Линклар

Қирғизистон куч ишлатар тизимлари Тожикистоннинг Исфара туманидаги “Чоркўҳ” дехқончилик хўжалигига қарашли 400 дан ортиқ ўрик кўчатини таг-томири билан кўчириб ташлашди.

Cўғд вилоятининг Исфара туманидаги “Чоркўҳ” дехқончилик хўжалиги раиси Неъматбой Очиловнинг Озодлик радиосига айтишича, Қирғизистон куч ишлатар тизимлари вакиллари илгари ҳам бу худудга бир неча бор бостириб кириб, “бу ерлар Қирғизистонга қарашли, бу ерда бошқа дехқончилик қилманглар”, дея тожикистонлик деҳқонларга таҳдид қилганлар.

- Қирғизистоннинг қуролланган чегара ва милиция вакиллари ярим тунда ўрикзорларимизга бостириб киришган. Ҳамма уйқуда бўлган. Одамлар тракторларнинг гуриллашию дарахтларнинг кўчирилишидан уйғонган. Биз боғимизга келганимизда аллақачон гуллаб турган ўрик дарахтларнинг ўттиздан ортиғи таг-томири билан кўчирилиб бўлинган эди. Биз қуролланган қирғиз аскарларига қаршилик кўрсата олмадик. Уч-тўрт соат ичида 400 дан ортиқ ўрик дарахтларимизни таг-томири билан кўчириб, ўзлари билан олиб кетишди, - дейди Неъматбой Очилов.

Унинг айтишича, исфараликлар мазкур боғни 12 йил олдин барпо қилишган ва бу ерда ўрик дарахтларидан ташқари мол боқиш майдони ҳам бўлган. Эндиликда боғ ва майдондан ҳеч нима қолмаган.

Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги чегарада сўнгги йилларда саккиз маротаба можаро юзага келди. Бунга Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги шўролар давридан буён давом этиб келаётган ер ва сув жанжали сабаб бўлган.

- Айтайлик, исфараликнинг сув келадиган қувурини боткенликлар кесиб ташлашди, боткенликнинг ерини эса исфаралик тортиб олди. Натижада можаро. Ҳукумат вакиллари келади, кўради, эшитади ва “масалани хал қилинглар” дея маҳаллий ҳукумат аъзоларига топшириқ берадию кетади. Бу “рахбарлар хеч нимани ҳал қилмай кетди”, деган гап. Ва мавжуд муаммо йиллар, ўн йиллар мобайнида ҳал қилинмаяпти. Назаримда, ҳукуматдорларнинг катта хатоси шундаки, улар икки халкнинг фикрига қулоқ солмаяпти. Ахир бу ерда аҳоли яшайди-ку, раҳбарлар эмас. Шундай экан, муаммони биргаликда ҳал қилмоқ лозим, - дейди таҳлилчи Неъмат Мирсаидов.

Хўш, Қирғизистон томонининг тожикистонликлар қирғиз ерларини ўзлаштириб олгани ҳақидаги иддаоси нақадар ҳақиқатга яқин?

Тожикистонлик таҳлилчилар ва олимлар Қирғизистон томонининг бу даъвосини рад этмоқдалар. Хусусан, тожикистонлик академик Раҳим Масовга кўра, совет даврида маҳаллий ҳукуматлар қарори билан Боткен вилоятига қўшни бўлган Исфара туманидан то Мастчоҳи Кўҳистон туманигача бўлган қарийб 350 километр масофадаги 80 минг гектар ер Қирғизистон томонига берилган. Шунингдек, уч йил олдин Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Мурғоб тумани ҳудуди ерларидан ҳам Қирғизистонга ажратиб берилган.

- Ҳар бир ҳужжат сессияда парламент депутатлари томонидан тасдиқланиши керак. Шунинг учун ҳам Қирғизистон томонининг асли Тожикистон ерларига бўлган даъволари асоссиздир, - дейди Масов.

Тожик академиги фикрича, токи икки давлат ўртасида чегара демаркацияси ишлари охирига етказилмас экан, бу ерлар баҳсли бўлиб қолаверади.

Қирғизистон билан чегарадош бўлган Бобожон Ғафуров, Жаббор Расулов, Спитамен, Исфара туманлари аҳолиси билан сўзлашганимизда, суҳбатдошларимиз қўшнилар ўзаро аҳил яшаётганликларини айтдилар.

Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров тумани билан Қирғизистоннинг Лайлак туманини фақат катта автомобил йўли ажратиб туради. Қистакўз қишлоғида истиқомат қилувчи Жамшид Холиқовнинг айтишича, бу ерда яшайдиган икки республика эли бир-бирови билан аралашиб кетган.

- Йўлнинг у томонида ҳақиқатан қирғизлар истиқомат қилади. Ёнма-ён яшаймиз, бирор марта жанжал қилганимиз йўқ. Қабристонимиз бир, битта дарёдан сув ичамиз. Битта ерда деҳқончилик қиламиз. Оддий халқ иноқ яшаяпти. Лекин мансабдорлар келиб, “бу ерлар Қирғизистонга қарашли”, дея бизни ҳайдамоқчи бўлишади. Ахир бу ерларда отамнинг отаси яшаган, деҳқончилик қилган, - дейди Жамшид Холиқов.

Ўтган йиллар мобайнида икки давлат расмийлари чегара масаласига оид бир нечта ҳужжат имзолаганлар. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, чегаралар қонуний жиҳатдан белгилаб олингунига қадар баҳсли ҳудудлардан ҳар икки давлат фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG