Линклар

Тожикистон жанубида ваҳшиёна қотиллик бўйича жиноят иши ниҳоясига етказилиб, Хатлон вилоят судига оширилди.

Хатлон вилоят прокуратураси масъулларининг айтишича, тергов жараёнида гумонланувчи ўзига қўйилаётган айбларга иқрор бўлган.

Тожик жамиятини ларзага солган жиноят

Ўтган йил сўнгида мамлакат жанубида содир этилган қотиллик Тожикистонда кескин қораланганди.

Ўша фожеадан тўрт ой ўтиб, 1200 саҳифадан иборат жиноят иши Хатлон вилоят судига оширилди.

Қўрғонтепа шаҳрининг Дзержинский кўчасида яшаган 9 ёшли Шоҳжаҳон, 13 ёшли Лобар ва 15 ёшли Наргиз декабр ойида баданига бир неча марта пичоқ урилиши натижасида жон таслим қилганди.

Ўша воқеадан сўнг қурбон бўлган болаларнинг отасига шогирд тутинган 18 ёшли Фирдавс Саидов шу жиноятда қўли борликда гумонланиб, милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

“Одам ўлдиришни кинолардан ўрганганман”

Дастлабки тергов жараёнида Фирдавс Саидов иқрорлик кўрсатмаси берган.

- Ҳар пичоқ санчганимда Шоҳжаҳон фиғон қилиб, ортиқ қийнамаслигимни илтимос қиларди. Лекин мен ўзимни назорат қила олмадим, аксинча, уни ўлдириш истаги кучаярди. Лобарни ўлдираётганимда эса пичоқ синди, уни ёстиқ билан бўғдим. Қўрқдим. Пулларни олиб уйдан чиқаётганимда, Наргизга дуч келдим. Гувоҳ қолдирмаслик ниятида унга ҳам ҳужум қилдим. Одам ўлдиришни кинолардан ўргангандим, - дейди бир кунда бир оиланинг уч фарзандини ваҳшийларча ўлдирган Фирдавс Саидов.

“Фирдавс фақат қотилгина эмас”

Мазкур иш юзасидан тергов олиб борган Қўрғонтепа шаҳар прокуратураси терговчиси Абдулмўмин Кабировнинг маълум қилишича, Фирдавс Саидов қотиллик билан бирга Тожикистон Жиноят кодексининг яна беш моддаси, жумладан, зўрлаш, қаллоблик ва безориликда ҳам гумонланмоқда.

- Тергов жараёнида бир нечта фуқаро прокуратурамизга ариза билан мурожат қилиб, унинг катта миқдорда қарз олгани ва қайтариб бермаганидан шикоят қилди. Қарзга олинган маблағлар ҳажми катта бўлиб, энг камида 10 минг сомонийни (2,2 минг АҚШ доллари - таҳр.) ташкил қилади. Фирдавс Муҳаммаджонович Саидов тадбиркорлар, саноат ва озиқ-овқат моллари ширкатларидан қарз эвазига маҳсулот олиб, бозорга чиқарган. Ўз фаолияти давомида у тахминан 100 минг доллар қарздор бўлиб қолган. Айнан шу қарздорлик уни шундай катта фожиага еткалаган, - дер экан терговчи Кабиров жаноблари Фирдавс Саидов уч нафар балоғат ёшига етмаган болани ўлдирганлиги тергов вақтида тўла исботланганини билдирди.

Фирдавс устозининг фарзандларини ўлдирган

Асли душанбелик Фирдавс Саидов сўнгги бир неча йил давомида Қўрғонтепа шаҳрида тижорат билан шуғулланган.

У тижорат сирларини Олим Бекназаровдан ўрганиб, ҳатто бу оилага фарзанд ҳам тутинган бўлган. Бекназаровлар даромадидан яхши хабардор бўлган ва уларнинг ишончига кирган.

Ёш умри хазон бўлган болаларнинг отаси Олим Бекназаров Фирдавсга тижорат сирларини ўргатиш баробарида унга кўплаб марта қарзга пул ҳам берганини айтади.

Бу мудҳиш фожеадан сўнг болаларининг онаси билан ҳанузгача ўзига кела олмаётганини айтаркан, бечора ота ўзини фарзандларининг тақдирига лоқайдликда айбламоқда.

Маълум бўлишича, Фирдавс Саидов қотиллик баробарида Бекназаровлар уйидан икки минг АҚШ доллари ва яна саккиз минг сомоний (тахминан 1800 АҚШ доллари - таҳр.) миқдорида пул ўмарган.

Аснода оқловчи Алишер Файзуллоев ўз ҳимоясидаги шахс Фирдавс Саидов Олим Бекназаровнинг фарзандларини болалар ўлимидан манфаатдор шахслар босими остида амалга оширганини даъво қилмоқда. Яъни, оқловчига кўра, Фирдавс бу жиноятни якка ўзи содир қилмаган.

Бироқ терговчилар тергов жараёнида Фирдавс Саидов оқловчисининг иддаолари тасдиқланмаганини билдирар экан, бу фақат унга жазо чоралари енгиллаштирилиши мақсадида қилинаётганини қўшимча қилдилар.

Уч ўсмирнинг умрига зомин бўлган Фирдавс Саидов устидан маҳкама иши жорий ой сўнгига қадар кўриб чиқилиши тахмин қилинмоқда.

Терговчи Кабировнинг айтишича, агар маҳкама жараёнида қотилликда гумонланаётган Фирдавс Саидовнинг айблари тўла тасдиқланса, у умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG