидан. Тушаëтган пулларнинг ҳаммасини топширмайди давлатга¸ паттачилар мафия. Ўшаларнинг уйини бориб текширсин, кўради. Қаср. Паттачиларнинг ҳаммаси мафия. Паттачи, бозорқўм, милиция ҳамма-ҳаммаси. Солиқ қўмитаси, ундан юқориси. Бозордан тушаëтган пулларни ейди. 100 фоиз топширмайди бозордаги пулларни бору. Мен 100 фоиз кафолат бераман. Ҳокимият, СНБ ҳаммаси ейди¸ дейди бозорда “кимнинг кимлиги”ни ҳар кун ўз тажрибасида кўраëтган савдогарлардан бири.

Озодлик суҳбатлашган яна бир савдогар¸ аввалгисидан мустақил ҳолда айни фикрни ривожлантирди.

- Ëпиқ гуруҳда бу. Ҳеч қанақасига очиқчасига ишламайдию булар. Бозорқўм, ëнидагилар, шунақада. Масалан¸ сариëғни сотгани қўймайди бошқа кишига. Сувни олиб киргани қўймайди бегоналарга. Ўзларининг одамлари олиб киради бир киши. Товуқнинг оëғи бору, ўшаям шунақа. Монополия қилиб олганда. Бошқа кишига ҳеч қанақа йўл йўқ. Озиқ-овқатми, қонун бўйича сиз хоҳлаган нарсангизни олиб кириб сотишингиз мумкин. Булар бўлса бозорга қўймайди. Неча йилдан бери шунақаю бу. Сув , Кока кола, ўшаям шунақа. Шакар ҳам шунақа. Бир киши тарқатади. Масалан¸ бегона киши олиб кирса қўймайди. Улар олиб келиб устига 2000 қўйиб беради, сотувчи устига 1000 сўм қўяди яна кўтарилиб кетадими нарх. Шакар ҳам шунақа. Илдизини топиб бўлмайдида. Илдизи маҳкамда. Нима дейсиз энди. Халқнинг вообше жонига тегиб кетдию нархлар ҳаммаси кўтарилиб¸ дейди Тошкентнинг йирик озиқ-овқат бозорларидан бирида йиллардан бери савдо қилиб келаëтган тадбиркор.

Бозор - монополист-мафиячилар ҳудудими?


Бу савдогарга кўра¸ Ўзбекистон бозорларидаги асосий истеъмол маҳсулотлари нархи¸ айнан ана шу мафия гуруҳлари томонидан сунъий равишда кўтарилмоқда.

- Нархларни қанақа қилиб кўтаради? Мана бир киши олиб келгандан кейин нархни кўтариб қўяди- да. Масалан¸ 10та тадбиркор олиб кирса мана шу бозорга, нарх тушади. Конкуренция бўлади. Бунақа нарса йўқда. Бир киши олиб киргандан кейин хоҳлаган нархига сотадида. 3000ми, 3000 сотади. Конфет ҳам шунақа. Бир киши олиб келади. Умуман Ўзбекистонга шакар, сарëғ, окорочка, булар халқнинг энг ейдиган нарсаларида, шуларнинг ҳаммасини алоҳида-алоҳида одамлар олиб киради. Бошқа киши олиб кирса, йўқ қилиб юборади. Беш йил бўлмаса ҳам 4 йилдан бери мана шу бозорга бир киши окорочка олиб киради. Бозорқўмга 5000 чиқариб беради. Бошқа ҳеч нарса тўламайди. Бунақада Ўзбекистон қанақасига ўзгаради? Халқнинг жонини суғуриб олаяптию бу. Йиғлаб юборади одамлар келиб, йиғлаб юборади. Сарëғни ололмайди кампирлар, окорочкаларни, дод деб юборади. 9000 бўлиб турибди ҳозир окорочка. Кимга нима дейсиз ҳеч ким тингламагандан кейин¸ дейди савдогар суҳбатдош.

Бозор мафиясими¸ ëхуд ҳукумат мафияси?


Озодлик суҳбатлашган савдогарлар бозор мафияси кўлами аслида бозор ҳудудидан анча катта экани ва унинг илдизлари жуда чуқур эканини тилга олди. Хўш¸ бу илдизлар қаергача боради?

Ўзбекистонда йиллар давомида фаолият юрғизиб¸ бундан бир неча йил аввал турли айблар билан ëпилган “Demir” супермаркетлар тармоғи ҳиссадорларидан бири Ражаббей Ширин бу илдиз йўналишини чизишга уринади.

- Бозор мафияси деган нарса ҳукуматга тегишли органлар. Масалан¸ мен битта нарсага ҳайрон бўлдим. Биттаси келди мендан пора олишга. Битта налогда ишлайдиганнинг укаси экан. “Нима иш қилаяпсан? Ишинг нима сенинг?” десам, унинг жавоби мени умуман нима қилди, “Мен валюта сотаяпман” деди. Қора бозорда валюта сотаяпти. СНБ нимага ҳаммани кўради биладию, шу болани ушламайди? Демакки бу бола бошқа биттасининг укаси.

Бозорда мафия деган нарса нима? Кимнингдир, ë шаҳар прокурорининг, ë район прокурорининг ëки коррупцияда кимнинг ўртоғи, кимнинг акаси, кимнинг укаси, кимнинг жияни – шунақа одамлар ишлаб келаяпти. Шу одам лавозимдан кетгандан кейин унинг қариндошларига қарши, 10-15та одамни қамайди, отчëт берилади, списат қилинади ҳамма нарса. Бўлди, энди тўғирланди. Лавозимга келган одам яна шу ишни бошлайди. Ўзининг чўнтагига ишлайди¸ дейди туркиялик йирик тадбиркор Ражаббей Ширин.

"Ҳозирги тузум савдогарнинг барчасини жиноятчига айлантирди"

Оддий савдогарларнинг айтишича¸ оддий халқ қайси бозорнинг кимга қарашли эканини ҳам¸ кимнинг қайси соҳа импортини ўз монополияси қилганини ҳам тахминлар даражасида бўлса-да яхши билади. Аммо Ўзбекистонда бизнес қилиб¸ оғзи куйганлардан бири бўлган туркиялик йирик тадбиркор¸ муаммо алоҳида олинган шахсларда эмас¸ балки бугун Ўзбекистонда амалда қолаëтган тузум табиатидадир¸ дейди.

- Битта исмни айтишнинг ҳожати йўқ. Лекин давлат системаси шу, система бу. Яъни Мираброр ака бўлмайди, бошқаси бўлади. Система шунақа қурганки, у бой бўлиши керак. Системани ўзгартириш керак у ерда. Давлат ҳамма кучни ўз қўлига олган. Шу қўлга олгани сабабли ўша ерда ўтирган одам, у лавозимда ўтирган одам бой бўлиши керак. Бой бўлмаса, у лавозимда ўтира олмайди. Система шунақа қурилганки, тепадагига пул чиқиши керак.

Ҳозир система шунақа қурилганки, одамлар нарушение қилсин, одамлар ҳақиқий йўл билан ишлай олмасин, ëмон йўл билан ишласин, керак бўлган пайтда биз шу одамни синдирайлик. Одамлар тўғри йўл билан ишлай олмайди. Мажбур бўлади, система шунга қурилган, юришга мажбур бўлади.

Ҳар кун товар сотасиз. Шу товарнинг пулини банкка бориб кассага топширасиз. Эртага у пулни банкдан ололмайсиз. Коммунист системаларида ҳам балки бунақа қаттиқ эмас эди. Ҳозир шунақа қаттиқ. Ҳеч кимга тегмайди. Керак бўлган пайтда уни олади. “Сен шунча нарушение қилдинг”, бўлди.

Ҳозир сиз техника сотадиган бозорга боринг. У ерда кассага ҳар кун 50-100 минг сўм урилаяпти. Битта холодилникнинг нархи 300-400 минг. Қанақа қилиб одам яримта холодилникни сотган? Шунақа бўлган ҳар кун у нимани ëпиш керак, одамларда 100-300 минг пул бўлса, олиб бориб кассага топширса, эртага бўлди, пулини ололмайди. Системани шунақа қурганки, давлатга муҳтож бўлсин, раҳбариятга муҳтож бўлсин, улар айтгандай бўлсин, одамлар бошини кўтармасин, биз айтган йўлдан юрсин.

Системани ўзгартириш керак¸ дейди Ўзбекистонда илк супермаркетлар тармоғини очган “Demir Market” гуруҳи ҳиссадорларидан бири¸ туркиялик йирик сармоядор Ражаббей Ширин.

Азиз муштарий!

Ўзбекистондаги "бозор мафияси" кимлардан ташкил топган ва бу мафиянинг ишлаш услуби қандай?

Бу саволга Сиз ҳам ўз кузатишларингизни батафсил¸ имкони бўлса¸ факт ва далиллар орқали ëзиб юборсангиз¸ Озодлик суриштирувининг тўлдирилишига ҳисса қўшган бўласиз. Мулоҳазаларингиз учун Сизга олдиндан раҳмат!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG