Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:52

Россияда икки ўзбек экстрадициядан олиб қолинди


Новосибирск суди икки қочқинни Ўзбекистонга топшириш тўғрисидаги Россия Бош прокуратураси қарорини бекор қилди.


Новосибирск вилоят суди икки нафар ўзбек қочқини - бири Ўзбекистон, иккинчиси Қирғизистон фуқаросини - Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги Россия Бош прокуратураси қарорини бекор қилди.

Суд маҳкамасида қатнашган Инсон ҳуқуқлари институти қошидаги “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябининанинг Озодлик радиосига айтишича, бу йигитлар Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови билан ўтган йили ҳибсга олинган. "Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридан бўлган Ботиржон Тўхтамуродов ҳеч бир асоссиз вақтинча сақлаш изоляторида 7 ой, қирғизистонлик Жаҳонгир Обидов эса 9 ой ўтирди",- дейди Елена Рябинина.

- Ўзбекистон фуқароси Ботиржон Тўхтамуродов ва Қирғизистон фуқароси Жаҳонгир Обидов анъанага айланган, одатдаги конституцион тузумга тажовуз, диний ташкилотларга аъзо бўлиш каби “навбатчи” моддалар билан айбланган эди. Суд мажлиси куннинг иккинчи ярмида ўтди. Суд йигитларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ, биз йигитлар билан ташқарига чиққанимизда, бизни Новосибирск вилояти Федерал миграция хизмати бошқармаси ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари кутиб турганига гувоҳ бўлдик. Улар бу йигитларнинг ҳужжатлари қани, нега улар бу ерда ноқонуний юришибди, деган саволларни бера бошлади.

"Миграция хизмати ходимлари суд бугун кечга бориб ҳукм чиқаргани ва йигитлар паспортларини фақат эртага олишлари мумкинлиги ҳақдаги гапларга қулоқ солишмаяпти",- дейди Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Етти ойлик тутқунликликдан сўнг озод этилган ўзбекистонлик Ботиржон Тўхтамуродов Озодлик билан суҳбатда бу қарордан хурсандлиги, бироқ том маънода қувонишга ҳали эрта эканини айтади:

- Мен Новосибирскка 2010 йил феврал ойида келган эдим. 7 ойдан кейин булар тутиб олишди. “Ўзбекистон сени розискка берди” деб олиб тиқишди булар¸ дейди бухоролик муҳожир.

Ботиржон Ўзбекистон ҳукумати ўзини асоссиз диний оқимга аъзоликда айблагани боис мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини айтди.

- "Рисолаи нур" оқимига аъзо бу деб, айб қўйишяпти. Мен билмаган оқимга булар аъзо қилиб, мажбуран уриб, қамамоқчиларда. Шу сабабдан мен қочиб келган эдим. Укам турмада эди. Укамни уриб “Акангни ҳам ëз” дейишган. Укамни ҳам қамадилар, уни уриб “Акам ҳам нур оқимига аъзо” деб ëздирганлар, - дейди Ботиржон.

Қочқин йигитнинг айтишича, у ҳеч қандай диний оқимга аъзо бўлмаган, ўзига нисбатан таъқибларнинг ягона сабаби беш вақт намоз ўқиганидадир.

Суд залидан озод қилинган Ботиржон ўзинга нисбатан таҳдид ҳали ҳам борлигини қўшимча қилади.

- Ҳозир мени ФСБ Ўзбекистонга мажбуран узатиб, қамамоқчи,- дейди Ботиржон Тўхтамуродов.

Иккинчи йигит қирғизистонлик ўзбек Жаҳонгир Обидов Озодлик билан суҳбатда, унинг Ўзбекистонда қидирувда бўлган қариндоши туфайли жиноий жавобгарликка тортишмоқчи бўлишаётганини айтади:

- Мен гражданствога документларимни топширдим 2009 йил декабрда. Топшириб Ўшга уйга кетган эдим. Кейин булар телефон қилиб “паспортинг чиқди” деди. 2010 йил 27 июн куни келдим паспортимни олгани. 28 июн куни УФМСга бордим. У ерда “розискдасан” деди. ФСБ ходимлари келиб, ушлаб қамаб қўйишди. 9 ойдан бери мана бугун чиқаришаяпти.

Озодлик: Сизга қандай айблов қўйишди?

- Менга Ўзбекистоннинг статялари бўйича 159, 224, 244 – шундай статяларни қўйишди. Мен аслида намоз ҳам ўқимайман, энди менга шунақа статяларни қўйишаяпти-да, нима қилай. Хотя мен Ўзбекистонга 2003 йили Жанубий Кореяга чиқиб кетаëтиб машинада Ўшдан Тошкентгача борганман. Бир кун ҳам бўлмасдан у ердан учиб кетганман. Охирги марта шунда бўлганман. Шундан кейин қайтиб Ўзбекистонга бормаганман, -дейди Жаҳонгир Обидов.

Озодлик радиоси кун давомида ҳибсдан озод этилган ўзбеклар тақдирини кузатиб борди.

23 март куни Новосибирск вақти билан соат 21да Озодлик мухбири яна Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина билан боғланди.

Елена Рябининанинг айтишича, ўзи ва адвокатлар Миграция хизмати ходимларининг Жаҳонгир Обидов ва Ботиржон Тўхтамуродовларни олиб кетишларига йўл қўймаган.

- Ҳозир йигитлар ишончли жойда. 24 март куни биз Новосибирск вилоят Федерал муҳожирлик хизматига уларга вақтинча қочқинлик мақоми бериш бўйича расман мурожаат қиламиз, зеро улар Россия ҳудудида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда ишлашган,- дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG