Линклар

logo-print

“Бин Ладин операцияси”ни бевосита Обаманинг ўзи кузатди


Обама ўз маслаҳатчилари билан Оқ уйдан туриб¸ Абботободдаги махсус амалиëтни кузатмоқда.

Обама ўз маслаҳатчилари билан Оқ уйдан туриб¸ Абботободдаги махсус амалиëтни кузатмоқда.

Айни пайтда Покистон расмийлари ўта махфий бу амалиëтдан мутлақ бехабар қолган.


Бундан тўрт йил аввал биргина одамнинг исмини очиқлашдан бошланган махсус операция 1 май куни саҳарда 40 дақиқа давом этган қуролли ҳужум билан якун топди. Ҳужум натижаси эса аниқ – Америка тарихидаги энг узоқ қидирилган шахс – Усама бин Ладин ўлдирилди.

Усама бин Ладиннинг чап кўзи ва кўкрагига тегиб¸ унинг ҳаëтига нуқта қўйган ўқ аслида йиллар бўйи тўхтовсиз давом этган разведка уринишларининг якуний мевасидир.

Бундан тўрт йил аввал АҚШ Марказий разведка бошқармасининг шарқий Европадаги ҳибсхоналаридан бирида сўроқ қилинган Ал-Қоида аъзолигида тахмин этилган тутқун Усама бин Ладиннинг ўз муридлари билан асосан битта шахс – Абу Аҳмад ал-Қувайтий лақабли энг ишонган одами орқали алоқа қилишини айтади.

Усаманинг изига тушишга АҚШ қамоғига ташланган Холид Муҳаммад ҳам ҳисса қўшган кўринади.
Сўроқ давомида на телефон ва на интернет орқали алоқанинг хавфсиз эканини англаган бин Ладинни ташқи дунë билан боғлаб турган асосий ип саналмиш ал-Қувайтийнинг 2001 йил 11 сенябр ҳужумларини уюштирганлик айби билан АҚШ қамоғида сақланаëтган Холид Шайх Муҳаммадга яқин экани ҳам ошкор бўлади.

АҚШ Намояндалар палатаси қошидаги Разведка қўмитаси раиси Майк Рожерснинг айтишича¸ ана шу маълумот Усама бин Ладиннинг садоқатли чопари бўлмиш ал-Қувайтий асл шахсиятини аниқлаш ва у орқали бин Ладин изига тушиш учун хамиртуруш бўлади. АҚШ разведка хизмати ходимлари ўтган тўрт йил давомида игна билан қудуқ қазиган каби¸ майда-майда ахборот парчаларини бир-бирига улаб¸ мисли кўрилмаган ҳамкорлик натижасида бин Ладиннинг изига тушдилар¸ дейди жаноб Рожерс.

Пентагон ва Марказий разведка бошқармаси раҳбарлари.
- Таҳлилчилар¸ алоқачилар¸ Марказий разведка бошқармаси агентлари¸ Миллий хавфсизлик агентлигидаги ходимларнинг парча-парча матоҳлардан қураган қуроғи охир-оқибат Усаманинг бўйнига ташланган сиртмоққа айланди ва жаҳондаги саноқли давлатнинггина қўлидан келадиган¸ агар шунақаси яна бўлса¸ ғаройиб амалиëт билан якун топди¸ дейди АҚШ Намояндалар палатаси қошидаги Разведка қўмитаси раиси Майк Рожерс.

Покистон пойтахти Исломоддан атиги 60 километр масофада¸ шундоққина Покистон қуролли кучлари штабининг бурнини тагида АҚШ Марказий разведка хизмати ва Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилган махсус амалиëт ҳақида ўз номи сир тутилиши шарти билан гапираëтган расмийларга кўра¸ Усама бин Ладиннинг ишонган алоқачиси саналган ал-Қувайтийнинг асл исми Шайх Абу Аҳмад экани 2007 йилга келиб тасдиқланaди. Орадан фақатгина икки йил ўтибгина¸ Абу Аҳмаднинг жуғровий жойлашуви Исломобод яқинида экани¸ 2010 йил августида эса Абу Аҳмаднинг Абботободдаги қўрғонда яшаëтгани юзасидан тахминларни ўрганиш жараëни бошланади.

Олти метрлик бетон девор ва тиканли сим билан ўралган уч қаватлик бу қўрғон тепасидаги балконнинг ҳам икки метрдан баландроқ девор билан тўсилгани бир қарашданоқ ғалати кўринади. Қўрғон ичкарисида яшовчиларнинг ахлатни кунига ëқиши ва уйга на телефон ва на интернет алоқаси киритилмагани эса АҚШ разведкачиларига янада ғалатироқ туюлади.

АҚШ маъмуриятининг юқори даражали вакилига кўра¸ бу қўрғоннинг ташқи дунëдан фавқулодда қаттиқ қўриқланаëтгани разведкачиларининг унда бин Ладиннинг садоқатли алоқачисидан-да муҳимроқ шахс яшаëтганини англашига асос бўлади.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Бреннаннинг айтишича¸ кузатувлар натижасида разведка таҳлилчилари Афғонистон ва Покистон чегаралари туташган тоғли ҳудудлардаги ғорларда яшириниб юргани тахмин қилиб келинган Усама бин Ладин айнан шу қўрғонда яшаëтган бўлиши мумкин¸ деган тўхтамга келадилар.

“Бир-биридан алоҳида олинган ахборот бир ерга жамланганда¸ Усаманинг ғор кавагида эмас¸ балки Покистон пойтахти яқинидаги махсус қўрғонда яшаëтганига оид хулосага элтди”¸ дейди жаноб Бреннан.

- Тўпланган ахборот натижасида биз бин Ладиннинг алоқачилари бўлган шахслар ҳақида ниҳоятда умумий хулосага келдик. Аммо вақт ўтиши билан¸ биз лақаблар ортидаги аниқ шахсларни¸ уларнинг қаерда нима иш билан машғуллигини аниқладик ва барча йўллар бизни Абботободади қўрғонга етаклади¸ дейди жаноб Бреннан.

2010 йил сенябрига келиб¸ Марказий Тазведка расмийлари бу қўрғоннинг махсус бин Ладин учун қурилгани ва бин Ладиннинг олти йилдан бери айнан шу ерда яшаëтгани ҳақида бир тўхтамга келадилар.

Обама миллий хавфсизлик командаси билан йиғин ўтказмоқда.
2010 йилнинг февралида бу хулоса президент Обамага тақдим этилади. Таҳлил натижаларидан қаноатланган президент разведка ва мудофаа раҳбарларига бин Ладинни қўлга олиш бўйича “агрессив ҳаракат”га қўл уриш учун рухсат беради.

- Биз тақдим этган маълумотларда бин Ладиннинг айнан шу қўрғонда эканини тасдиқловчи аниқ фактлар йўқ эди. Шу боис президент Обама замонавий тарихда президентлар томонидан қабул қилинган энг жасоратли ҳаракатга қўл урди¸ дейди АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Бреннан.

Март ойидан президент Обама бин Ладинни қўлга олиш операциясини ишлаб чиқиш юзасидан мунтазам мажлис ўтказишга киришади. Олти ҳафта ичида камида беш марта йиғилган бу мажлис иштирокчилари дастлаб Обамага қўрғонни бомбалашни таклиф қилишади. Аммо Обама қўрғонда камида 22 одам яшаëтгани ва улар ичида бин Ладиннинг борлиги 100 фоиз ўз тасдиғини топмагани боис¸ бундай таваккалчиликка боришни эп кўрмаган ва эҳтимолий қурбонлар сонини энг минимумга тушириш йўлини топишни буюради.

Ниҳоят 19 апрел куни президент Обама операциянинг АҚШ махсус кучлари – Денгиз тюленлари томонидан амалга оширилишига оид режани маъқуллайди.

Амалиëтни ташкиллаштиришнинг ана шу босқичида Покистон раҳбариятини бу режадан огоҳлантириш ëки огоҳлантирмаслик масаласи кун тартибига тушади. Аммо Усама бин Ладиннинг Покистон ҳукумати таркибида ҳам ўз одамлари борлиги борасидаги шубҳалар боис¸ бу амалиëтни расмий Ислободдан мутлақ сир тутишга қарор қилинади. Жон Бреннанга кўра¸ АҚШ расмийлари бин Ладин ўлдирилиб¸ унинг жасади солинган АҚШ учқичлари Покистон ҳаво ҳудудини тарк этмагунча¸ Исломодга бу ҳақда чурқ этмайдилар.

29 апрел куни Обама АҚШ Марказий Разведка бошқармаси раисига махсус амалиëтни ижро этиш ҳақида расмий рухсат беради ва амалиëтни бошқаришни бошқарма раиси¸ бир кун аввал Мудофаа вазирлигига тавсия қилинган Леон Панеттага топширади – бошқарманинг мажлислар зали Абботободдаги қуролли амалиëтнинг қўмондонлик марказига айланади.
Аввалига 30 апрелга белгиланган амалиëт¸ об-ҳавонинг ноқулай келгани боис¸ бир кунга кечиктирилади ва 1 май тонг саҳарда АҚШ денгизчилари қўрғон тепасида тўхтаган ҳарбий вертолëтдан арқон билан ерга тушади.

Қўриқчилар билан тўқнашувдан сўнг қўрғонга кирган денгизчилар бин Ладин кескин қаршилик кўрсатгач¸ уни отишга мажбур бўлади. Чап кўзига теккан биринчи ўқ¸ бин Ладин бошининг бир қисмини учириб юборади¸ кўкрагига теккан ўқ эса¸ уни ер тишлатади. Амалиëт Оқ уйга йиғилган Миллий хавфсизлик гуруҳи ва шахсан президент Обама томонидан жонли тарзда томоша қилинади.

- Биз бу амалиëтни бошидан охирига қадар жонли тарзда кузатишга муваффақ бўлдик. Бу Оқ уйдаги махсус хонага тўпланган одамлар ҳаëтидаги энг асабий дақиқалар эди¸ дейди ўзи ҳам шу хонада бўлган Жон Бреннан.

АҚШ махсус кучлари бу қўрғондаги манзарани суратга олиб¸ имкон қадар ашëвий далил йиғиб¸ бин Ладин жасадини олиб¸ уларни олиб кетишга келган ҳарбий вертолëтда амалиëт жойини тарк этади.

АҚШ разведкачиларининг қаерда эканини аниқлаши учун 10 йилдан кўпроқ вақт кетган Усама бин Ладин¸ шу тарзда 40 дақиқача давом этган амалиëт натижасида маҳв этилади.

Айни соатларда Оқ уй¸ Араб денгизи остига кўмилгани айтилаëтган бин Ладиннинг сўнгги – ниҳоятда қонли суратларини жамоатчиликка ошкор-қилиш-қилмаслик масаласини муҳокама қилмоқда....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG