Линклар

Татаристонда ўзбек маҳаллалари кўпаймоқда

  • Сарвар Усмон

Татаристон ўзбеклари Наврўзни нишонламоқда.

Татаристон ўзбеклари Наврўзни нишонламоқда.

Россия Федерацияси таркибидаги бу республика сиёсий харитаси ўзгаргани йўқ. Гап Татаристонда йилдан-йилга кўпайиб бораётган ўзбекларнинг жамоат ташкилоти – "Ўзбек миллий-маданий мухторияти" устида бораяпти. Куни кеча Озодлик радиоси татар-бошқирд хизмати мухбири Қозон шаҳрида Наврўз байрами бошлангани, у биринчи бўлиб "шаҳардаги ўзбек маҳалласида нишонлангани" тўғрисида хабар қилган эди. Бизни хабардаги "ўзбек маҳалласи" атамаси қизиқтириб қолди ва кутганимиздан кўпроқ маълумот тўпладик.


Уларни, яъни Татаристон пойтахтидаги ўзбек маҳалласида яшайдиганларни топишимизга Озодлик мухбири - "Қозонда ўзбеклар Наврўзни нишонлашди" видеолавҳаси муаллифи ёрдам берди.

Яқиндагина 25 га кирган биринчи суҳбатдошимиз – Татаристон пойтахтида 2001 йилдан бери яшаётган Мирфозилнинг айтишича, Қозонда "ўзбек маҳалласи" деган норасмий ном пайдо бўлганига анча бўлиб қолди.

- Келиб жойлашиб қолган ўзбекларимиз орасида 2-3та маҳалла бор. Ўзбекларимиз ўзлари ном қилиб қўйиб олишган.

Озодлик: Ўзбек маҳалласи деб-а?

- Ҳа. Қаерда такси тўхтатсами, бошқа бўлсами “ўзбек маҳалласи” деса, таксилар ҳам тушуниб ўзи нима қилиб олиб бораверади.

Озодлик: Демак, қозонликлар “ўзбек маҳалласи” деганда гап нима ҳақда кетаëтганини биладиган бўлиб қолибдида-а?

- Ҳа, дейди Мирфозил.

Қозонда ўз магазини бор Мирфозил билан суҳбатга яна қайтамиз.

Ҳозирча бизни фақат "ўзбек маҳалласи" қизиқтирмоқда.

Мирфозил Абдуманноп ака деганнинг телефонини берди.

Кейин маълум бўлишича, Абдуманноп ака Татаристондаги Ўзбек миллий-маданий мухторияти кенгаши раиси, Татаристон республикаси Жамоатчилик палатаси аъзоси Абдуманноп Абдусатторов экан.

У ёқ-бу ёғи чорак асрдан бери Қозонда яшаётган Абдуманноп ака асли Андижондан.

Унинг айтишича, Қозонда ўзбек маҳалласи пайдо бўлиб қолиши тарихи Татаристон собиқ президенти Минтемир Шаймиев билан боғлиқ.

- 2002 йил Наврўз байрамидан кейин 5та 200 грузни юртимизга чиқариб юбордикда. Учтаси куйиб кетган бизнинг миллат, биттаси чўкиб ўлган, биттасининг юраги тўхтаб қолган. Бешта 200 груз чиқарганимизда, шов-шув бўлиб кетганда бу ерда криминал бўлдими деб, дейди Абдуманноп Абдусатторов.

Ўша воқеадан кейин суҳбатдошимиз - 1998 йилда тузилган Татаристондаги Ўзбек миллий-маданий мухторияти кенгаши раиси Абдуманноп Абдусатторовни Татаристон президенти Минтемир Шаймиев қабул қилади.

- Президент мендан “Қанақа, криминал бўлдими?” деган эди, сабабини айтиб бердим нимага унча грузни бир кунда чиқарганимизни. Кейин Минтемир Шарипович сўраб қолди. “Ўзбек диаспораси културний автономияси бор. Қаерда турибсан сен? Кичкинами, каттами бизнесинг борми?” деб сўраб қолган эди, мана шу Кирова кўчаси, бугунги кунда Московский деб аталади, “Кирова 60да кичкина ресторанимиз бор. У ерда ўтираман мен” деганимда, “Бизга қанақа пожелание бўлади? Биз қандай ëрдам берсак бўлади давлат томонидан?” деган эди, “Агар иложи бўлса, ўша зданиени бизга берсангиз, ўша ерда кичкинагина Ўзбекистонни кўрсатсак. Маданиятини, миллий урф-одатларимизни” деб мендан таклиф чиққан, дейди Абдуманноп Абдусатторов.

Президент Шаймиев бу таклиф-илтимосни қабул қилади ва

- 2002 йилда Кирова 60, ҳозирги Московский 60 ни на безвозмездное ползование деб 2500 кваддат метр зданиени бизга 25 йилга берган. Ана шу зданиеда торговий дом Ўзбекистон очилиб, ўзбек обшинаси ўша ерда бўлсин деб берилган бу нарса, дейди Абдуманноп Абдусатторов.

Хуллас, ана ўша вақтдан бошлаб Қозондаги ўзбекларнинг борар жойи пайдо бўлди, "ўзбек маҳалласи" деган норасмий атама ана ўша вақтда пайдо бўла бошлади.

Абдуманноп Абдусатторов ўзи бошқариб турган жамоат ташкилоти амалга ошираётган ишлар тўғрисида кўп нарсаларни айтиб берди.

Суҳбатдан баъзи парчалар:

Озодлик: Қозон шаҳрида қанча ўзбек бор?

- Энди мана бундай. Бизнинг Ўзбекистондан келиб қолган ўзбек фуқаролари 37-38 фоиз миграцияни ташкил қилади. Биринчи ўринда турамизда Татаристон бўйича.

Озодлик: Марказий Осиëдан ўзбеклар борса, сиз нима ëрдам бера оласиз? Ташкилотингиз нима ëрдам бера олади?

- Биз миграционний томондан консултация бера оламиз, ишга жойлаб қўя оламиз. Шунақа линиялар бор, мигрантлар келганда жойлаш, қаерда ëтиб туриши, қаерда ишлаш, қанақа условиеда ишлайди, неча пул ойлик олади, обшижитиеси қанақа – биз ҳаммасини контролга оламиз.

Озодлик: Сизнинг телефонларингизни бериб юборсак бўладими?

- Бўлади, бўлади, дейди Абдуманноп Абдусатторов.

Татаристондаги Ўзбек миллий-маданий мухторияти телефонлари ва бу ташкилот тўғрисидаги бошқа маълумотларни унинг сайтига кириб топишингиз мумкин.

Озодлик: Биласиз Ўш воқеаларида анча азият чекишди. Кўпчилиги Қозонга борган. Ўша воқеадан кейин бориб қолган ўшликлар қанчалик кўп? Уларни биласизми? Уларнинг муаммолари нималардан иборат?

- Ҳозирги кунда менинг столимда мана 570 оиланинг спискаси бор. Именно Қирғизистондан келиб қолган ўзбеклар. Ҳозирги кунда бизда шундай борки, бизда ўзбекистонлик ўзбек, қирғизистонлик ўзбек йўқ, ҳаммаси ўзбек, мана Жалолобод, Сузоқ, Ўш, Арслонбоп районлар борку, ҳаммасида биттадан старший бор. Қирғизистондан келиб қолган ўзбеклар учун ҳозир ер олинаяпти.

Озодлик: Қирғизистонлик 570 оиладан ариза турибди столим устида деяпсиз. У нима тўғрисида ариза? Қанақа ариза у?

- Қирғизистонда бўлган воқеалардан келиб қолганлар борда ëрдам сўраб. Кимгадир уй керак, кимгадир детсад керак, кимгадир мактаб керак, кимнингдир бизнес планлари бор. Буларнинг ичида олий маълумотлилари бор, докторлар бор, юристлар бор. Ҳамма специалност борда, ëзилган.

Озодлик: Бу аризаларни нима қиласиз? Ташкилотингизнинг қўлидан келадими қондириш?

- Айнан шу ташкилотимизнинг қўлидан келгани учун биз давлат миқëсида переговор олиб бораяпмиз. Ҳозир кўп аризалар ер бўлсаю уй солсак, жойлашиб қолсак, фуқароликларни олайлик деганига ҳозир катталар билан учрашиб, ер масаласини ҳал қилдик.

Озодлик: 570 ариза Ўш воқеаларидан кейин бориб қолганларнинг аризалари-а?

- Ҳа, дейди Татаристондаги Ўзбек миллий-маданий мухторияти кенгаши раиси Абдуманноп Абдусатторов.

Шуни айтиш керакки, Ўш воқеаларидан кейин Қозонга бориб қолган қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳаммасиям Абдуманноп ака вакили бўлган ташкилотни билавермайди.

Ҳар ҳолда, фожеадан кейин оиласи билан Қозонга бориб қолган собиқ милиция ходими, ўшлик Тўлқинжон бу ташкилот тўғрисида куни кечагина эшитганини айтди.

- Мен яшаëтган квартирада денг бир қорасувлик бола яшайдида. Ўша бола илгари куни кечруқун айтиб қолди. Абдуманноп деганни мен кеча эшитдим. Сумалак қилаяпти экан Наврўзга, ош дамлаяпти экан, Абдуманноп ака ўзбекистонлик, ўзбек марказининг директорими, деди.

Озодлик: У кишининг ташкилотининг номи Национально-культурная автономия узбеков экан.

- Шунақа деди. Тўғри айтаяпсиз.

Озодлик: Қозонга борганингизга неча ой бўлди?

- 8 ой бўлди.

Озодлик: Оилангиз билан боргансиз. Мана 8 ой ўтди. Шу кунда нима иш қилаяпсиз? Иш топдингизми, яшаш жойларингиз қанақа бўлаяпти?

- Худога шукур яқинда иш топдим. Ўзимизнинг 07 Жигули бору, шунақа машинани арендага олиб, таксичилик қилаяпман.

Озодлик: Оилангизчи? Болаларингиз ўқишга кирдими?

- Ўғлимни мактабга жойлаб қўйганман.

Озодлик: Ижарада турибсизлар.

- Ҳа.

Озодлик: Чидаса бўладиган аҳволми?

- Худога шукур нима бўлса ҳам мана бу ëқда тинч. Тирикчилик бўлиб турибди. Ўғлим мактабда. Паспортларни олиб олдик. Яқинда олдик, бир ойча бўлиб қолди.

Озодлик: Россия фуқароси бўлибсизда энди.

- Ҳа. Россия фуқароси деган паспорт олганмиз. Бир ой бўлиб қолди, дейди ўшлик Тўлқинжон.

Ўшлик Тўлқинжоннинг гапларини эшитиб, асалга қалампир қориб егандай бўлдим.

Тўлқинжон Қозонга бориб 8 ой деганда энг зарурий амалларни бажарди: оиласининг тинчлиги ва хотиржамлигини таъминлади.

Лекин ҳаракат қилиб турса, ҳадемай оёққа туриб олади.

Бундай умид қилишимизга биринчи суҳбатдошимиз – Қозоннинг ўзбек маҳалласида яшовчи, Андижоннинг Хонободида туғилиб ўсган Мирфозилнинг муваффақияти асос бўла олади.

Мана эшитинг:

- Мен Қозонга кичкиналигимда онам билан бирга келиб, овқат қилиб бозорларга олиб чиқиб сотардик.

Озодлик: Нечанчи йил?

- 2001 йил, дейди Мирфозил.

Қозоннинг бозорларида овқат сотиб юриб катта бўлган ўзбекнинг боласи орадан 10 йил ўтиб дўкондорга айланди.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Мен бу ерда магазин очганман.

Озодлик: Магазин ўзингизникими ë бировнинг қўлида сотувчилик қиласизми?

- Магазин ўзимизники. Озиқ-овқат магазини.

Озодлик: Мумкин бўлса, оборотингиз қанча?

- Кунига российский пулга 30-40 савдо қилади.

Озодлик: 30-40 минг рубл-а?

- Ҳа, рубл.

Озодлик: Кунига 1000 долларлик савдонгиз бор эканда-а?

- 1000 доллардан 30 фоизи савдонинг фойдаси қолади энди, дейди Мирфозил.

Мирфозил билан гаплашиб бўлиб, у кўраётган фойда ҳисобини қила бошладим: кунига 1000 долларли савдо, 30 фоизи - фойда. Бу - бир кунда. Бир ойда 30 кун бор...

Бировнинг пулини санашдан осон иш борми?!

Ҳе, яшавор ўзбек!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG