Линклар

logo-print

Ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар давом этмоқда


10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Норбой Холжигитовнинг саломатчилиги, маълумотларга кўра, кундан-кунга ёмонлашмоқда.

10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Норбой Холжигитовнинг саломатчилиги, маълумотларга кўра, кундан-кунга ёмонлашмоқда.

Ўзбекистон қамоқхонасида 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг аҳволи оғирлашган.

Бу ҳақда Озодликка унинг турмуш ўртоғи Бўригул ая маълум қилди.

"Эримни Сангородга кўчириш керак"

Бўригул ая 22 апрел куни Қарши қамоқхонасига борган:

- 22 апрел куни бориб, 27 апрел куни кирдим. Навбат катта, одам кўп. Ҳозир аҳволи оғир. Сахари ошибди, буйрагида давление чиқибди.Ундан кейин оғзида тиши йўқ, ошқозони ҳам оғрибди. Қувуқ атрофлари без бўлиб кетибди. Олдин бундай эмас эди. Олдин кўкаргани тиззадан пастда эди. Ҳозир тиззадан баландга ўтибди. Оёғига игнани теккизсангиз ҳам ҳеч нарсани сезмайди. Қамоқхонанинг ичидаги касалхонада экан. Уч кун бўлибди экан ётганига. "Сангородга жўнатинглар, менинг аҳволим оғир” деб, бир-икки марта ариза билан чиққан экан. Аризасини ҳеч ким тингламабди, - дейди қамоқхонадаги Норбой Холжигитовнинг турмуш ўртоғи Бўригул ая.

Унинг айтишича, турмуш ўртоғини қамоқхона ходимлари кўрсатмасликка ҳаракатлар ҳам қилишган. Норбой Холжигитов билан учрашганидан сўнг Бўригул ая қамоқхона бошлиғи қабулида бўлиб, эрини Тошкентдаги касалхонага ётқизишни сўраган.

Суҳбатдошимиз 10 май куни яна Қарши қамоқхонасига бориб, эрининг аҳволидан хабар олишини айтди.

Норбой Холжигитов 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йили эса “Озод деҳқонлар" партиясига аъзо бўлган.

Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон Жиноят кодексининг тўрт моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари унинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келадилар.

Айни пайтда, хабарларга кўра, Ўзбекистонда маҳбусларни қийноққа солиш амалиёти мамлакат тергов ҳибсхоналарида ҳам давом этаяпти.

Наманганда диндор қийноққа солинмоқда

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Наманган вилоятида ноқонуний қамашлар ва уйдирма жиноий ишлар очилаётгани ҳам кузатилмоқда.

- Бизга Намангандан Маҳбуба Қорёғдиева мурожаат қилди.Уларнинг ёлғиз ўғли, 1976 йилда туғилган Баҳодир Қуролов милиция ходимлари томонидан 4 феврал куни қўлга олиниб, Норин туман судига олиб келтирилган. У ердан ҳибсга олиш санкциясини олиб, 15 суткага маъмурий жавобгарликка тортилиб қаматилган, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромовга кўра, Наманганда ҳибсга олинган Баҳодир Қуролов ва яна 5 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-модданинг 2-қисми (Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), шунингдек, “Ислом жиҳоди” ташкилотига аъзолик айблари қўйилмоқда.

- Мана шу олти киши қийноққа учратилган. Улар орасида Қорёғдиеванинг ўғли резинкали тўқмоқ билан калтакланган ва унинг баданига электр токи қўйилган. Булар бўйнига “Ислом жиҳоди” ташкилотининг аъзоси эканлигини бўйнига олиш учун қийноқлар амалга оширилган. Буларни бу ташкилотга алоқаси бўлмаган. Бундан ташқари, Баҳодир Қуролов касалманд бола экан. Онаси шундай хавотирдаки, агар қийноқлар давом этса, у чидай олмаслиги мумкин, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Баҳодир Қуроловнинг онаси Маҳбуба Қорёғдиева Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига уч марта хат йўллаган. Шунингдек, аёл Ўзбекистон Бош прокурори, Миллий ҳавфсизлик хизматига ўғли ноҳақ ҳибсга олинганлиги ҳақида мурожаатлар қилган, бироқ шу пайтга қадар бирор жавоб ололмаган.

Яқин кунларда Наманганда ҳибсда сақланаётган олти фуқаронинг суд маҳкамаси бошланиши кутилаётир.

Айни пайтда ўзбек расмийлари мамлакатдаги жазони ўташ муассасаларида, тергов изоляторларида қийноқлар қўлланилишини рад этиб келадилар.

Ўзбекистон хукумати қийноқларга қарши БМТ конвенциясига 1995 йилда қўшилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG