Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:52

Туркманистонда ўзбек тилидаги дарслар тўхтатилди


Туркманистонлик ўзбеклар она тилида ўқиш имконидан маҳрум бўлди.
Туркманистонлик ўзбеклар она тилида ўқиш имконидан маҳрум бўлди.

Мустақиллик йилларида Туркманистоннинг ўзбеклар зич яшайдиган ҳудудларидаги мактабларда кескин қисқартирилган ўзбек тили дарслари батамом тўхтатилди. Бу ҳақда муҳожиратдаги мухолифат гуруҳларига тегишли “Туркманистон хроникаси” сайти хабар қилди. Озодлик билан суҳбатлашган туркманистонлик ўзбеклар эса ўзбек тили ва адабиёти дарсларининг тугатилганига қарийб бир йил бўляпти, дея маълум қилди.


Туркманистондаги ўзбек мактаблари ўтган асрнинг 90-йилларида тугатила бошлади, ўзбеклар зич яшайдиган Лабоп ва Тошҳовуз вилоятларидаги мактаблар тўлалигича туркман мактабларига айлантирилиб, ўзбек тилида фақат икки фан - ўзбек тили ва адабиёти дарслари қолдирилган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббуси ташкилоти раҳбари Фарид Туxватулин собиқ иттифоқ даврида амал қилган ўзбек мактабларидан бугун ном-нишон ҳам қолмади дейди:

- 2000 йилларда ўзбек тилида ўқитиладиган дарслар ҳам секин-секин тўхтатила бошланди. 2005 йилгача туркман мактабларида ўқишни бошлаган болалар ўзбек тили ва адабиёти дарсларидан таълим олган бўлсалар, 2005 йилдан кейин ўқишни бошлаган болалар бу имкониятдан ҳам маҳрум қилинди. Ўтган йилнинг сентябр ойидан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти дарслари тамоман тўхтатилди. Бугун ўзбеклар зич яшайдиган Лабоп ва Тошҳовуз вилоятларидаги ўзбек болалари она тилида таълим олиш ҳуқуқидан батамом маҳрум бўлган,- дейди Фарид Тухватулин.

Унинг айтишича, 90-йилларда ўзбеклар Туркманистон аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этарди ва Тошҳовуз ҳамда Лабоп вилоятларида 60га яқин ўзбек тилидаги мактаблар фаолият юритган. Бироқ, дейди Фарид Тухватулин, мустақиллик йилларида мамлакат раҳбарлари миллий озчиликларга қарашли мактабларини йўқ қилишга киришди.

Туркманистоннинг Тошҳовуз шаҳрида истиқомат қиладиган ва Озодлик билан исми сир қолиши шарти билан гаплашган ўзбеклардан бири айтишича, ўзбек тилидаги мактаблар ёпилганидан сўнг уч нафар фарзандини рус тилидаги мактабга ўтказишга тўғри келган:

- Биласизми, биз ўзбеклар туркманларга нисбатан ёмон яшаяпмиз, деб айта олмайман. Лекин ўзбек мактабларининг кетма-кет ёпилгани ёмон бўлди. Яқин атрофимда илгари иккита ўзбек мактаби бор эди. Ҳозир уларнинг ҳаммаси туркман мактабларга айлантирилди. Мен эса болаларимни рус тилидаги мактабга бердим. Бу масаланинг яна бир томони ҳам бор. Ўзбек мактаблари яхшику-я, лекин уни битиргандан сўнг болалар қаерга ҳам ўқишга борарди, чунки Туркманистонда ўзбек тилидаги олийгоҳнинг ўзи йўқ. Ўзбекистонга бориб ўқиш эса жуда қийин, ўртада виза деган бало бор,- дейди тошҳовузлик суҳбатдош.

Ўзбекистонлик туркманлар эса, Туркманистонда яшаётган ўзбеклардан фарқли ўлароқ она тилларида таълим олиш имкониятига эга. Ўзбекистондаги туркман миллий-маданий марказининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Орум Авездурдиевнинг Озодликка айтишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги туркман мактаблари эркин фаолият юритмоқда:

- Республика бўйича презиндетга маълумот берганимизда 51та мактаб деб берганмиз. Мактабларнинг асосий қисми Қорақалпоғистонда. Қорақалпоғистонда 47та мактаб бор. Хоразм, Бухорода биттадан.

Мактабларнинг аксариятида таълим тўлалигича туркман тилида олиб борилади, дейди О. Авездурдиев.

- Қорақалпоғистонда Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний деган жойлар бор. Ўша ердаги мактабларнинг ҳаммаси 100 фоиз туркман йилида. Дарсликларни таржима қилиб Тошкентнинг ўзида чиқариб бераяпти.

Авездурдиев, мустқиллик йилларида туркман мактаблари сони камайгани йўқ, дея қўшимча қилади.

Ўтган йилнинг 19-20 октябр кунлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов туркманистонлик ҳамкасби таклифига мувофиқ Хоразмнинг Шовот туманига туташ Тошҳовуз шаҳрида “Туркман-ўзбек дўстлиги” фестивалида иштирок этган эди. Бу учрашувда икки халқнинг абадий дўстлиги ҳақида баландпарвоз сўзлар айтилди. Ҳукуматлар даражасида гуманитар ҳамкорлик тўғрисида шартнома ҳам имзоланди. Бироқ бу шартномада туркманистонлик ўзбекларнинг ўз она тилларида таълим олиш ҳуқуқлари инобатга олинмаган кўринади.
XS
SM
MD
LG