Линклар

logo-print

Россияда миграция қонунчилиги ўзгармоқда


Россия миграцион қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, мутахассислар қайдича, марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари турмушини озгина бўлса-да, енгиллатиши мумкин.

Россия миграцион қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, мутахассислар қайдича, марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари турмушини озгина бўлса-да, енгиллатиши мумкин.

Россияга вақтинча яшаш учун келаётган чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг миграция қайдига туриш мухлати 3 кундан 7 кунгача узайтирилди.

23 март куни президент Дмитрий Медведев бир қанча ўзгартиришлар киритилган “Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Россия Федерациясида миграция қайдига олиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Меҳнат муҳожирларининг Россиядаги фаолияти ва яшаш шароитига бевосита алоқадор қонунга киритилган янги ўзгаришларни шарҳлаб бериш илтимоси билан Озодлик Москванинг Шимоли-Ғарбий маъмурий округ Федерал Миграция хизмати бошлиғи Лариса Моисеевага мурожаат қилди.

Миграция хизмати вакиласининг сўзларига кўра, бу тадбирлар, биринчи навбатда? Россияга юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ва улар ҳужжатларини расмийлаштиришни жўнлаштиришга қаратилган.

- Кечадан бошлаб 3 кун ичида манзилига етиб бора олмаган хориж фуқаролари учун миграция қайдига туриш мухлати 7 кунгача узайтирилди. Амалда катта ўзгаришлар бўлмаса-да, Қонуннинг янги таҳрири чет эллик мигрантлар, хусусан, юқори малакали мутахассисларни Россияга жалб қилишга қаратилган. Юқори малакали мутахассис эса миграция қайдига 90 кун ичида туриши мумкин, - дея маълум қилди Федерал миграция хизматининг округ бўлими бошлиғи Лариса Моисеева.

ФМХ расмийсининг айтишига кўра, эндиликда Россияда қайдга тураётган меҳнат муҳожири нафақат яшаш жойларида, балки фаолият юритаётган идоралару қурилиш иншоотларида, ташкилоту муассасаларда миграция қайдига туриши мумкин.

Шунингдек, Лариса Моисееванинг айтишича, эндиликда қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, Россияда хусусий бино ёки яшаш жойига эга меҳнат муҳожирлари ўз оила аъзоларини қабул қилиб олувчи томон сифатида чиқиш ҳуқуқига эга бўлди.

Россия президенти аппарати сайтида эълон қилинган расмий маълумотга кўра, бундай чора-тадбирлар муҳожирларнинг ҳаракатланиш имкониятини оширади, полиция ва миграция хизмати каби назорат органларининг мигрантларга босимини камайтиради ва Россия иқтисодиёти модернизациясига кенг йўл очади.

Федерал миграция хизмати Константин Полтораниннинг Озодликка берган маълумотига кўра, Россияда бугунги кунда 5 мингга яқин юқори малакали чет эллик мутахассис қайдга олинган.

Аснода Россия расмий доиралари ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтириш зарурлигини таъкидлаш баробарида мамлакатга мутахассисликка эга бўлмаган муҳожирлар кириб келишини чеклаб бориш ниятида эканини билдирмоқда.

Хўш, Россияга мигрантлар керакми-йўқми?

Россия жамияти бу масалада икки қарама-қарши гуруҳга ажралди: тадбиркорлар ва арзон ишчи кучи ҳисобига мўмай даромад орттираётганлар “керак” деса, мегаполисда тиқилинч ҳаётдан чарчаган ва жамиятнинг барча муаммоларида айбдор изловчилар “керак эмас” дея Манежная майдонига йиғилмоқда.

Бир томондан Домодедово аэропортида миграция карталарини тарқатувчи автоматлаштирилган тизим жорий қилинса, бошқа томондан Москва мэри Собянин ҳар бир мигрант ўз ҳисобига мажбурий суғурталанишини талаб қилмоқда.

Бу масалада юқори лавозимли амалдорларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари бир-биридан кескин фарқ қилади.

Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский ўз чиқишларидан бирида: "Иммиграция бўлмаса, президент Медведев эълон қилган модернизация ҳақида оғиз очмаса ҳам бўлади", деди.

- Россиядаги мигрантларнинг 70-75 фоизини МДҲ давлатларидан келганлар ташкил этади. Жумладан, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистон бу кўрсаткичнинг 50 фоизини ташкил қилади. 2010 йилнинг ўзида Россияга 13,6 миллион меҳнат муҳожири кириб келган. Аммо ишчи кучи оқимисиз ҳам бугунги кунда мамлакат олдида турган муаммоларни мутлақо ҳал этиб бўлмайди, - деди Миграция хизмати раҳбари.

Бироқ ҳокимият вакилларининг бундай баёнотлари жамиятда авж олиб бораётган миллатчилик кайфиятини сўндира олмаяпти, сўнгги пайтларда аҳоли орасида муҳожирликка нисбатан кескин қаршилик вужудга келаётгани кузатилмоқда.

Россиядаги “Левада-Центр” олиб борган социологик сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 66 фоизи меҳнат муҳожирлари оқимини кескин камайтириш тарафдори. Москва ва бошқа йирик шаҳарларда эса сўралганларнинг 75 фоиздан зиёди бу фикрни маъқуллаган маъқуллаган. Сўровда иштирок этганлардан 26 фоизигина мигрантларнинг Россияга кириб келиши чекланмаслигини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Шу сабабдан бўлса керак, Россияга меҳнат муҳожирлари жалб қилинаётган айни пайтда уларга нисбатан ички миграция назорати кучайтирилмоқда. Жумладан, Россиядаги мардикорларни сиқувга олиш билан бирга уларни ишга ёлловчи тадбиркорлар ҳам жиддий кузатув остига олинди. Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда ноқонуний муҳожирлар меҳнатидан фойдаланган россиялик тадбиркорлардан 7,6 млрд рубл жарима ундирилган.

2010 йилнинг 1 июлидан мигрантларга Россияда меҳнат қилишга рухсатнома олмасдан патент сотиб олиш чораси жорий қилинди. Лекин бунга қарши чиққан касаба уюшмалари "иш берувчилар россияликларни ишга ёлламай қўйди" деган иддаони илгари сурмоқда.

Бундай босим остига олинган Россия ҳукумати мамлакатга асосан юқори малакали мутахассисларни жалб қилишга уринаётганини айтмоқда.

Аммо Кремл бир тарафга ён босса, йирик даромаддан қуруқ қолишини, иккинчи томон талабларини қондирса, ижтимоий аланга ва норозилик намойишларига сабабчи бўлишини англаб етмоқда. Шу сабабли оммавий ахборот воситалари орқали қилинаётган баёнотлар кўп ҳолларда амалдаги ишлардан кескин фарқ қилаяпти.

Айни пайтда мутахассислар жаҳон бозорининг глобаллашуви жараёнини меҳнат миграцияси таъминлаётган бир пайтда Россия бу жараёндан четда қололмаслигини таъкидламоқдалар. Халқаро Мигрантлар Ассоциацияси президенти Ашишухендра Махадур ҳам ана шундай фикрда бўлганлардан биридир.

- Бугун ҳар бир одам ишлаётган жойини энг азиз жой сифатида қабул қилиши фалсафаси пайдо бўлди. Унга биноан, инсон бирорта мамлакатнинг мулки эмас. У эркин мавжудот. Ва ҳар ким ўзи танлаган жойида яшаб, меҳнат қилиш ҳуқуқига эга, - дер экан Халқаро Мигрантлар Ассоциацияси президенти Ашишухендра Махадур Россия жамияти бугунги кунда эски, қотиб қолган дунёқарашдан воз кеча олсагина, ҳақиқий тараққиётга эриша олишини қўшимча қилади.
XS
SM
MD
LG