Линклар

Исроил Ғазо шимолига яна ҳужум қилди


Фаластинлик жанггарилар Исроилнинг жанубий ҳудудларига ўнлаб ракета отгани ва минамётлардан ўққа тутган бир пайтда Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори шимолига ҳужум қилди.

Бугунги ҳужумга 23 март куни Қуддус шаҳрининг одамлар билан гавжум марказий автобус станцияси яқинида содир бўлган кучли портлаш оқибатида камида бир одам нобуд бўлди, 20дан ортиғи яралани сабаб бўлди.

Исроил расмийлари портлаш учун фаластинлик жанггариларни айблади.

Ҳужумдан кейин Вашингтонда сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Исроил ва Фаластинликлар орасида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлиши ва зўравонликлар кучайишининг олдин олиш учун томонлар бор имкониятни ишга солишлари кераклигини айтди.

- Мен камида бир одам нобуд бўлган ва бегуноҳ одамлар яраланган Қуддус шаҳридаги ҳужумни эшитиб жумбушга тушдим ва ғамгин бўлдим. Терроризм ва тинч аҳолига қарши уюштирилган ҳужумлар ҳеч қачон оқланган эмас. Бундай воқеа юз берганда Исроил, ҳар қандай давлат каби унга жавоб қайтариши керак, деди АҚШ Давлат котиби.

Исроил расмийлари бугунги ҳаво ҳужуми жанггариларни тайёрловчи лагерларига қарши амалга оширилганини айтди.

Воқеадан сўнг Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Россияга сафарини қолдирди. Нетаняҳу Москвада Россия етакчилари билан музокара қилиб, 24 март куни Исроилга қайтишни режалаган эди.
XS
SM
MD
LG