Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:00

“Матбуот эркинлиги бўйича Тожикистондаги вазият ёмонлашган”


Халқаро матбуот эркинлиги кунига бағишлаб Тожикистон пойтахтида ўтказилган давра суҳбатида ўтган йил мобайнида мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият салбий томонга ўзгаргани бир овоздан эътироф этилди.
Халқаро матбуот эркинлиги кунига бағишлаб Тожикистон пойтахтида ўтказилган давра суҳбатида ўтган йил мобайнида мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият салбий томонга ўзгаргани бир овоздан эътироф этилди.

3 май - халқаро матбуот эркинлиги кунига бағишлаб Душанбеда ўтказилган тадбир иштирокчиларининг аксарияти ана шундай хулосага келди.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари анжумани эса ўтган тўрт ой давомида сўз эркинлиги билан боғлиқ 84 ҳолатни қайдга олгани, шундан 34 таси бевосита журналистлар ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши билан боғлиқлиги таъкидланди.

“Рашт воқеалари сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштирди”

Тожикистондаги маҳаллий ва хорижий ахборот воситалари вакиллари жамиятда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашганини айтмоқда.

Би-би-си радиосининг Душанбедаги форс хизмати мухбири Мардони Муҳаммад мулоҳазасича, бу тенденция тожик жамиятида Рашт ҳодисалари ортидан янада кучайди.

- Рашт водийсидаги ҳодисалардан кейин Тожикистондаги журналистлар, хусусан, мустақил журналистларга босим ўтказиш ҳолатлар жуда кўпайиб кетди. Жумладан, Тожикистон Мудофаа вазири шу ҳодисаларни ёритган журналистларга нисбатан жиноий иш қўзғаш лозимлигини расмий тарзда талаб қилганидан кейин тожик журналистикасида ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари кучайди. Ҳозир, назаримда, журналистларда бир қўрқинч пайдо бўлган, - дейди Би-би-си мухбири Мардони Муҳаммад.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил октябр ойи бошида Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев “Ховар” давлат ахборот агентлиги орқали баёнот бериб, “Республикадаги мустақил нашрлар ўз мақолаларида Рашт водийсидаги ҳодисаларни бир томонлама ёритаётгани ва ҳукумат билан жанг қилаётган террорчи гуруҳларни ўз мақолалари билан дастаклаётгани”ни даъво қилган эди.

Ҳукумат расмийсининг бу баёнотидан сўнг бир қатор мустақил нашрлар, жумладан, “Фараж” ва “Пайкон” мустақил рўзномалари, “Авесто”, “Тожнюс” ва “Тожикнюс” ахборот агентликларининг фаолияти бир муддат тўхтатиб қўйилди.

Аввалига бунинг сабабларини “техник муаммолар” билан изоҳлаган Тожикистон расмийлари, кейинчалик “мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” шундай чора кўрилганини тан олган эди.

Қайси рўзнома ёки ташкилот вакилисиз?

Айни пайтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бошлиқ ҳукумат мулозимлари мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгараётганини қайд этиб, буни давлат идоралари бошлиқлари ҳар уч ойда журналистларга матбуот анжумани бераётгани билан изоҳлайди.

Би-би-си мухбири Мардони Муҳаммад фикрича, минтақа давлатлари орасида фақат Тожикистонда йўлга қўйилган бу тадбир “шунчаки хўжакўрсинга бўлаётир”.

- Бир соат деб белгиланган бундай матбуот анжуманларида одатда вазирлар ярим соатлик, баъзида 40 минутлик доклад қилиб, мувофаққиятлари билан мақтанади, саволлар учун эса вақт қолмайди. Бордию муҳим савол берсангиз, шубҳа билан қарайди ва “Сиз қайси газетадан ёки ташкилотдан?” деб сўрайди, - дейди Би-би-си мухбири Мардони Муҳаммад.

Лидия Исамова: “Журналистларнинг ўзлари айбдор”

Россия “Новости” ахборот агентлигининг Душанбедаги мухбири Лидия Исамова ҳам сўнгги икки йил ичида Тожикистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашганига оид юқорида айтилганларга қўшилар экан, бунда журналистларнинг ўзларини айблайди.

- Кўпинча тожик тилидаги нашрлар сенсация ортидан қувиб, мамлакатда бўлаётган воқеаларга реал баҳо бермаётир. Кўпинча маълумотлар муаллиф номидан кетаяпти. Бу эса халқаро меъёрларга зиддир. Айрим журналистларнинг мамлакат жорий қонунларидан хабарсизлиги ва журналист этикасига риоя қилмаётгани боис улар матбуот хабарларини диққат билан кузатиб бораётган ҳуқуқ-тартибот идоралари босимига учраётир. Менимча, бунга кўп ҳолларда журналистларнинг ўзлари айбдор, - дейди Новости ахборот агентлиги ходимаси Исамова хоним.

Тожикистон матбуоти Ўзбекистонникига нисбатан эркинроқ

Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида бу йил ҳам Ўзбекистонни матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият энг ёмон бўлган ўнта давлат рўйхатига киритган Freedom Housе ташкилоти ўз ҳисоботларида Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон матбуоти Ўзбекистонникига нисбатан яхшироқ кўрсатгичга эгалигини таъкидлаб келади.

Бундай ижобий баҳо Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботларида ҳам учрайди.

“Нигоҳ” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Саймуддин Дўстов бу борада шундай дейди:

- Тожикистондаги матбуот эркинлигини Ўзбекистон ва Туркманистондагига нисбатан қиёслайдиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам бизда вазият нисбатан яхшироқ. Чунки Ўзбекистонда Ислом Каримов бошлиқ ҳукумат “ўйин қоидалари”ни олдиндан белгилаб қўйилган. Яъни ўзбек жамиятида Каримов ҳукумати танқидни умуман ҳазм қилолмайди. Бироқ Тожикистонда иқтидордаги ҳукумат, судлар ва қонун чиқарувчи идоралар фаолиятини танқид қилиш мумкин. Умуман олганда, агар бу икки қўшни давлатнинг демократия ва матубот эркинлиги йўналишидаги хусусиятларини таққослайдиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари Тожикистондагига нисбатан жуда фаол ва кўп ҳолларда ишларида яхши натижалар кузатилади. Тожикистонда эса журналистлар эркинроқ бўлгани ҳолда, ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил эмаслар, - дейди “Нигоҳ” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Саймуддин Дўстов.

Аснода Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари анжумани раиси Нуриддин Қаршибоев ўз идорасининг жорий йил тўрт ойи давомида ўтказган тадқиқотлари натижаларига таянган ҳолда, сўнгги пайтларда Тожикистонда оммавий ахборот воситаларига нисбатан тазйиқлар кучайгани ва қатор газеталар устидан ўтган йил бошлаган маҳкама ҳанузгача давом этаётганидан ташвиш билдирди.

Қаршибоевдаги маълумотларга кўра, Сўғд вилоятининг Ашт туманида нашр қилинадиган “Нури зиндаги” рўзномаси мухбири Муҳаммадюсуф Исмоилов ўтган йил ноябридан буён вақтинча сақлаш изоляторида тутиб турилибди. Унга маҳаллийчиликни тарғиб қилиш, пора талаб қилиш каби айбловлар қўйилган.
XS
SM
MD
LG