Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:55

"Қурбонларнинг 75 фоизи ўзбеклардир!"


Киммо Килюнен Бишкекдаги матбуот анжуманида
Киммо Килюнен Бишкекдаги матбуот анжуманида

Қирғизистон жанубидаги миллий низо юзасидан текширув ўтказган халқаро комиссия 3 май куни ана шундай хулосани эълон қилди.



Ўтган йил июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли зўравонликлар пайти ҳалок бўлганларнинг 75 фоизи этник ўзбеклар бўлган.

Бу ҳақда Қирғизистон жанубидаги хунрезликлар бўйича махсус тергов олиб борган халқаро ҳайъат раҳбари Киммо Килюнен 3 май куни Бишкекда баён қилди.

Тергов ҳайъати эълон қилган ҳисоботда айтилишича, Қирғизистоннинг асосан Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган миллий низолар чоғида ҳар икки томондан ҳам жиддий инсоний талафотлар бўлган, жумладан 470 га яқин одам қурбон бўлган ва яна минглаб одам жароҳатланган.

Халқаро ҳайъат, бундан ташқари, июн ойидаги воқеалар чоғида бошқа кўплаб жиноятлар ҳам содир этилгани ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро қонунларнинг жиддий оёқ-ости қилиниш ҳоллари юз берганлигини ҳам баён қилди.

Таркибига турли мамлакатлардан 7 олим кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини Скандинавия давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа айрим давлатлар молиялаштирган.
XS
SM
MD
LG