Линклар

Дунëда матбуот эркинлиги энг кўп бўғилгани айтиладиган Ўзбекистон журналистлари ана шу ишончда ҳамон собитлар.

3 май - Халқаро сўз эркинлиги куни.

Бу кунда сўз ва ифода эркинлиги билан боғлиқ муаммоларга қайта назар солинади, овози бўғилганлар, ҳақ сўзни айтгани учун қамоққа ташланган журналистлар яна бир эсга олинади.

Энг муҳими сўз эркинлиги демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири экани яна таъкидланилади.

Дунëда сўз эркинлиги таъминланган мамлакатлар сонидан кўра сўз эркинлиги бўғилган мамлакатлар сони озроқ.

Шимолий Корея, Куба, Туркманистон, Беларус...

Ўзбекистон ҳам сўз эркинлиги бўғилган мамлакатлар ўнлигида¸ мана 20 йилдирки¸ собит ўрин олиб келмоқда.

Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов ("Эрк" газетасида ишлашган¸ 1999 йил қамоққа олинган), Ғайрат Мехлибоев ("Ҳуррият" газетасида ишлаган¸ 2002 йил қамалган), Жамшид Каримов (Uznews.net нашрида ишлаган¸ 2006 йил руҳий xастахонага ташланган), Солижон Абдураҳмонов (Uznews.net журналисти¸ 2008 йил қамоққа олинган), Дилмурод Саййид (Мустақил журналист, 2009 йил қамоққа олинган) ҳозирги кунгача ўзбек қамоқхоналарида қолмоқда.

Бу рўйхатни Экстремал журналистика маркази эълон қилди.

Нега бугун Ўзбекистон сўз эркинлиги бўғилаëтган, журналистлар қамоқда жазо ўтаëтган мамлакатга айланди?

Ахир бундан 20 йил олдин оддий ўзбек журналисти Дадахон Нурий СССР Мудофаа вазирлиги генераллари иродасига қарши бориб, ўз мақолалари билан Бўстонлиқ ва Сергелида қурилажак кимë ва алюмин заводларини тўхтатишга муваффақ бўлган эдику!

Бундан 20 йил олдин уч нафар ўзбек журналисти собиқ иттифоқда илк мустақил ҳафталик газетани юз минглаб тиражда нашр қила олган эдику!

Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги вазияти билан боғлиқ саволларни таниқли журналист Дадахон Нурий, Ўзбекистон радиоси ходими Нарзулло Охунжонов, Ўзбекистон телевидениесидаги цензурага қарши бош кўтарган, 2008 йилги “Олтин қалам “ мукофоти совриндори Саодат Омонова ва Ўзбекистондаги илк мустақил “Муносабат” газетасини ташкил қилгани учун Ўзбекистондан қувилган Фахриддин Худойқуловга бердик.

“Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўлиши учун эркин жамият бўлиши лозим.
Кислородсиз муҳитда ҳаëт бўлмагани каби¸ ëпиқ муҳитда сўз эркинлиги бўлиши мушкул. Агар Ўзбекистонда сўз эркинлиги учун бадал тўлаган, қурбон берган бириси бўлса, у менман”, дейди Ўзбекистондаги илк мустақил “Муносабат” газетасини ташкил қилгани учун Ўзбекистондан қувилган Фахриддин Худойқулов.

“Ўзбекистонда журналистика машаққатлар оша эркинлик сари интилмоқда”, дейди Ўзбекистон радиоси ходими Нарзулло Охунжонов.

Самарқандлик зиëли йигит Холисбек ўзбек матбуотини кесмайдиган пичоқ ëки ëнмайдиган гугуртга менгзайди ва “бу йилги “Олтин қалам” мукофоти Абдураҳмон Ташанов, Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновага берилиши керак эди”, дея таклиф билдирди.

Холисбек “Олтин қалам” мукофотига лойиқ деб айтган исëнкор журналист Саодат Омонова эса¸ бугун Ўзбекистонда эркин сўз айтиш учун чоғланган тилларни кесиш учун қайчилар борлигини айтади.

Бугун байрам куни касалхонада муолажа олаëтган кекса журналист Дадахон Нурийни йўқлаб ҳол-аҳвол сўрадик. Дадахон Нурий журналист жасоратининг нималарга қодир эканини ўз мисолида хотирлар экан¸ ўзини Горбачев ҳуррияти руҳлантирганини таъкидлади.

“Аммо Горбачев ҳуррияти тугаб, мамлакатда сўз эркинлиги ва умуман эркинликлар бир-бир тугай бошлар экан, зулматга қарши туриш учун ëлғиз жасоратнинг ўзи етмай қолди ва биз журналистлар мамлакатдан қочиб хориж ўлкаларидан бошпана олдик”, деб эслайди журналист Фахриддин Худойқулов.

Ўзбекистон радиоси ходими Нарзулло Охунжонов эса Ўзбекистонда журналистлар кўп нарса қила олишига ишонишини билдирди.

Немис шоири Ҳенриҳ Ҳейне “Агар итнинг оғзини бойлаб қўйсангиз, у орқаси билан ҳуради” деб ëзган эди.

3 май - Халқаро матбуот эркинлиги кунида суҳбатлашган журналистларнинг ҳаммаси сўз эркинлигини бўғиб бўлмаслигини айтишди ва ўз маслакдошларини байрам билан табриклашди.

Эшиттириш билан тўлиқ ҳолда қуйида танишишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG