Линклар

Москвада муҳожирлар муаммолари муҳокама этилди


Меҳнат муҳожирлари кўпинча дуч келадиган муаммо иш ҳаққини оломаслигидир.

Меҳнат муҳожирлари кўпинча дуч келадиган муаммо иш ҳаққини оломаслигидир.

Москвада ўтказилган халқаро форумда марказий-осиёлик мардикорлар муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.


22 март куни Москвада “Россияда миграция: ҳамкорлик ва хавфсизлик” III Халқаро форуми бўлиб ўтди. Манежная майдонидаги миллатчилар чиқишларидан кейин Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар ўзларини қандай ҳис қиляпти? Хорижлик меҳнат муҳожирига жамоатчилик ташкилотлари қандай ёрдам бера олади? Халқаро форум қатнашчилари Россияда миграция билан боғлиқ бу ва бошқа долзарб саволларга жавоб излади.

Москванинг “Президент-отелида” учинчи марта ўтказилаётган ва нуфузи ошиб бораётган бу анжуманга 138 жамоатчилик ташкилотлари ва давлат органларидан 600га яқин делегат ташриф буюрди.

“Россияда миграция: ҳамкорлик ва хавфсизлик” деб номланган давра суҳбатида Россияда миграциянинг бугунги ҳолати, меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий масалалар муҳокама этилди.

Кузатувчилар кўплаб жамоатчилик ташкилотларининг Россия Мигрантлар Федерацияси томонидан ташкил этилган бу Форумга қизиқишининг йилдан йилга ортиб бораётганини Россияда бу соҳада ҳал этилмаган жиддий муаммолар йиғилиб қолгани билан изоҳламоқда.

Бу муаммолардан биттасини мисол қилиб келтирамиз.

Ўтган йилнинг охирларида Озодликка жалолободлик муҳожир Акмалжон мурожаат қилган эди. У ўз юртдошлари билан Москва вилоятининг Бронница туманида шартнома асосида ишлагани ва уни ишга ёллаган тадбиркордан меҳнат ҳақини ололмаётгинини айтган эди. Акмалжонга Москвадаги муҳожирлар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи бир нечта жамоат ташкилотларига мурожаат қилишни тавсия қилган эдик.

Акмалжон билан яна боғландик.

Озодлик: Пулни ола олдиларингми?

- Йуқ, йўқ, олмадик. Телефонларимизга ҳозир жавоб бермаяпти, олмаяпти.

Озодлик: Қаерларга мурожаат қилдингиз?

- Ҳаммасига мурожаат қилдик. Улар ҳаммаси “Аввалига олдиндан тўла бизнинг расходимизни”, деди. Яна бир адвокатга учрадик, ҳаммаси олдиндан пулини берсанг югурамиз, дейишди.

Озодлик: Яъни пулни олдиндан тўлаганга ёрдам берамиз деяптими... Энди нима қиласиз?

- Нима қилардик, расходга тушиб қолавердик-да!

Акмалжон қарийб ярим йил давомида шартнома асосида бажарган меҳнати учун ҳақини олгани йўқ. Бундай алданиб қолган марказий-осиёлик мардикорларни кўп учратиш мумкин.

Форум қатнашчиларидан бири, бундан 3 йил олдин Москвада ташкил этилган Халқаро миграция марказининг раиси ўринбосари Солижон Юсупов охирги пайтларда асосан мигрантларнинг иқтисодий ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар сони ошиб кетганини тасдиқлади.

- Ишлаб ойлигини ололмаган асосан Ўрта Осиё халқлари. Асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари ишлашга келиб иш ҳақларини ололмаяпти. Буларнинг қонунларни билмаганлиги ва иш берувчиларга ишониб, паспортларини олдириб қўйиб, ҳуқуқлари поймол этилмоқда. Мана бизга ҳатто шу ерга бир неча киши келишди. Бугунги кунда мана бизга 500 ариза бирданига тушди. 500 фуқаро ойликларини ололмаган, ҳатто баъзиларининг хужжатларини олиб қўйишган. Иш берувчилар ҳаттоки ҳеч уялмасдан қалбаки регистрация тайёрлаб печат босиб берган. “Реал-строй” деган турк компанияси, бошлиғи Нозим Чекижи 105 Ўзбекистон фуқаросини ойлигини бермасдан қўвиб чиқаряпти экан. Биз бориб ички ишлар, прокуратурага ариза тайёрладикда, ойликларини қайтариб беришга эришдик. Мана мигрантларимиз келяпти... Уларнинг ҳатто яшашга, регистрация қилишга пуллари йўқ. Иш берувчиларнинг сўзига ишониб келиб алданиб қоляпти. Биринчи ўринда бу қонунни, ўз ҳуқуқини билмаганлигидан.

Озодлик: Ташкилотингиз пуллик ёрдам кўрсатадими?

- Биз бепул ёрдам кўрсатамиз, деди Халқаро миграция марказининг раиси муовини Солижон Юсупов.

Меҳнат муҳожирлари масалалари билан шуғулланадиган яна бир ташкилот – Россия меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси ўз фаолиятини бошлаганига 4 йил бўлди. Касаба уюшмаси Марказий қўмитасининг юристи Комил Дилмуродов “Россияда миграция: ҳамкорлик ва хавфсизлик” форумига ўз таклиф-мурожаатлари билан келганини билдирди. Озодлик билан суҳбатда у ўз ташкилоти муҳожирларнинг меҳнат, ижтимоий ва ҳатто сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тузилганини айтади.

- МДҲ давлатларининг ҳар қайси фуқароси бизга юридик, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек биз хужжатларни расмийлаштириш ва Россияда мигрантларга зарур бўлган барча ёрдамни қўлимиздан келганича кўрсатиб келамиз, дейди Комил Дилмуродов.

Суҳбатдошимиз ҳам Россия меҳнаткаш-мигрантлари касаба уюшмаси Россиянинг деярли барча минтақаларида фаолият юритишини ва бепул ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Демак фаолларнинг сўзларига кўра, Акмалжон каби алданган минглаб меҳнат муҳожирлари ўз ҳақлари учун курашни давом эттириши зарур.

Форумда сўзга чиққан Халқаро Мигрантлар Ассоциацияси президенти Ашишухендра Махадур келтирган рақамларга кўра, МДҲ давлатларидан Россияга миграция оқими йилига 35 миллион кишини ташкил қилади. Бу кўрсаткич бўйича Россия жаҳонда АҚШдан кейинги иккинчи ўринга кўтарилди. Шундай экан миграция билан боғлиқ муаммолар ҳам ошиб боради.

Форум доирасида ташкил этилган тўртта давра суҳбатлари натижалари юзасидан Россия Давлат Думаси, Бош прокуратураси, Россия ҳукумати, Федерал миграция хизмати ва бошқа бир қатор давлат органларига расмий мурожаат тайёрланди.

Жумладан, Форум иштирокчилари мавжуд федерал ижро этиш тузилмалари негизида Миграция масалалари бўйича вазирлик тузиш, муҳожирларнинг ягона электрон базасини яратиш, мигрантларни мажбурий тиббий суғурталаш, Россияда ноқонуний равишда меҳнат қилаётган муҳожирларни легаллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва мигрантлар масалалари билан шуғулланадиган жамоатчилик ташкилотлари фаолиятини жонлантиришга эътибор қаратиш каби таклифлар битилган резолюция ишлаб чиқилди .

Энди ҳал этилиши талаб битта масала қолди: ҳокимият томонидан бу мурожаатларнинг инобатга олиниши...

--------------------
Эслатма: Россияда турли муаммоларга дуч келган меҳнат муҳожирлари қуйидаги ташкилотларга телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин:

Россия меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси: +7(495) 625-28-84, +7-919-968-04-14;

Халқаро миграция маркази:

+7(495) 953-6481, +7-909-909-39-00

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG