Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:27

Халқаро комиссия хулосаси баҳсга сабаб бўлмоқда


Бишкек расмийларига қирғиннинг аксар қурбонлари ўзбеклардир¸ деган хулосаси ва берган тавсиялари ëқмаëтир.
Бишкек расмийларига қирғиннинг аксар қурбонлари ўзбеклардир¸ деган хулосаси ва берган тавсиялари ëқмаëтир.

Ўш қирғинини ўрганган мустақил комиссия хулосасини кимдир объектив деса¸ кимдир уни тарафкашлик демоқда.

2010 йилнинг июнида Қирғизистон жанубида амалга оширилган зўравонликларни ўрганган Халқаро комиссия ҳисоботига Қирғизистондаги “Ата Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев муносабат билдирар экан, жумладан бундай деди.

- Халқаро комиссиянинг фикрини ҳурмат қиламан. Лекин бу фикрлар тавсиягина¸ холос. Ҳисоботдаги баъзи нуқталар эса, менимча, комиссия аъзоларидан баъзиларининг шахсий фикри. Ва комиссиянинг бундай тавсиялар беришга ҳаққи йўқ эди. Хусусан, улар мамлакат номини ўзгартиришни тавсия қилишган (“Қирғиз республикаси” эмас, “Қирғизистон республикаси” қилиб – таҳр.) Менимча, бу асосланмаган таклиф. Менимча, республикамиз номи турли халқларнинг қадрини ерга урмайди. Бу бизнинг суверен ҳуқуқимиз ва у Қирғиз республикаси, деб номланади, деди Ўмурбек Текебаев.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси 2010 йил 11 июнидан кўп ўтмай ўзининг “Ўш гуруҳи”ни тузган. Мазкур гуруҳ Қирғизистон жанубидаги вазиятни диққат билан кузатиб, йиққан маълумотларини халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб келмоқда.

Гуруҳ раҳбари Надежда Атаева Халқаро комиссия ҳисоботи матни билан тўла танишишга улмурмаганини айта туриб¸ ҳисобот тўғрисидаги хабарлардан пайдо бўлган фикрини изҳор қилди.

- Маълум бўлишича, Халқаро комиссия июн воқеаларини инсонийликка қарши жиноят, деб баҳолаган. Шубҳасиз, биз бу баҳога қўшиламиз. Можаро пайтида жабрланганларнинг кўпчилигини ўзбеклар ташкил қилди. Биз нафақат фожиа кунларидаги оммавий қирғинда, балки ундан кейин ҳам қанча одам ўлганини, афсуски, ҳанузгача билмаймиз. Судланувчиларга уларнинг миллатидан келиб ёндошаётган судлов органларига Халқаро комиссия берган баҳоларга ҳам қўшиламиз. Афсуски, Қирғизистон ва Ўш шаҳри раҳбариятида ҳануз аҳоли хавфсизлигини таъминлай олмаган кишилар ўтирибди, дейди Надежда Атаева.

“Ўтюраклар” Инсон ҳуқуқлари халқаро клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева АҚШ Давлат департаментининг бу йилги "Жасоратли аёл" мукофотидан воз кечган ва ўзининг бу қадамини мазкур мукофотнинг Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаевага ҳам берилаётганидан норозилик ифодаси сифатида изоҳлаган эди. Мўътабар Тожибоева бундай деди:

- Ҳисобот эълон қилингандан кейин эълон қилинган хабарлар билан танишдим. Бу ердаги хабарлардан мен ўзим шундай хулосага келдимки, халқаро комиссия барибир етарли даражада текширув олиб бориш имкониятига эга бўлмаган. Тўлиқ текшириш олиб бормаган¸ деб айтишим мумкин.

Озодлик: Қайси масалаларда текшириш ўтмаган?

- Мисол учун¸ бу ерда айнан матбуотларда, билмадим балки ўша эълон қилинган ҳисоботда баëн қилингандир, лекин мана шу халқаро комиссия раҳбарининг журналистлар саволларига берган жавобларига асосланиб айтадиган бўлсам, бу ерда ҳарбийларнинг ўз ишига бефарқ қараганлиги, вазиятга жиддий баҳо бермаганлиги, инсонларни ҳимоя қилиш эмас биноларни ҳимоя қилиш, ҳукумат биноларини ҳимоя қилиш билан банд бўлганлари ҳақида гапирган. Лекин бир томони борки, ҳарбийларнинг ҳарбий техникалари, танклари, қуроллари ўзидан ўзи оломоннинг қўлига тушиб қолмайди-ку. Буни лоқайдлик, бефарқлик ëки ўз вазифасига совуққонлик деб айтилмайди-ку.

Озодлик: Нима деб айтилиши керак?

- Буни тўлиқ нима деб айтилишини айта олмайман. Шахсан мен ўзимнинг тилимда айтган бўлардимки, бу ўзининг вазифасига, ўзининг лавозимига қилинган хиëнат¸ деб айтган бўлардим. Бу қотиллик жиноятига шериклик, оммавий қирғин жиноятига шериклик қилган деб айтган бўлардим, дейди “Ўтюраклар” Инсон ҳуқуқлари халқаро клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева.

Қирғизистон республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси вакили Гулсара Алиева комиссиянинг қирғинда ҳарбийларнинг иштироки ёки улардан қурол тортиб олиниши юзасидан хулосасига муносабат билдирар экан:

- Халқаро комиссия, фикримизча, ўша кунлардаги вазиятнинг оғирлигини , хусусан тўпланган одамлар томонидан ҳарбийлар қуроли тортиб олиниши масаласидаги шарҳида ҳисобга олмаган. Чунки, вазият шундай эдики, Олой, Чўнголой туманлари ва бошқа туманлардаги қишлоқлардан Ўшга етиб келганлар шаҳарнинг баъзи жойларида баррикадалар ортидан отилган ўққа дуч келди. Ва мана шундай вазиятда сони жиҳатидан етарли бўлмаган ҳарбийлар қуролни тортиб олишга уринган бир неча минг киши билан юзма-юз келиб қолган эди, дейди Қирғизистон республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси вакили Гулсара Алиева.

“Ўш ташаббуси” Ўш қирғинидан кейин ўзбекистонлик ва қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тузган гуруҳдир. Гуруҳ вакили ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов Халқаро комиссиянинг ҳисоботи юзасидан фикр билдирар экан, гапни тилга олинган ҳужжатга Қирғизистон ҳукумати муносабатидан бошлади.

- Биз ўйлаймизки, ушбу ҳолатда Қирғизистон ҳукумати халқаро комиссияни, умуман олганда объектив деб ҳисобланиши мумкин бўлган ҳисоботининг асосий тавсияларини тан олмаган ва энг асосий урғуни “Комиссия шу воқеанинг айбдорларини ва энг кўп азият чеккан қурбонлар сонини аниқлаштираëтганида, холислик сари бормаган, кўпроқ ўзбеклар тарафида бўлган” деган хулосага келаяпти. Бу бизга бир далолат бериши мумкинки, Қирғизистон ҳукумати ҳозирги ҳолатда нима қилиб бўлса ҳам бўлиб ўтган воқеаларни унутиб, айбдорларни топиш, уларни жазолаш этапидан кўпроқ тинчлантириш, икки тарафни бир-бирига олиб келиш, тинчлик, муросаларни бошлаш тарафдори. Кўпроқ шу фазасига ўтиб кетмоқчи Қирғизистон ҳукумати.

Иккинчи тарафдан, биз тушунишимиз керак халқаро комиссиянинг иши жуда ҳам мушкул бўлди мана шу ҳолатда. Бу Марказий Осиëда биринчи марта мана шунақа текширув ўтказилиши. Иккала тарафга ҳам маъқул бўладиган умумий хулосага халқаро комиссиянинг келиши жуда бир қийин масала. Биз буни аввалдан ҳам кутмаган эдик.

Озодлик: Шу қийинчиликдан халқаро комиссия қандай чиқди, деб ўйлайсиз?

- Илгари мана биз "Ўш ташаббуси" номидан бир неча ҳозирги комментарийларимизда ҳам, халқаро комиссияга қаратилган комментарийларимизда ҳам, унинг хулосасининг эълон қилинишининг чўзилиб кетаëтганлигини танқид остига олганимизда ҳам, шуларни кузатган ҳолда ҳам биз ҳозирги пайтда тан олишга мажбурмиз халқаро комиссия мана шу вазифанинг уддасидан чиққан. Ҳисоботнинг ҳамма асосий пунктларини биз кўздан кечириб чиқдик. Тўлиқроқ тарзда биз эрта-индин тайëрлаб берамиз.

Лекин ҳозир айтишимиз мумкин - ҳисобот жуда объектив ва унда ҳозирги пайтдаги имкони мумкин бўлган энг асосий талаблар қўйилган. Комиссиянинг ўзининг мандатидан келиб чиқиб комиссия фақат сиëсий сабабларини текшириш мандатини қўлга киритганида, ҳеч қанақа бир жиноятларни ëки айбдорларни аниқлаш унинг вазифасида йўқ эди бошидан. Шунинг учун ҳозирги пайтда берилган тавсияларнинг ўзини биз жуда яхши, объектив деб ҳисоблаймиз.

Комиссия охирги тавсияларида айтаяпти. Шу тавсияларни бажаришини ким назорат қилиши мумкин, иккита-учта ташкилотларнинг номини айтиб ўтаяпти. Агар берилган тавсияларнинг ўзининг бажарилишини биз назорат қила олсак халқаро ташкилотлар ëрдамида, унда биз ўйлаймизки, мана шу бўлиб ўтган воқеалар бўйича озми кўпми адолатга эришилган бўлади, дейди Ўш ташаббуси гуруҳи вакили Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG